Жамият | 16:55 / 18.06.2020
34601
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фарзанд асраб олиш жараёни осонлаштирилиши мумкин

Ўзбекистонда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича йўл харитаси тасдиқланди. Унга асосан, чақалоқ савдосига қарши курашиш доирасида фарзандликка олиш тартибини соддалаштириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева бола асраб жараёнида жуда кўп бюрократик тўсиқлар борлигини таъкидлади.

«Чақалоқ савдосининг давом этаётгани сабабларидан бири – боласи йўқлар сотиб оляпти. Чунки фарзандликка олиш жараёнида жуда ҳам кўп бюрократик тўсиқлар мавжуд. Мазкур тўсиқларни йўқотиш, жараённи соддалаштириш масаласи кўриб чиқилади», деди Норбоева комиссиянинг 17 июнь кунги мажлисида.

Таъкидланишича, чақалоқ савдосининг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилган ҳолда унга қарши кураш ишларини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.

Йиғилишда берилган маълумотга кўра, 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган, лекин бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ ҳолатлар юқорилигича қолмоқда: 2018 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Kun.uz фарзандликка олиш жараёнидаги мураккабликлар, йиллаб навбат кутиш ва коррупция ҳолатлари мавзусида мақола эълон қилган эди.

Мавзуга оид