Шифобахш суви пулланаётган «Омонхона» сиҳатгоҳи: бу ишда ҳаммаси қонун-қоидаларга мосми?
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Омонхона шифобахш суви анча мушҳур. Сайт таҳририятига мазкур қишлоқда истиқомат қилувчи айрим фуқаролардан сув таъминоти борасида мурожаат келиб тушди.
Ўз номи ошкор бўлишини истамаган фуқароларнинг эътироз қилишларича, асрлар оша ота-боболари истеъмол қилиб келган сув 2 йилдан буён аҳолига пулланмоқда. Сиҳатгоҳ олдига чиқарилган қувурлардан сувлар қадоқланган идишларга қуйиб берилмоқда — ҳеч қандай ёрлиқларсиз. Ҳолбуки, 2017 йилгача бу сувни қишлоқликлар ва бу ерга келган меҳмонлар текинга, бемалол ташиб ичишган.
Сайт мухбирлари масалани жойига бориб ўрганди. Соғломлаштириш мажмуаси карантинга олингани учун унинг ҳудудига кириб бўлмади.
«Омонхона» сиҳатгоҳи директори ўринбосари Аброр Жабборов билан алоқага чиққанимизда у ҳукуматнинг 2014 йил октябрь ойидаги фармойишига кўра, «Омонхона» сиҳатгоҳи «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ихтиёрига берилганини айтиб ўтди.
Мазкур фармойишдан сўнг сиҳатгоҳ атрофи ўралган. Хусусан, сув чиқадиган булоқ муҳофаза зонаси яратилган. Шифобахш сув сифати назоратга олинган. 2017 йилда ундан қувур тортилиб, сув сиҳатгоҳ дарвозаси олдигача чиқарилган. Чунки, сиҳатгоҳга даволаниш учун келувчи доимий 200-300 атрофидаги беморлар ҳам шу сувдан истеъмол қилишади.
Фармойиш ижроси таъминланиши асносида 2015 йилда шифобахш сувнинг сарфи ҳисоби юритилиб, унинг ҳар бир литрига 56 сўм нарх белгиланган. Бугунги кунда қайта ҳисоблаш натижасида унинг бир литри барчага 200 сўмдан сотилмоқда.
Сиҳатгоҳда шифобахш сув реализациясига масъулларидан бири — «Омонхона» сиҳатгоҳи кассири Шариф Жалоловнинг айтишича, шу булоқдан сув қадоқлаш фабрикасига ҳам узатилади. Фабрикада газланган ва газланмаган ҳолда, 1,5 литрлик пластик идишларга қуйилади. Айнан ўша саноат усулида қадоқланадиган сувларга ўрнатилган тартибда ёрлиқлар ёпиштирилади. Оддий фуқаролар эса дарвоза олдидаги қувурлардан чиқаётган сувни ўзлари учун харид қилишади.
Омонхона қишлоғи бўйсунадиган «Инкабод» маҳалла фуқаролари йиғини раиси Аҳмад Қурбонов билан боғландик.
Раиснинг айтишича, 230 хўжалик, 1100дан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Омонхона қишлоғига Бошбулоқ чашмасидан ичимлик суви тортиб келинган, бироқ 29-мактабгача тортиб келтирилиши керак бўлган сувни тортиш ишлари маблағ етишмовчилиги туфайли охиригача етказилмаган. Лекин раис қишлоқнинг бир қисмига Бошбулоқ чашмасидан ичимлик суви келгани, ундан одамлар текин фойдаланишаётганини ҳам айтиб ўтди.
Ростдан ҳам катта кўчаларда ёрлиқ ёпиштирилмаган 5 ва 10 литрлик пластик идишларда сотилаётган «Омонхона» сувига ишонса бўладими? Ҳа, биз бундай идишларга сув Омонхона сиҳатгоҳи дарвозаси олдида қуйиб олинаётганига гувоҳ бўлдик.
Демак, кўчада катта идишларда сотувга чиқарилган Омонхона суви саноат усулида эмас, шу ерлик аҳоли томонидан қадоқлаб сотилаётгани учун уларнинг идишида ёрлиқ ёпиштирилмаган.
Шифобахш сувнинг сотилаётгани масаласига келсак, унга белгиланган нарх ўзбошимчалик билан эмас, ҳукумат фармойишига асосан қўйилганини билиб олдик.
Лекин мурожаатчилар бир масаладада ҳақ: бойсунлик мутасаддилар бошланган ишни охиригача етказишлари, бу борада керак бўлса омонхоналикларнинг қадимий булоғини иҳоталаб олиб, сувини сотаётган «Ўзбекистон темир йўллари» АЖдан аҳолини ичимлик суви билан бепул таъминлаш масаласини ҳал қилишлари адолатдан бўлар эди.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи.
Мавзуга оид
13:36 / 04.02.2023
Сурхондарёда иккита боғчанинг бозор баҳоси қарийб 1,7 млрд сўм бўлган бинолари ва ерлари ноқонуний бериб юборилди
00:05 / 24.01.2023
24 январдан Сурхондарёдаги барча мактабларда дарслар анъанавий шаклда давом эттирилади
15:04 / 18.01.2023
Сурхондарёда салкам 153 млн сўм эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарлар ушланди
16:12 / 16.01.2023