Жаҳон | 00:58 / 23.06.2020
9863
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ раҳбари дексаметазоннинг коронавирусга чалинганларни даволашдаги самарадорлигини  юқори баҳолади

Фото: ТАСС

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус коронавирусга чалинган оғир беморларни даволаш учун дексаметазон дори воситасининг ишлаб чиқарилишини кўпайтиришга чақирди. 

“Натижалар ҳали дастлабки бўлса-да, дексаметазон стероид воситаси коронавирусга чалинган оғир беморлар ҳаётини сақлаб қолишда катта салоҳиятга эгалигини кўрсатган яқинда ўтказилган тадқиқотлар бизга тантана қилишга асос беради. Олдимизда турган навбатдаги синов дексаметазон ишлаб чиқарилишини кўпайтириш ва у қаерда кўпроқ керак бўлса, ўша ерларга урғу берган ҳолда унинг бутун дунё бўйлаб тез ва тенг тақсимланишидан иборат бўлади”, деб айтган Гебрейесус. 

ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, ушбу дори воситаси Британияда муваффақиятли синовдан ўтказилгандан кейин унга талаб таклифдан ошиб кетган. Гебрейесуснинг айтишича, бахтга ушбу дори воситаси арзон туради ва унинг ишлаб чиқарилишини кўпайтира оладиган кўплаб компаниялар мавжуд.

Аввалроқ россиялик олимлар дексаметазоннинг коронавирусни даволашдаги ўзига хос хусусиятлари билан бўлишишган. Уларнинг фикрича, ушбу шамоллашга қарши восита жонлантириш бўлимларидаги оғир беморларни даволашда юқори самарадорликка эга, бироқ коронавируснинг енгил шаклида иккиламчи таъсирлар келтириб чиқариши ва ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин.

Британиялик олимларнинг маълум қилишича, дексаметазон ўпкани сунъий нафас олдириш қурилмасига уланган беморларнинг ўлим кўрсаткичини 35 фоизга, кислородли даволанишдаги беморларнинг ўлимини эса 20 фоизга камайтиради.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид