Жаҳон | 20:45 / 19.06.2020
3241
3 дақиқада ўқилади

NASA’нинг янги қурилмаси Марсга коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар шарафига эсдалик етказади

NASA Марсга бир ойдан кейин жўнатишни режалаштираётган янги марсоход Perseverance (Қатъиятлик) коронавирусга қарши курашаётган дунёдаги барча шифокорлар шарафига олис сайёрага хотира тахтачасини етказади. Бу ҳақда NASA’нинг реактив ҳаракат лабораторияси JPL’да маълум қилинди.   

Фото: Твиттер

Ҳозирда лойиҳа жамоаси марсоходни парвозга тайёрламоқда. Қурилмани кейинги ҳафтада космодромга жўнатиш режалаштирилган. JPL’да таъкидланишича, марсоход шассисининг чап томонида коронавирус пандемиясига қарши курашаётган барча шифокорларга ҳурмат сифатида 8 смга 13 смлик алюминийдан ишланган хотира тахтачаси ўрнатилган. Унга тиббиёт рамзи ҳисобланган Асклепий ҳассаси устида турган Ер шари ва орқа фонда марсоходнинг траекторияси тасвирланган сурат туширилган. Ушбу тахтача Қизил сайёрада абадий қолади ва ундаги биринчи шундай эсдалик бўлади.

Таъкидлаш жоиз, ҳалок бўлган астронавтлар ва космонавтлар шарафига Ойда ёдгорлик мавжуд.  

Маълум қилинишича, марсоход Қизил сайёрага “Марс-2020” миссияси доирасида 20 июлда жўнатилади. Янги марсоход Марсга 2021 йил февралида қўндирилиши кутилмоқда. Қурилма Марсда бир суткада ўртача 200 метр йўл босиб ўтади. Миссия дастури доирасида турли тадқиқотлар ўтказилади. Жумладан, тадқиқотчилар сайёрадаги геологик жараёнларни ўрганишни ва бир жойга турли жинслар намуналарини тўплашни режалаштиришмоқда. Ушбу намуналар Ерга бошқа миссиялар доирасида етказилиши мумкин. Марсоход, шунингдек, одамларни Марсга қўндириш билан боғлиқ технологияларни синовдан ўтказади. Қурилма билан бирга Қизил сайёрага Mars Helicopter дронини жўнатиш режалаштирилган.

Қурилмани Марсдаги Езеро кратерига қўндириш режалаштирилган. Олимларнинг тахмин қилишича, бир вақтлар Езеро кратерида дарё делтаси жойлашган бўлиб, унда Марсда миллиардлаб йиллар олдин яшаган органик моддалар ва бошқа микроорганизмларнинг эҳтимолий излари тўпланган бўлиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид