Ўзбекистон | 22:23 / 21.06.2020
107076
2 дақиқада ўқилади

Карантин марказидаги фуқаро ўзини осди, ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилмоқда

21 июнь куни соат 4:00-5:00 оралиғида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида жойлашган Ўртасарой карантин марказида бир киши ўзини осиб қўйган ҳолда топилган. Прокуратура дастлабки тергов ишларини олиб бормоқда.

Маълум бўлишича, асли Фарғона вилоятидан бўлган, коронавирус пандемияси туфайли Москва шаҳридан қайтиб, карантинга олинган 42 ёшли шахс карантин учун махсус мосланган контейнер ичида ўз жонига қасд қилган.

Исм-шариф ошкор этилмаган бу фуқаро Ўзбекистонга етиб келганидан сўнг коронавирусни аниқловчи тест топширган, лекин бу тестнинг натижалари ҳали чиқиб улгурмаган бўлган.

Kun.uz карантин марказида содир бўлган бу воқеа бўйича тегишли вазирликлар билан боғланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев:

– Вазирлигимиз карантин ҳудудларидаги эпидемиологик вазият, беморларнинг аҳволи, зарур даво воситалари таъминоти бўйича жавобгар. Бу ҳолат содир бўлганини тасдиқласак-да, ҳодиса юзасидан расмий маълумот бериш суриштириш ишлари олиб бораётган Ички ишлар вазирлиги ваколатида. Айни пайтда шуни айтишимиз мумкинки, вазирлик томонидан ўтказилган дастлабки ўрганишларимизга кўра бу ҳолат содир бўлишига тиббиёт ходимларининг алоқаси йўқ.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов:

– Бу ҳолат чиндан ҳам содир бўлди. Ҳозир махсус гуруҳ ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда. Бир нарсани айтиш мумкинки, марҳум ва тиббиёт ходимлари ёки шериклари билан бирор зиддиятли вазият бўлмаган. Дастлабки тахминга кўра, марҳум руҳий ҳолатига кўра шифтдаги вентиляторга ўзини осган. Аммо аниқ хулоса фақат тергов-суриштирув ишлари якунига кўра берилиши мумкин.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Юқори Чирчиқ тумани прокуратураси дастлабки тергов ишларини олиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, 3 нафар фарзанднинг отаси бўлган марҳум 15 июнь куни Ўзбекистонга етиб келган ва карантин ҳудудига жойлаштирилган.

Мавзуга оид