Жаҳон | 21:18 / 17.06.2020
6170
2 дақиқада ўқилади

Гондурас президенти ва унинг рафиқасида коронавирус аниқланди

Гондурас президенти Хуан Орландо Эрнандес ва унинг рафиқаси Ана Гарсия Кариас коронавирусга чалинди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди. 

Фото: Fox News

Президентнинг таъкидлашича, ўтган дам олиш кунлари у ўзини бетоб ҳис қилган. Шундан кейин унинг коронавирусга топширган тести мусбат натижа берган. Эрнандес бу вазият унинг масофадан туриб ўз мажбуриятларини бажаришига халақит қилмаслигини айтган. Бироқ президент қаердан – ўз қароргоҳидан, президент уйидан ёки ҳарбий госпиталдан ишлашига аниқлик киритмаган.

Гондурас раҳбари даволанишни бошлаб юборгани ва айни вақтда ўзини яхши ҳис қилаётганини маълум қилган. “Менга дам олишни тавсия қилишди, бироқ мен ўз ишимни давом эттираман ва ходимларим орқали электрон кўринишда кўрсатмалар бериб бораман. Бошқача айтганда, мен алоқада қоламан”, деб таъкидлаб ўтган Эрнандес ва аҳолини коронавирусга чалинмаслик учун барча эҳтиёт чораларини кўришга чақирган.

Таъкидлаш жоиз, Эрнандес ва унинг рафиқаси Лотин Америкасида коронавирусга чалинган илк президент жуфтлиги бўлди.

Охирги маълумотларга кўра, Гондурасда ҳозирда 9,6 минг киши коронавирусга чалинган, улардан 330 нафари вафот этган.

Мавзуга оид