Жамият | 10:19 / 22.06.2020
17658
6 дақиқада ўқилади

«Фарзанд тарбияси учун ҳам аёл ўқиши керак» — биолог Хуршида Убайдуллаева билан суҳбат

Хуршида Убайдуллаева – ген иженерияси бўйича халқаро миқёсда танилган олима, биология фанлари доктори. Пахтанинг ҳосилдор «Порлоқ» навлари яратилиши устида ишлаган. «Ўзбегим аёли – 2020» миллий мукофотининг «Зиёли аёл» номинация совриндори, «Шуҳрат» ордени соҳибаси.

Kun.uz мухбири Хуршида Убайдуллаева билан олималик машаққатлари, аёл учун илмнинг аҳамияти хусусида «Ўзбекойим» рукнида суҳбатлашди.

Аёл олима учун атрофдагиларнинг тушуниши муҳим

– Аёл сифатида ҳам оила, ҳам илмни қилишда қийинчиликлар, оилада келишмовчиликлар бўлган. Аммо аёл киши илм қилишида атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим.

Инсон улғайгани сари ҳамма нарсага улгурса бўлади, деган кўникма пайдо бўлар экан. Ҳам оилани, ҳам илм-фанни баравар олиб боришга ҳаракат қилардим. Илмий ишлар жараёнида тунги 10-11гача қолиб кетардик. Турмуш ўртоғим аввалига тушунмадилар, тушунишни истамадилар. «Сен уч боланинг онасисан. Оила биринчи ўринда бўлиши керак», дердилар. «Оилани ҳам, илмни ҳам қилишга ҳаракат қиламан», дердим. Одамзот ўз олдига тўғри мақсад қўйса, шунга яраша ҳаракат қилади. Эрталаб бирон иш қилмасам, қайнонам хафа бўлмасинлар, турмуш ўртоғим норизо бўлмасин деб ҳам улгуришга ҳаракат қилардим.

Яқинда қайнонам: «Хуршида, балки энди бас қиларсиз, чарчадингиз, болаларни уйли-жойли қилиш керак», деб қолдилар. «Ҳаммаси ўз вақтида бўлади. Унисини ҳам, бунисини ҳам қиламиз. Мен энди докторликка эришдим, нечта шогирдим қараб турибди, қандай қилиб бу қоракўзларни ташлаб кетаман? Давлат олдида қанча қарзим турибди, давлатимга қанча ишлаб беришим керак», деб тушунтирдим. Тушундилар. Улар тушунганлари учун ҳам мен бу фаолиятим билан машғулман.

«Болаларимга меҳр бера олмадим, лекин улар мустақилликка ўрганишди»

– Болаларимга тўлақонли она меҳрини бера олдим, деб ўйламайман. 2008 йилларда пахтанинг «Порлоқ» навлари устида ишлаётган давримизда далаларга чиқиб кетардик, кечки пайт ҳам лабораторияларда иш давом этар, болаларим боғчада кечки сменада қолиб кетишарди. Боғча опасига қўнғироқ қилиб, ҳозир илмий ишимни ташлаб кетишим қийин, қараб туринг, деб илтимос қилардим.

Институтдан чиқиб боғчага етиб боргунимча 10-11 бўлиб кетарди. Ўша боғча опага ҳозир мингдан-минг раҳмат айтгим келади. «Қизим, ҳеч ҳам хижолат бўлма. Мен илмни яхши кўраман, болаларингни ушлаб тураман», дердилар.

Фарзандларимга «сизларга тўла меҳр бера олмадим», десам, «она, ҳеч ундай деманг. Қийналганимиз учун ҳам ўзимиз оёққа турдик. Агар сиз ҳамма нарсани муҳайё қилганингизда, балки мақсадларимизга етишмасмидик», дейишади. Онамизнинг вақти йўқ, деб кўп жойларга ўзлари боришар, масалаларини мустақил ҳал қилишарди.

«Олима аёл учун тўсиқлар – оилада»

Аёл киши илм билан шуғулланиши шарт, деб ўйлайман. Илм аёл-эркакни танламайди. Далада иш дейишса, биринчи бўлиб аёллар йўлга чиқардик. Ускуналарни ишлатишда ҳам ўзимиз ҳаракат қилардик. Аёл киши илмда эркакдан кўра ақллироқ, мулоҳазалироқ иш тутади.

Ўзбекистонда аёл кишининг илм билан шуғулланиши учун тўсиқлар кўпроқ оилада бор, деб ўйлайман. Оилада икки ўғил, икки қиз бўлса, иккита ўғилни ўқитишади. Битта ўғил бўлса ҳам ўқитишади. Иккита қизни эса ўқитмайди. Нега? Турмушга берганим яхши, барибир узатиб юбораман, дейди. Аммо улар ҳам фарзандингиз-ку.

«Ўғлим мени боқади, қиз бола эса бировнинг хасми, бошқа оилага кетади», дейди. Тўғри, фарзандни уйли-жойли қилиш ҳам фарз, ҳам қарз. Лекин фарзандларни – қиз болами, ўғил болами, ўқитиш тарафдориман. Қиз болани келажак учун, фарзанд тарбияси учун ҳам ўқитиш керак.

Фарзанд тарбиясида ўқиган ва ўқимаган аёлнинг фарқи барибир сезилади. Майли, қиз болани турмушга узатгандан кейин шароити ишлашни тақозо этмас. Лекин ўқимишли қиз фарзанд тарбиясини бошқачароқ олиб боради. Жамият учун керакли кадрларни ҳам шу қизлар дунёга келтириб, тарбиялайди-ку.

«Илм йўлида энг муҳим хусусият – сабр-тоқат»

– Нафақат илм йўлида, ҳар қандай ҳолатда ҳам мақсадга эришиш учун шахсдаги энг муҳим хусусият – сабр-тоқат. Чўққига етиб бориш учун сабр-тоқат керак. Илмни бошлагандан кейин қанчадан-қанча аёллар ташлаб кетди – эрим уришяпти, қайнонам норизо, дейди. Жуда кўп аёллар оиласи тушунмагани учун илмни йўлнинг ўртасида ташлаб кетди. Бир кун енгил ўтади, кейинги кун оғир. Ҳар бир нарсага тоқат қилиш керак.

Иккинчи муҳим хусусият – ҳаракат. Сабр билан ҳаракат қилган инсонгина кўзлаган манзилига етиша олади.

«Дод соламиз, балки гап одамларнинг ўзидадир?»

– Илм қилишда жуда кўп вақт қоғозбозликка кетиб қолади. «Вой-дод қоғозбозлик, вой-дод, мана бунақа бўлиб кетди», деймиз. Лекин балки гап одамларнинг ўзининг саводсизлигидадир?

Танқид қилишни ёмон кўраман, чунки кўп нарса одамнинг ўзига боғлиқ. Ҳадеб муҳитдан норози бўлиш Аллоҳга хуш келмайди. Норози бўлавермаганим учун ҳам Аллоҳ йўлимни очиб қўйганмикан, деб ўйлайман.

«Чарчадим» деган сўзни умуман ишлатмайман. Лекин ич-ичимдан чарчайман. Аммо шу нарсани кўрсатишни ёмон кўраман. «Чарчадим» деганим билан биров менинг юкимни енгил қилиб қўймайди-ку.

«Уддалай олмаяпман», «қийналиб кетдим» деган шогирдларимга ҳам «шунақа нолиганинг билан суҳбатдошинг ишингни битириб бермайди-ку, ундан кўра ҳаракат қил, Худога шукр қил ва олдинга қараб юр», деб маслаҳат бераман.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид