Жамият | 17:45 / 19.06.2020
17991
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Пешкўдаги мажбурий меҳнат юзасидан вилоят ҳокимидан тушунтириш беришни сўради

Kun.uz Бухоро вилоятининг Пешкў туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида педагог-мураббийлар 18 июнь куни мажбуран муассаса ҳудуди ҳамда стадионни тозалашга олиб чиқилгани ҳақида хабар берган эди. Сенат раиси Танзила Норбоева палатанинг айни пайтда давом этаётган 5-ялпи мажлисида мазкур ҳолатга тезкор муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда яна битта муаммо [акс этган видео] тарқалди. Кечагина мен Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиянинг мажлисини ўтказган эдим. Мажлиснинг эртасига, 18 июнь куни Бухоро вилоятининг Пешкў туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби педагог-мураббийлари мажбурий равишда муассаса ҳудуди, стадионини тозалаш ишларига жалб қилинган.

Директор Ҳотам Облобердиев учун ҳеч қанақа қонун иш эмас. Ўзлари устида туриб, ҳомиладор аёлларни ишлатиб бўлса ҳам ҳудудни тозалатиш – бу киши учун асосий масала. Бу бўйича мен вилоят сенаторларидан, вилоят ҳокимидан тушунтириш беришларини сўрайман.

Кечагина мен шу масала ҳақида айтгандим. Бизда мутлақо бундай мажбурлаш, соҳа ходимлари умуман бошқа ишларни қилишини қатъиян ман қилиш тўғрисида гапиргандим. Бу ҳолат яна такрорланмоқда. Бу шунчаки гап эмас, [мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик] бизда қонунларда аниқ белгилаб қўйилган» дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Пешкўда мажбурий меҳнат: ҳомиладор аёллар ҳам ҳудудни тозалашга чиқарилган

Сенат раиси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан ҳолатни жойига бориб ўрганиб, айбдорларга нисбатан чора кўрилишини сўради.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид