Денов автошоҳбекатининг терговчи уйдирмалари асосида қамалган раҳбарлари оқланганидан кейин ҳам ишига қайта олмаяпти
Cурхондарё вилоятидаги «Денов автошоҳбекати» МЧЖ ижрочи директори ва кузатув кенгаши раиси таҳририятга мурожаат қилишди. Айни кунда улар қонуний ишига тикланиш борасида кескин қаршиликка дуч келишмоқда.
Улар сўнгги йиллар ичида бошига тушган кўргуликларни Kun.uz мухбирларига ҳикоя қилиб беришди. Ҳаммаси уларнинг ноҳақ қамалишидан бошланган.
«Денов автошоҳбекати» МЧЖ кузатув кенгаши раиси Абдураҳмон Файзиевнинг айтишича, у ва МЧЖ ижрочи директори Ҳафиз Норбоев 2013 йилда МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов томонидан уюштирилган сохта айбловлар билан 12 йилга озодликдан маҳрум этилишади.
Бу икки инсон 3,5 йилча муддат панжара ортида умрини ўтказишгач, ноҳақ қамалганларини талаб қилиб мурожаат қила бошлашган ва ниҳоят оқлов қарори чиқарилган. Улар ЖИБ Қашқадарё вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 8 июнь куни ажрими билан оқланади.
Оқлов ҳукми чиқарилгач, 2019 йил 15 октябрда ЖИБ Сурхондарё вилояти суд уларни эгаллаб турган вазифасига тиклаш борасида ҳам ажрим чиқаради. Хатто, МИБ томонидан 2020 йил 18 март куни суд ҳужжати амалда бажарилгани тўғрисида қарор ҳам қабул қилинди.
Абдураҳмон Файзиевнинг айтишича, булар озодликдан маҳрум этилган даврда автошоҳбекат бошқарувига келган, бугунги кунда ваколатсиз бўлган шахслар — Ж.Даминов, А.Раҳимов ва А.Муродов уларнинг суд қарори билан ишга тикланиши ва иш бошлашига кескин қаршилик қилиб келишмоқда.
МЧЖ ижрочи директори Ҳафиз Норбоев бу йўлда улар томонидан ўзига нисбатан суиқасд уюштирилганини ҳам таъкидламоқда.
Ҳ.Норбоев ва А.Файзиев ишга тикланиб, МИБнинг ижро иши тугатилган куннинг эртаси куни — 2020 йил 19 март куни А.Файзиевга нисбатан суиқасд уюштирилади. У эрталаб соат 9:25 ларда ўз уйидан чиқиб кетаётганида У.Муродов унинг устига ВАЗ-2106 автомашинасини қасддан ҳайдаб уриб кетади. Оқибатда Ҳ.Норбоев тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилади ва жами 50 кун (шифохонада ва уйида) даволанади.
Жабрланувчининг айтишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳолатни автоҳалокат ўлароқ баҳолашмоқда, ЖКнинг 266-моддаси бўйича жиноят иши очилган. Ҳолбуки, хусуматли тараф аввал бошдан унга «ўлдириб юборамиз», деб кўп марта таҳдид қилишган ва ўзларининг жирканч ниятини амалга ошириш учун автоҳалокат уюштиришган. Ҳ.Норбоев ушбу жиноят 25-модда орқали 97-модда билан малакаланиши кераклигини таъкидлайди ва олиб борилаётган терговдан мутлақо норозилигини айтади.
Шу кунгача МЧЖ раҳбарлари корхонага киритилмаяпти, уларга ташкилот муҳр ва штамплари ташкилотни эндиликда ноқонуний раҳбарлик қилиб турган шахслар томонидан қайтариб берилмаяпти.
Абдураҳмон Файзиев Денов туман прокуратурасидан нажот истаб 18 марта мурожаат қилгани, тумандаги, вилоятдаги раҳбарларга кўп марта хат орқали мурожаат қилганини айтади. Уларнинг бирортасига ҳам жавоб берилмаган.
Қолаверса, МЧЖ ҳиссадорлари ва раҳбарлари озодликдан маҳрум этилган пайтда ташкилотга катта миқдорда молиявий зарар етказилган, МЧЖ улушдорларнинг 100 фоиз розилиги талаб этилса-да, уларнинг рухсатисиз ташкилотга тегишли бинолар бошқа бир ташкилотнинг кредит таъминоти учун гаров сифатида тикиб юборилган. Мол-мулклар талон-торож қилинган. Мурожаатчилар айнан мана шулар сабабли уларнинг ташкилот раҳбарлигига қайтишларига тиш-тирноқ билан тўсқинлик қилинаётганини айтишмоқда.
Маълум бўлишича, А.Файзиев ва Ҳ.Норбоевни ишга тиклашга оид суд қарорлари устидан манфаатдор тараф назорат тартибида Олий судга шикоят киритган. Ҳозир А.Файзиев ва Ҳ.Норбоев Олий суд ҳам бу борада адолатли қарор чиқаришидан умидвор бўлиб туришибди.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи ва монтажчи.
Мавзуга оид
08:27 / 25.06.2024
Деновда савдо мажмуаси ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди
09:02 / 17.06.2024
Деновда бешта савдо дўконида ёнғин содир бўлди
08:30 / 09.04.2024
Telegram орқали сохта ҳавола жўнатиб, ўзганинг пулини ўзлаштирган шахс ушланди
20:23 / 01.07.2022