Фронтдаги ўзбек мергани. «Тоҳир ва Зуҳра»даги Зебо Ғаниева тарихи
Иккинчи жаҳон урушида Москва остонасидаги жангларда шаҳар ҳимоячилари орасида ўзбек қизлари ҳам жанг қилган. Шулардан бири — Зебо Ғаниевадир.

Зебо Ғаниева 1923 йилнинг 20 августида туғилган. Уруш бошланганда Зебо 16 ёшда бўлиб, Москвадаги театр санъати институтида ўқирди. Даҳшатли воқеалар хавфи туғилгач, институт Шарққа эвакуация қилинадиган бўлди. Aммо кўпчилик талабалар фронтга бориб, қўлга қурол олиб ватанни босқинчилардан ҳимоя қилиш истагини билдирдилар. Улар қаторида Зебо Ғаниева ҳам бор эди.
1941 йил октябридаёқ у Москва яқинидаги дивизиялардан бирининг пулемётчилар ротасида жанг қила бошлади. Қизнинг теран ақли, ўткир кўзлари жуда қисқа вақт ичида унга мерганликни ўрганиб олиш ва қирон келтирилган фашистлар саноғини ошириш имконини берди. У тез-тез разведкага ҳам бориб турди.
Кунларнинг бирида Ғаниева билан дугонаси Нина Соловейга очиқ майдонга чиқиш, эмаклаган ҳолда немис ҳандақларига яқинлашиб бориш ҳамда у ерда нималар бўлаётганини билиб қайтиш ҳақида буйруқ берилди. Қиш пайти эди. Қизлар оппоқ халатларга ўралиб ҳеч кимга сездирмасдан майдонга чиқдилар-да, эрталаб соат бешга яқин душман ҳандақларига етиб бордилар. Улар саккиз соат совуқда қимир этмай, овоз чиқармай ётдилар. Дивизияда эса қизлар совуқда қотиб қолишди, деб ўйлашди. Қоронғи тушгач, ҳар иккиси яна эмаклаб ортга қайтиб келишди.
Қизлар жуда кўп муҳим маълумотлардан воқиф бўлишган эди. Бутун вужудни қулоққа айлантириб немисларнинг ҳар бир сўзини эслаб қолишди. Кийим-бошларини, қуроллар-у, шошилиб тикилган погонларни ҳам назардан қочиришмади, чунки бу белгилар янгилар келиб қўшилганидан далолат берарди.
Ўша қишнинг ўзида Зебо 16 марта разведкага борди, душман ҳақида муҳим маълумотлар олиб келди. Разведкалар оралиғидаги танаффус пайтларида эса қўлга мерган милтиғини олиб очиқ маррага чиқар ва фашистларни қийратарди.
1942 йилнинг апрель-май ойларида ўз ҳисобига 21 нафар фрицни ёзиб қўйган. Ўз сўзларига кўра, бутун уруш давомида у 129 фашистни йўқ қилган.
1942 йилнинг 23 май куни Ленинград областидаги Врагово қишлоғида Зебо ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатади. У тепаликда мерганлик позициясини эгаллаб турганида немислар қишлоқни ташлаб чиқа бошлайдилар. Зебо ўз шериклари билан уларни ўққа тутади ва олти фашистни ер тишлатади. Бу пайтда қишлоқда жанг олиб бораётган лейтенант Марченко кўмак сўрайди ва Зебо сафдошлари билан қишлоқ томон югуради. Шу пайт панада ўрнашиб олган автоматчи уларни ўққа тутади. Зебо жавоб ўқи билан автоматчини тинчитади, лекин шу пайт йўлланган миномёт зарбаларидан кейинги осколькалардан қаттиқ яраланади.
Зебо Ғаниеванинг дўстлари – Нина Соловей, Федор Кириллов ва Яков Коляколар жанг майдонидан олиб чиқадилар. Мўъжиза туфайли айнан шу пайтда Москвага учаётган самолётга Зебони чиқариб юборадилар. Москвадаги госпиталда унга энг яхши шифокорлар ғамхўрлик қилишади. Президиум раиси Николай Шверникнинг турмуш ўртоғи Мария Шверник шахсан ўзи қони зарарланган, оғир аҳволдаги Зебони 11 ой давомида парваришлайди. Соғайганида «барча аёллар ўз фарзандларини 9 ой кўтариб юрадилар ва туғадилар, мен эса сени 11 ой кўтардим», дея ҳазиллашади. Кейинчалик Зебо Шверниклар хонадонининг тутинган қизига айланади.
Урушдан кейин Зебо Ғаниева яна санъатга қайтади ва «Ўзбекфильм» дурдонасига айланган «Тоҳир ва Зуҳра» фильмида Хоразмнинг гўзал маликаси ролини ўйнайди.
У Озарбойжон дипломати Тофик Қодировга турмушга чиқади ва ўғил кўради. Кейинчалик тарих билан шуғулланган Зебо Ғаниева шарқшунослик фанлари доктори, профессор даражасига кўтарилади.
Иккинчи жаҳон урушидаги хизматлари учун Зебо Ғаниева «Москва мудофааси учун», «Қизил байроқ» ордени, «Қизил юлдуз» ордени, I даражали ватан уруши орденлари билан мукофотланган.
Узоқ ва мазмунли умр кўрган Зебо Ғаниева 2010 йилда вафот этган.