Жамият | 01:17 / 17.06.2020
43351
5 дақиқада ўқилади

«Эркакларнинг деярли ярми иш излаб кетди» — Жондордаги жонсизланаётган қишлоқ муаммоси

2000-йилларгача бу қишлоқдан бирор киши оиласини ташлаб четга кетмаган. Чунки, бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Улар ўзи етиштирган кўкатлар, мева-чева, картошка, помидор, айниқса, қовун-тарвуздан яхши даромад кўришган.

«Аммо 2005 йиллардан сув танқислиги кучайиб боравергач, бу даромадлардан айрилдик, қишлоғимиз эркакларининг қарийб ярми Россия ва бошқа давлатларга иш излаб кетди...», — дейишди ягона тирикчилиги бўлган томорқа экинлари сувсизликдан қуриб қолаётган Бухоро вилояти Жондор туманидаги Раҳимобод қишлоғида яшовчилар.

Деҳқончилик қила олмаётган, даромадсиз қолаётган аҳоли ўзлари билган деярли барча ташкилотларга мурожаат қилиб келмоқда. Аммо бир неча йилдирки, сув ўрнига даста-даста жавоб хатлари келмоқда.

Таассуфки, жавоб хатлари билан одамларнинг ҳам, экинларнинг ҳам чанқоғи босилаётгани йўқ.

Очиғини айтиш керак, маҳаллада бўлганимизда айрим фуқаролар аччиқ сўзлар билан дардини айтди:

«Томорқага жуда катта эътибор қаратиляпти, дейишади. Ҳатто томорқасидан яхши фойдаланмаётган фуқароларга жарима солиш ҳам таклиф қилинган экан. Агар шунчалик эътибор бўлса, нега бизнинг ҳар йили қуриб қолаётган томорқаларимизга ҳеч ким қизиқмайди? Нега жарима дафтарини кўтариб келмайди бу ерга, томорқа ҳақида маъруза ўқимайди?

Модомики, томорқасига қарамаган фуқарони жаримага тортиш керак экан, юзлаб аҳолининг қуриб кетган экинларига бепарволик учун ҳам чора кўрилмайдими?»

Бундан 15 йиллар олдин аҳолининг яна бир даромади чорвадан бўлган. Ҳар бир хонадонда 7-8та қорамол, 6-7тадан қўй-эчки боқилган. Бугун эса оғилхоналар ҳувиллаб қолган.

Чорва бўлмаса-да, ерларда беда экилгани бизни таажжублантирди. Билсак, сувсизликка чидамли, ойлаб сув ичмаса-да нобуд бўлмай турадиган ягона экин тури шу экан.

Шу қишлоқда яшовчи Насрулло Жумаевга кўра, 2000 йилларда сув таъминоти яхши бўлганининг сабаби – қишлоқда 3та насос ишлаб турган. Кейинчалик бу иншоотлар эскириб, ишдан чиққан ва янги насос умиди 10 йиллар давомида рўёбга чиқмаган.

Маҳаллада 700тача хонадон бўлиб, асосан 500та хонадон сувсизлик муаммосидан қаттиқ азият чекади. Умумий ҳисоблаганда 300 гектарча ерга сув чиқариш керак. Хўш, ана шу 300 гектар ерга сув бериш ростдан ҳам имконсизми?

Жондор туман ҳокимлиги вакиллари муаммонинг бир неча ечимини санаб берди. Бироқ...

Ҳокимликка кўра, муаммони ҳал этиш учун 9 километрдан ариқ қазиб келиш керак.

Иккинчи вариант – қишлоқда иккита катта насос ўрнатиш.

Аммо бу ишлар учун катта маблағ керак бўлгани учун бошқа ечимга тўхталиб туришибди. Чунки насосларнинг ҳар бири учун 600 миллион сўм маблағ керак экан.

Бошқача айтадиган бўлсак, тарозининг иккита палласи айни пайтда қуйидагича турибди: ё 1 миллиард 200 миллион сўм, ёки 700та хонадоннинг барбод бўлган тирикчилиги! Узоқ йиллардан буён биринчи палласи тош босиб турибди.

Маҳаллий ҳокимлик танлаган учинчи, камроқ харажат талаб этадиган йўл аҳолига ёқмай турибди. Чунки бунда Раҳимобод ва қўшни қишлоқдаги сув билан яхши таъминланган фермер хўжаликлардан қишлоққа сув тортиб келиш режалаштирилган. Бу лойиҳага ишончсизликнинг сабаби шундаки, ўша фермерлардан олиб келинадиган сув, ерлари қақраб ётган яна 6та фермер ерларидан ўтиши керак. Бу тарзда қишлоққача сув етиб келишига одамларнинг кўзи етмаяпти. Эҳтимол, ҳокимлик муаммонинг бу томонларини ҳам ҳисобга олгандир. Нима бўлганда ҳам муаммо аҳолининг бўғзигача келиб бўлган.

Дарвоқе, аҳоли бу масала бўйича вилоят ҳокимлигига ҳам, бошқа идораларга ҳам ҳар йили мурожаат қилганини айтдик. Наҳотки, шунча вақт давомида муаммони Бухородаги раҳбарлардан ҳеч ким ҳис этмаган?

Аслида раҳимободликлар бир қанча муаммолар ҳақда ёзганди. Қишлоқдан сал нарида улкан чиқинди полигони бор. Чиқиндилар утилизация қилинмаслиги, қайта ишланмаслиги, кўмилмаслиги, йўқ қилинмаслиги аҳолини анча чарчатган. Чунки бу ҳолат антисанитар ҳолатни юзага келтирмоқда.

Камига полигонга ҳар куни юк машиналарда қишлоқ оралаб чиқинди ташилади ва ҳар бир машина ўтганида йўлдан кўтарилган чанг ярим соатгача тарқалмайди. (Ҳокимлик топшириғи билан 13 июндан йўлга икки маҳал сув сепиш амалга оширилаётган экан).

Йўлнинг ҳам аҳволи бир нави. Аммо мутасаддиларимиз ҳозирча бу қишлоқнинг энг оғир муаммоси — сув масаласидан чалғимаслиги учун бошқа масалаларни қисқа қилдик. Чунки сув ҳозир раҳимободликлар учун ҳаводек зарур.

Анвар Мустафоқулов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид