Жамият | 21:32 / 21.06.2020
47137
9 дақиқада ўқилади

«Боламни эсон-омон қўлимга олсам дейман». Сочига оқ ораламай уч фарзандининг доғини кўрган она ҳикояси

Фото: Pixabay

Оналик бебаҳо неъмат. Ҳар бир аёл ширин-шакар фарзандларни дунёга келтиришни, уларга бахт беришни хоҳлайди. Кимгадир бу насиб қилган, яна кимлардир тирноққа зор. Самарқанднинг олис қишлоқларидан бирида яшовчи Меҳринисо Баҳромова ҳам барча аёлларга ўхшаб соғлом фарзанд дунёга келтиришни хоҳлайди. Аммо бу ҳамма учун ҳам осон кечмас экан. Сочига оқ ораламай фарзанд доғи нима эканини уч марталаб кўрган онанинг ҳикояси барчамизни мулоҳаза қилишга ундайди.

«Ёшим 39 ёшда. Турмуш қурганимга 11 йил бўлди. Бир нафар қизим бор. Бу йил мактабга чиқади. Қизимдан олдин туғилган уч фарзандим бир ҳафта ҳам яшамай нобуд бўлган. Қонимда торч инфекцияси бўлганлиги учун фарзандларимдан ажралиб қолганман. 3 ойдан сўнг яна фарзандли бўлиш арафасидаман. Жуда қўрқоқ бўлиб қолганман: бунисини ҳам асраб қололмасам-чи? 7 ёшли қизимга ҳомиладорлик вақтимда эрим билан тўлиқ муолажаларни олиб даволанганмиз. Ҳозиргисини ҳам соғлом дунёга келтиришим учун шифокорлар даволанишимни айтишяпти. Аммо...

«Тўйни қайтармоқчи бўлганман»

2009 йил турмуш қурдим. Бошида бунга қарши бўлганман. Чунки унаштирилганимдан кейин эримнинг қўлида нуқсони борлигини билиб қолдим. Эшитишимча, эрим болалигида ёнғоқ дарахтига чиқиб, йиқилиб тушган экан. Шунинг асорати туфайли бир қўлини мустақил ҳаракатлантиролмайди. Бўлган воқеадан хабар топгач, ота-онамга айтганман. Лекин улар гап-сўзга қолмаслик учун тўйни қайтаришмади. Шу тариқа тўйимиз бўлди. Қайнона-қайнотам анча йиллар аввал вафот этишганди. Эрим II гуруҳ ногирони, шу сабабли оғир ишларни қилолмайди.

Эримнинг бу ҳолатига ҳам кўника бошладим. Тақдирим шу экан деб ёруғ кунларга ишонч билан яшадим. 2010 йил ўғил фарзандли бўлдим. Афсуски, туғилганидан 3 кун ўтиб нобуд бўлди. Шундан кейин Самарқанд шаҳрига бориб, скрининг марказида қон топширдим. Менда торч инфекцияси аниқланди. Айнан шу боланинг нобуд бўлишига олиб келган экан. Инфекция менда қандай пайдо бўлганини ҳам билмайман. Балки... турмуш ўртоғимдан юққандир, аниғини билмайман. Текширувдан ўтгач, даволанишим кераклигини айтишди. Шароитимиз туфайли даволанишга имконият тополмадик. 2 йилдан кейин эса қизли бўлдим. Унда ҳам биринчи фарзандимга ўхшаган аломатлар бор эди. Туман туғруқхонасида малакали шифокорлар бўлмагани учун қизимни Самарқанд шаҳрига шифокор кўригига олиб бормоқчи бўлдик. Йўлда кетаётганимизда у ҳам нобуд бўлди...

Ўша пайтда нималарни ҳис қилганимни тасвирлаш жуда қийин. Душманимгаям раво кўрмайман бу кунларни. 2013 йил яна қизли бўлдим. Худога шукурки, у соғлом туғилди. Ҳозир 7 ёшга кирди. Бу қизимга ҳомиладор бўлганимда, ота-онам ўзлари мени Самарқандда  даволатишди. Вақтида муолажаларни олдик. 2015 йил яна фарзандли бўлдим, буниси ҳам аввалгилари каби яшамади.

«Кетма-кет жудоликдан кейин ажрашмоқчи бўлдим»

Фарзандларимдан кетма-кет айрилавергач, турмушимдан ажрашиш фикри хаёлимга келаверарди. Эримга бу ҳақида кўп марта айтганман. Сабр қилишимни, ҳаммаси яхши бўлиб кетишини айтиб, далда берарди. «Ота-онам йўқ, шундай ҳолимда ташлаб кетасанми?», деганди ўшанда. Иккимиз ҳам бошқа турмуш қилсак, ҳаммаси изига тушиб кетар, деб ҳам ўйладим. Бир тарафдан фарзандсизлик, яна бошқа тарафдан эса эримнинг ногиронлиги адойи тамом қиларди. Турмуш ўртоғимни даволатиш учун ҳам ўзим ҳаракат қилдим. Операция қилдириш учун уйдаги чорва молларини ҳам сотдик. Деярли ҳеч нарсамиз қолмади. 4 марта операция бўлганидан кейин ҳам эримнинг ахволи ўнгланмади. Аксинча, кундан-кунга оғриқлар кўпаймоқда.

Ҳозир эрим бир қўлини деярли ишлатолмайди, қўлининг ички қисмига суякни ушлаб турувчи темир ўрнатилган. Доимий оғриқларни озроқ бўлса-да енгиллатиш учун ҳар доим қўлига спирт суради, оғриқ қолдирувчи дори ичиб юради.

«Одамларнинг уйида майиз тердим, нўхат юлдим»

Уйимиз олдида кичик еримиз бор, картошка, пиёз, кўкатлар, помидор, бодринг экканмиз. Эрим шу ерда иш қилишга ёрдам беролади фақат. Рўзғорни кимдир тебратиши керак. Фақат ногиронлик нафақаси билан яшаб бўлмайди ахир. Ўтган йили бутун ёз давомида одамларнинг даласида нўхат юлдим. Кузда эса совуқ уйларда майиз тердим. Қизим ҳам ёнимда эди. Совуқ қаттиқ таъсир қилгани учун қизимнинг икки буйраги шамоллаб қолди. Анча вақт даволатганимиздан кейингина ҳаммаси яхши бўлди.

«Қўрқоқ бўлиб қолганман»

Майли, қийинчиликлар ўтади-кетади. Ўтаётган кунимдан нолимайман. Мени ҳозир фақат бир нарса – туғилажак фарзандимнинг соғлиғи ўйлантиради. Уни эсон-омон қўлимга олсам, дейман. Шифокор қонимдаги инфекция туфайли яна ҳомилам тушиш эҳтимоли борлигини айтди. Дорилар ёзиб берди, уларни дорихонадан қарзга бўлса ҳам олиб ичяпман. Бешинчи фарзандимга ҳомиладорман. Жуда қўрқоқ бўлиб қолганман. Буниси ҳам яшаб кетармикин, деган ўй ҳечам тинчлик бермаяпти...

«Инсон бахти фарзанд билан экан»

Болаларим кетма-кет нобуд бўлаверганидан кейин жуда сиқилиб қолгандим. Кун бўйи фақат йиғлаб ўтирардим. Кўпчиликка қўшилолмай қоларкансиз. Кимдир боланг йўқ, деб айтишидан қўрқардим. Қизим туғилгач, оз бўлса-да, дардларимни унутдим, у ягона овунчоғим бўлиб қолди. Баъзида нега мен биттаман, ака-синглим йўқ, қачон чақалоқ олиб келасиз, деган саволларни беради.

Тирикчилик ойдан ойга, нафақадан нафақагача...

Томорқамизда сабзавот экканмиз, ҳали пишишига озроқ вақт бор. Унгача сотиб олишга мажбурмиз. Озиқ-овқат олиш учун бозорга умуман бормаймиз. Бу йил ҳисобидан умуман бозорга бормадик ҳам. Уйимиз яқинида дўкондан қарзга нарса оламиз. Нафақа пули олгач, қарзларни тўлаймиз. Шу тариқа у ойдан бу ойга ўтиб оламиз...

Ҳар ойда бир қоп ун сотиб оламиз. Ун халтамиз яримлаб қолганда, ўйланишни бошлаймиз. Эрим ҳазил аралаш «Кўп нон емадим-ку, дарров ун тугаб қоляптими?», деб қолади. Карантин вақтида ун нархи одатдагидан-да қиммат бўлди. Тўғрисини айтганда, гўшт олиб ейишга шароитимиз йўқ. Охирги марта қачон гўшт еганимизни эслолмайман. Асосан, картошка, пиёздан овқат қиламиз. Ҳовлида ўсиб турган кўкатларни ишлатаман. Рўзғорда ҳеч нарсамиз қолмаган вақт тез-тез бўлиб туради. Мен, эрим иккаламиз чидаймиз, аммо қизим овқат сўраган пайтларда баъзида мажбурлигимдан қўшниларникига бориб ўйнаб кел, деб жўнатардим. Ўша ерда болалар билан қўшилиб, овқат еб келарди-да...

Муҳтожлик туфайли ажрашиш фикри кўп хаёлимдан ўтган. Қизим отасиз қолишидан, кун келиб қилган ишим учун мени айблашидан қўрқаман. Нима ҳам қилардим, борига қаноат қилиб яшайман. Бу кунлар ҳам ортда қолишига ишонаман».

Қадрли ўқувчи, бу ҳикояни ўқиётганда ёнингизда болаларингиз саломат бўлса, ейишга егулигингиз бўлса, тўрт мучангиз соғ бўлса, билингки, сиз дунёдаги энг бахтли одамсиз. Фаровон ва тўкин-сочин ҳаётимизда яшаб туриб ҳам нолиб қўяётганимизда атрофимизда тўйиб овқатланмайдиганлар, уйида егулиги қолмай боласи нимадир еб келар деган умидда қўшнисиникига ўйнагани чиқариб юборадиганлар борлигини унутмайлик.

Шу ўринда япон адабиётидаги эшик ҳақидаги ҳикоя эсга тушади. Ҳикояда бир аёл боласи билан ёлғиз яшайди. У ёмғир ёққанда фарзанди билан томидан чакки ўтадиган каталакдек уйчасининг эшигини деворга тираб унинг остида тун ўтказади. Ёмғирли кунларнинг бирида болакай «Онажон, бизни-ку ёмғирдан эшик ҳимоя қиляпти, лекин эшиги йўқлар нима қилади?», дейди. Ҳа, сабрли япон халқининг ўша боласи онаси у учун дунёдаги энг яхши ошённи яратиб берганига ишонади.

Бизнинг атрофимизда ҳам мобил илова орқали ўтирган жойда овқат буюртма қилишни тасаввур ҳам қилолмайдиган, тўйиб ёғвон еса, байрамдек хурсанд бўладиганлар қанча. Шу учун кўпроқ атрофимизга қарайлик, мулоҳаза қилайлик, шукр қилайлик ва қўлимиздан келса, одамларга ёрдам берайлик...

Kun.uz мухбири Муҳаббат Маъмирова тайёрлади

Мавзуга оид