Ўзбекистон | 18:49 / 17.06.2020
9607
2 дақиқада ўқилади

«Сариқ» ҳудудларда ҳам ўқув марказлари фаолиятига рухсат берилиши мумкин

Ўзбекистонда «сариқ» ҳудудлардаги ўқув марказлари ҳам қайта фаолият юритиши учун таклиф берилган. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимова маълум қилди.

Инспекция вакилининг маълум қилишича, таълим инспекциясига «сариқ» ҳудудларда ҳам ўқув марказлари фаолиятини қайта тиклаш мумкин ёки йўқлиги борасида мурожаатлар юборилган.

«Айни пайтда ОТМларга қабул жараёнлари бошланаётгани сабабли ва абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида «сариқ» ҳудудларда ҳам санитария гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқув марказлари фаолиятини ташкил этиш бўйича Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Республика махсус комиссиясига таклиф киритилди.

Республика махсус комиссияси «сариқ» ҳудудлардаги ўқув марказларига қайта фаолият юритишга рухсат бергандан сўнггина улар ишлаши мумкин бўлади. Шунинг учун ҳозир «сариқ» ва «қизил» ҳудудлардаги ўқув марказларида масофавий таълим шаклини ташкил этишни тавсия қиламиз», дейди Феруза Мадраҳимова АОКАда ўтказилган брифингда.

Маълумот учун, махсус комиссия томонидан «яшил» ҳудудларда ўқув марказлари фаолиятини санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда қайта тиклашга рухсат берилган.

Мавзуга оид