Ўзбекистон | 01:18 / 22.06.2020
66901
2 дақиқада ўқилади

Денов ҳокими туманда бир киши COVID-19'дан вафот этганини эълон қилди ва хабар ўчирилди

Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибатов 21 июнь куни туман аҳолисига мурожаат қилиб, туманнинг бир фуқароси 20 июнда коронавирусдан вафот этганини маълум қилди.

Шу боисдан ҳоким Ибатов деновликларни коронавирус инфекциясидан сақланиш учун ўрнатилган талабларга риоя қилишни сўради.

Ҳокимнинг айтишича, коронавирусдан вафот этган марҳум билан мулоқотда бўлган 187 нафар фуқаро карантинга олинган. Улардан 6 нафарида COVID-19 касаллиги аниқланган, яна бир нечта фуқаро касалликда гумон қилинмоқда.

Ушбу видеолавҳа Денов тумани ҳокимлигининг Telegram каналида эълон қилиниб, сўнгра ўчириб ташланди.

Kun.uz мухбири масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг матбуот котиби, жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев билан боғланганида, у бу фактни тасдиқламади.

ССВ коронавирусдан ўлим ҳолати ҳақида сўнгги марта 10 июнь куни маълумот берган эди. Ўшанда 27 май куни Санкт-Петербургдан чартер рейс орқали Ўзбекистонга келган ва карантин марказида тиббий кузатувга олинган самарқандлик А. пандемия қурбони бўлгани айтилган, бу билан Ўзбекистонда коронавирус юқтириб вафот этганлар сони 19 нафарга етган эди.

20 ва 21 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан тайёрланган маълумотларда ҳам Сурхондарё вилоятида коронавируснинг янгидан юқиш ҳолатлари қайд этилгани маълум қилинмаган.

Вазирлик сўнгги марта 17 июнь куни Сурхондарёда аҳоли ўртасида 6 нафар — карантин марказида 4 нафар ва аҳоли ўртасида 2 нафар кишида янги юқтириш ҳолати аниқлангани ҳақида хабар берган.

Мавзуга оид