Ўзбекистон | 21:29 / 18.06.2020
11416
7 дақиқада ўқилади

«Президент мактабларининг аксарият хорижлик муаллимлари карантин даврида ҳам Ўзбекистонда қолиб дарс ўтишди» – Сарвар Бобохўжаев

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бобохўжаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда пандемиянинг таълим соҳасига таъсири, нима учун имтиҳонлар кейинги йилга қолдирилгани, галдаги режалар ҳақида сўз юритди.

– Мамлакатда кузатилаётган эпидемиологик вазият туфайли Президент мактабларига имтиҳонлар қолдирилгани маълум қилинди.. Уларни онлайн ўтказиш ёки шунга ўхшаш бошқа муқобил вариант топиш мумкин эмасмиди?

– Агентлик ўз фаолиятини ўтган йил сентябрь ойидан бошлаган. Шу даврдан бошлаб, Тошкент, Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларида жами 4 та Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади. Бу мактаблар учун имтиҳонни ташкиллаштиришдаги энг асосий мезон шаффофликдан иборат. Ва уларнинг имтиҳонларини ўтказиш жараёнига хориждан малакали мутахассислар жалб этилади.

Ўтган йилги қабулда Президент мактабларида ўқиш истагини билдирган 28 мингдан ортиқ ўқувчи ҳужжат топширган. Ва биз 4 мактабнинг ҳар бирига 144 нафардан ўқувчини саралаб олдик.

Ўртача ҳисобда Тошкент шаҳридаги Президент мактабида бир ўринга 49 нафар даъвогар тўғри келган. Наманган вилоятида бу кўрсаткич ундан ҳам юқори бўлган: 1 ўрин учун 120 нафар.

Биринчи йилги имтиҳонлардан кейин ҳам халқаро ҳамкорлар билан, шунингдек, Cambridge assessment ташкилоти билан ҳамкорлик ишлари тўхтагани йўқ.

Пандемия эса нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёга салбий таъсир ўтказди. Унинг қачон тугаши ҳақида ҳеч кимда аниқ маълумот ҳам қўқ. 120 дан ортиқ мамлакатда тест имтиҳонларини ўтказишга ихтисослашган Cambridge assessment ташкилоти фаолияти ҳам пандемия сабабли зарар кўрди. Шу туфайли имтиҳон учун аниқ саналарни режалаштириш имкони йўқ. Сабаби, имтиҳонларда шаффофлик биринчи мезон ҳисобланади.

Сиз айтганингиздек, онлайн имтиҳон ўтказиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрилди. Бироқ бу шаклда адолатли имтиҳон ўтказа олиш борасида етарли даражада изланишлар олиб борилмаган.

Масалан, ўтган йилги имтиҳонлар катта сиғимли павильонларда ташкиллаштирилди ва ҳар бирида 1000 га яқин иштирокчи қатнашди. Уларнинг ҳар бири учун кузатувчилар қўйилди, бундан ташқари, журналистлар ва блогерлар ҳам имтиҳон жараёнларига таклиф қилинган эди.

Ота-оналар ҳам ҳар бир ҳолатни видеокузатув мосламалари орқали кузатиш имконига эга бўлишди. Шулардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, эҳтимол, кичик сонли иштирокчилар қатнашадиган имтиҳонларни онлайн ташкиллаштириш мумкиндир, бироқ бу каби кўп сонли иштирокчилар билан ўтказиладиган имтиҳонларни онлайн ўтказиш қийин.

Сарвар Бобохўжаев

Энг асосий сабаб – Cambridge Assessment ташкилотининг имтиҳон ўтказиш саналари номаълум эканлиги.

Лекин пандемия шароитида ҳам чет эллик ва маҳаллий ўқитувчилар Президент мактаблари ўқувчилари билан онлайн мулоқотда бўлишди, дарслар давом этди. Ҳозир бу мактабларда 40 нафарга яқин хорижлик муаллимлар ишлайди ва уларнинг аксар қисми карантин даврида ҳам Ўзбекистонда бўлиб, болаларга Google Classroom ва Moodle каби платформалар орқали дарс ўтишда давом этди.

– Жорий йил 5 та ҳудудда - Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида Президент мактаблари очилиши режалаштирилган эди. Бу йил имтиҳонлар ўтказилмаслиги сабабли уларда ҳам қабул кейинги йилга қолдирилган. Мактабларнинг қурилиш жараёнлари ҳам кечикмайдими?

– Йўқ. Қабул кечиктирилгани қурилиш муддатларига таъсир қилмайди. Очилиши режалаштирилган ҳар бир вилоятда Президент мактаблари қурилиши давом этяпти. Бу бўйича тегишли ташкилотлар, жумладан, агентлик назорат ишларини олиб бормоқда.

Бундан ташқари, пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ўнгланишига қараб келаси йил учун имтиҳонлар, эҳтимол, муддатидан олдинроқ ўтказилиши ҳам режалаштирилиши мумкин.

– Президент мактаблари бошқа мактаблар учун локомотив вазифасини бажариши кераклиги айтилган эди. Уларда тўпланган тажриба қачондан бошқа умумтаълим мактабларида қўллана бошланади? Бу йил мактабларда тўпланаётган тажрибани оммалаштириш, кадрларни маҳаллийлаштириш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти?

– Ҳозир Президент мактабларида 40 нафарга яқин хорижлик ўқитувчилар дарс бераётгани ҳақида айтиб ўтдим. Тошкент шаҳри мисолида айтадиган бўлсам, уларнинг ҳар бири маҳаллий мактабларга ҳам бириктирилди: улар умумтаълим мактабларига бориб маҳорат дарслари ўтишди.

Ҳозир Халқ таълими вазирлиги билан янги лойиҳа устида ҳам ишланмоқда. Унда ўқитувчилар малакасини ошириш назарда тутилган.

Бундан ташқари, пандемия даврида Халқ таълими вазирлиги томонидан «онлайн мактаб» лойиҳаси тақдим этилди. Унда 60-70 нафар маҳаллий ўқитувчиларимиз ҳам дарс ўтишди. Бу ҳам тажриба алмашиш учун яхши восита бўлди.

Ҳозир Президент мактабларида Cambridge publishing, Oxford publishing каби нуфузли нашриётлар китобларидан фойдаланилмоқда. Албатта, бу китоблардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Дарслик ёки услубий тажриба алмашиш каби ҳамкорлик ишлари доимий олиб борилмоқда. Ҳозир ёз фасли бунинг учун қулай фурсат. Негаки, май ойида Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги мактабларда ўқув йили тугади. Президент мактабларида эса июнь ойида ҳам дарслар давом этди. Энди дарслардан бўшаётган ва Ўзбекистонда бўладиган хорижлик муаллимлар билан ҳамкорликда ишлаш мумкин.

Кейинчалик эса ҳар бир ҳудудда очиладиган Президент мактаблари ўша ҳудуд таълими учун таянч бўлиши ҳам режалаштирилган.

– Агентлик нафақат Президент мактаблари, балки ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари билан ҳам ишлайди. Дарсликлар – ҳозирда Ўзбекистон таълим тизимидаги энг оғриқли масала. Президент мактабларида турли хорижий нашриётларнинг синовдан ўтган нашрларидан фойдаланилаётган бўлса, ихтисослаштирилган ва ижод мактабларида дарсликлар билан боғлиқ ҳолат қандай?

– Президент ва ижод мактабларини ривожлантириш бўйича алоҳида ҳукумат қарори тасдиқланган. Унга кўра, ижод мактаблари учун янги дарсликлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилган. Ҳозир бу бўйича Ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда ва дарсликлар ишлаб чиқиш бошланди.

Ихтисослаштирилган мактабларда ҳам хориж нашрларидан фойдаланиш, маҳаллий мутахассисларнинг энг яхши дарсликларидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилади. Бу борада ҳам ишлар бошланган.

– Президент, ижод ва ихтисослатирилган мактабларида ўринлар сони чекланган. Кейинчалик бу мактабларда ҳам қўшимча бинолар қуриш ва бошқа усуллар билан қамровни ошириш имкони борми?

– Битта нарсани ҳамма тушуниши керак: Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда чекланган сонли болалар бевосита таълим олаётган бўлса-да, уларда тўпланган тажриба Халқ таълими тизимидаги барча мактабларга оммалаштирилиши кўзда тутилган. Нафақат Президент мактаблари сонини ошириш бўйича ишлар қилиняпти, балки турли методларни апробациядан ўтказиш, дарсликлар бўйича турли ёндашувларни ўрганиш ишлари ҳам қилиняпти.

Бундан ташқари, Халқ таълими тизимида ҳам янги мактаблар барпо этиляпти. Улар билан ҳам ҳамкорлик ўрнатиш ва тўпланган ижобий тажрибани татбиқ этиш режалаштирилган.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзуга оид