Жамият | 01:43 / 17.06.2020
71366
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда белгиланган қоидаларга зид ўтказилган тўй туфайли 250дан ортиқ киши карантинга олинди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов маҳаллий телевидениеда чиқиш қилиб, вилоятдаги эпидемиологик вазият ва коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

«Минг афсуски, вилоятдаги айрим раҳбар ва ходимларнинг, фуқароларимизнинг карантин қоидаларига қатъий риоя қилишдаги эътиборсизлиги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг кескинлашувига сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, вилоят ташкилотларининг бирида карантин қоидаларига риоя этилмаганлиги, яъни ходимларнинг ишга келишида термометрия қилинмаганлиги, антисептик воситаларидан фойдаланилмаганлиги, 2 метрлик ижтимоий масофа сақланмаганлиги, ниқоб тақиш ва дизенфекция ишлари амалга оширилмаганлиги натижасида Тошкент шаҳрида хизмат сафарида бўлиб қайтган бемор ходим ишга чиқиб, ҳамкасабаларига коронавирус инфекциясининг юқишига сабабчи бўлган.

Бунинг натижасида ушбу бемор билан мулоқотда бўлган 300 нафардан ортиқ фуқаро бугунги кунда карантинга олиниб, 9 нафарининг ушбу касалликка чалинганлиги тасдиқланди. Яна бир нечта фуқарода ушбу касаллик гумон қилинмоқда», — деди Тўра Боболов ўз чиқишида.

Тўй ва маъракаларнинг белгиланган талаблар бўйича ўтказилмагани оқибатида ҳам фуқаролар карантинга олинаётганига тўхталган вилоят ҳокими Музработ туманида ўтказилган тўйда белгиланган қоидаларга амал қилинмаганлиги натижасида 250дан ортиқ фуқаро карантинга олинганини айтиб ўтган.

Вилоят вилоятда айни кунларда 4118 нафар фуқаро карантинга олингани, уларнинг 298 нафари тиббиёт муассасаларида, 678 нафари сиҳатгоҳ ва махсус биноларда, 3142 нафари эса ўз уйларида кузатувда бўлиб тургани маълум қилинди.

«Энг ёмони — коронавирус инфекцияси аҳоли орасида аниқланяпти. Улар касалликни айнан қаерда юқтирганини, касаллик манбайини аниқлаш қийин бўляпти.

Кузатилаётган эпидемик вазиятни ҳисобга олиб, биз бугундан (16 июндан — таҳр.) вилоят маркази Термиз шаҳрига кириб-чиқишни тўхтатдик ва бир қатор юмшатишларни бекор қилдик.

Эпидемиологик вазият муракаб бўлган Термиз, Денов, Музработ, Шўрчи, Қумқўрғон ва Бойсун туманларида ҳам карантин талабларини қатъийлаштирамиз», — деган Тўра Боболов.

Мавзуга оид