Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хайрия қилинган 1 доллар 2 долларга айланади: хориждаги ватандошлар «Ўзбекистон билан бирга» акциясини ўтказмоқда
Акция доирасида ҳозиргача 24 минг фунт (30 минг доллардан ортиқ) миқдорида маблағ йиғилди.
Апрел ойи бошида Буюк Британия ва Францияда истиқомат қилувчи бир гуруҳ ўзбекистонликлар ташаббуси билан «Ўзбекистон билан бирга» акцияси ташкил этилган эди.
Эндиликда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ушбу акцияни қўллаб-қувватлаш учун грант ажратадиган бўлди.
Акциядан мақсад – пандемияга қарши курашда Ўзбекистондаги тиббий муассасалар ва аҳолининг кам таъминланган қисмига ёрдам бериш учун хайрия маблағлари тўплашдир.
«Эзгу Амал» хайрия жамғармаси ушбу акция юзасидан 19 июнь куни Zoom орқали матбуот анжумани ўтказди. Унда лойиҳа ташаббускорларидан бири Шерзод Зуфаров қуйидаги маълумотларни келтириб ўтди.
«Апрелда Францияда бошланган хайрия акцияси доирасида ҳозирги кунгача Европа, АҚШ ва Канадада яшовчи ватандошларимиз ёрдами билан 24 минг фунт (30 минг доллардан ортиқ) хайрия маблағлари тўпланди.
Ушбу маблағларни тўплаш мақсадида акция ташкилотчилари томонидан ўзбек рақс санъати ва миллий таомларини тайёрлаш борасида бир қанча маҳорат дарслари ташкиллаштирилди. Бу каби тадбирлар яна давом этяпти.
Маблағ асосан онкологик касалликларга чалинган болалар, шифохоналар моддий-техник базасини шакллантиришга ва муҳтож оилаларга йўналтирилади.
Бериладиган кўмак пул кўринишида бўлмайди. Масалан, бемор болаларга керакли дори воситаси, шифохоналарга керакли жихозлар харид қилинади. Аҳолига эса ёрдам озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида берилади.
Акцияда жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистонда истиқомат қилувчилар ҳам иштирок этиши мумкин. Бунинг учун хайрия пулини GoFundMe онлайн платформаси орқали юбориш мумкин.
Ёрдамни «Эзгу Амал» жамғармасининг махсус ҳисоб рақамига ҳам юбориш мумкин. Хайрия акцияси давомида йиғилган маблағларни икки ҳисса кўпайтириш учун ЕТТБ 50 минг еврогача ажратишга тайёр», – деди Зуфаров.
Маълум қилинишича, ЕТТБ акция доирасида қанча сумма йиғилса, худди шунча хайрия маблағи (50 минг еврогача) ажратишга тайёрлигини билдирган.
Шунга мувофиқ, ташкилотчилар 2020 йил 1 декабргача 50 минг евро йиғишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган. Ана шунда, ЕТТБ кўмаги билан бу маблағ 100 минг еврога айланади.
Лойиҳанинг Ўзбекистондаги ҳамкори «Эзгу Амал» хайрия жамғармаси бўлиб, ушбу ташкилот акция ташаббускорлари билан келишган ҳолда кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ва тиббий заруриятлари учун ёрдамни етказади. Бундай ёрдамнинг миқдори ва шакли мавжуд шароитга қараб белгиланади.
«Ўзбекистон учун бирга» ҳаракатини ЕТТБнинг Лондондаги бош қароргоҳида ишлаётган ватандошлар, Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Франциядаги элчихоналари, Лондондаги «Билим» ўзбек маданий маркази, Британия-Ўзбекистон дўстлик жамияти, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Париждаги ваколатхонаси, «Навбаҳор» давлат қўшиқ ва рақс ансамбли хореографлари ва мусиқачилари, «Safenetpay» ва «TezParcel» компаниялари, «OshPaz» ўзбек миллий таомлари бренди, шунингдек, ошпаз ва ресторатор Баҳриддин Чустий қўллаб-қувватлашди.
Акциянинг GoFundMe'даги саҳифаси: https://www.gofundme.com/f/covid19-solidarity-with-uzbekistan
«Эзгу Амал» фондининг ушбу акция учун очилган банк картаси (Uzcard): 8600 0304 9286 9502
Мавзуга оид
20:18 / 08.05.2025
Билл Гейтс 20 йил ичида деярли барча бойлигини хайрияга йўналтиришига ваъда берди
15:18 / 06.03.2025
“Эзгу Амал” жамғармаси янгиланган низомини эълон қилди
15:30 / 03.02.2025
Ўзбекистонда “Она уйи” хайрия лойиҳаси тақдимоти ўтказилди
13:54 / 31.01.2025