Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Биз оддий сув ва трансформатор сўраяпмиз, дунёни эмас» – ғазираликлар ҳокимлик ваъдаси бажарилмаганини айтмоқда
Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги «Ғазира» маҳалласи, Наврўзтепа аҳли гарчи муаммо сув иншооти билан битадиган бўлса-да, неча йилки ичимлик сувидан қийналади.
Жорий йил март ойида Kun.uz сайтида маҳалланинг Наврўзтепа қишлоғидаги ичимлик суви муаммоси, Шакар қишлоғидаги электр тармоқларининг хароб аҳволи хусусида «Сув танқислиги силламизни қуритди» — Жомбойдаги маҳалла мутасаддилар эътиборсизлигидан азият чекмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Орадан бир кун ўтиб Жомбой туман ҳокимлиги расмий сайтида «Муаммо бор. Аммо Kun.uz иддаоси ўринсиз» сарлавҳаси билан муносабат билдирилди. Унга кўра, мазкур маҳалладаги муаммолар ҳокимлик эътиборида бўлган ва чора-тадбирлар ўтган йилдаёқ ишлаб чиқилган. Ҳокимлик муносабатида апрель ойида сув иншооти, трансформатор ва ҳатто йўл муаммоси ҳам бартараф этилиши маълум қилинаркан, қуйидаги саволларни ўртага ташлайди:
«...Фақат масаланинг бир жиҳати бизни ўйлантирди. Мақолага сарлавҳа қўйишда “...маҳалла мутасаддилар эътиборсизлигидан азият чекмоқда», жумласи танлангани қизиқ. Муаммога туман ҳокимлиги эътиборсиз, деганда қайси асосга таянилди экан?»
Биз ҳам қишлоқ муаммолари тез орада битишидан қониқиш ҳосил қилгандик. Аммо билдикки, муаммолар шу ҳолича қолиб кетган экан. Аҳоли яна кетма–кет мурожаатлар билан чиқмоқда. Холбуки, мақоладан кейин туман мутасаддилари мазкур манзилга бориб аҳолига ҳам юқоридаги ваъдаларни берган эди. Биз, эътиборсизлик деганда ана шуни назарда тутгандик. Ғазираликларга бу тарздаги эътибор ҳам, ваъдалар ҳам керак эмас, шунчаки, ичиш учун оддий сув керак.

«Биз билан учрашувда «Сувоқова корхонаси мутасаддилари келиб қишлоқ аҳолисини сув билан таъминлаш масаласи тез кунда ечилиши, бунинг учун маблағ ажратилиб, 800 метрли полиэтилен труба ётқизилишини ваъда қилганди. Қишлоқ аҳолисига эса ички тармоқларга труба тортиб олиш юкланганди. Энди эса дренаж ишларини қишлоқ аҳолиси ўзлари қилиши кераклиги айтилмоқда. Ахир туман мутасаддилари бизга ваъда берганди. Дренаж кавлаш катта харажатни талаб қилади ва кўпчилик уйда қолган ҳозирги шароитда бу қишлоқ аҳолиси учун қийинчилик туғдирмоқда», дейди наврўзтепаликлар.

Мазкур мақола тайёрланаётганда Жомбой туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан қуйидагича изоҳ юборди:
«Наврўзтепа қишлоғи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ўтган йил сўнгида кун тартибига қўйилганди.
Туман маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан «Суғориш таъминоти муаммоли ҳудудларда артезиан қудуқларини қазиш» таклифи кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Жорий йил бошида чора-тадбир ишлаб чиқилиб, 2та сув иншооти қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган. Жумладан, Наврўзтепа қишлоғида 1та сув иншооти (трансформатори билан) апрель ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилганди.
Март ойида юзага келган эпидемиологик вазият сабаб кўплаб хайрли режалар ортга сурилди. Шундай бўлсада, Наврўзтепа қишлоғини ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар тўхтаб қолган эмас. Жорий йилнинг иккинчи ярмидан қурилиш ишлари бошланиши режалаштирилмоқда. Август ойига қадар Наврўзтепа қишлоғи аҳолиси ичимлик суви билан таъминланишини маълум қиламиз».
Ҳудуддаги Шакар қишлоғи аҳолиси неча йилдирки, 1961 йилда ўрнатилган трансформатор ва эски симёғочларни алмаштиролмайди. Ўша пайтларда трасформатор 60 хўжалик учун мослаб ўрнатилган. Ҳозирги вақтда қишлоқда электрдан фойдаланувчилар 150 хўжаликдан ортиқ. Ушбу трансформаторнинг ҳаддан ташқари кўп юкланишларни кўтаролмаслиги сабаб деярли ҳар ҳафта бирор қисми ёниб кетади. Тинимсиз пайдо бўладиган ёнғин, мунтазам аҳоли ҳисобидан қилинадиган таъмирлаш ишлари ҳаммани бездирган. Бу муаммо ҳам олдин ёритилган, аммо на республика на вилоят ва на туман электр тармоқлари мутасаддилари муаммога эътибор қаратишмаган.


Бу шакарликларни қийнаётган ягона муаммо эмас. Қишлоқ аҳолиси ёзда кўтариладиган қуюқ чанг ва қишда тизза бўйига етадиган лойли кўча таъмиридан ҳам чарчаган. Улар қишлоққа олиб кирадиган деярли 1 километрли йўлни ҳар йили ўз ҳисобидан таъмирлайди.
«Ўтган йили шу муаммо билан туман ҳокимлигига бордик ва мутасаддилардан қишлоқ йўлини асфальтлаштиришда ёрдам сўрадик. Аммо сектор раҳбари, туман прокурори келиб яна ўзимизнинг ҳисобдан йўлнинг озгина қисмига 4 машина тош тўктириб кетди.


У фақат ишнинг бошида турди. Бўлган ўзгариш шу. Ахир буни ҳар йили ўзимиз ҳам қиламиз. Биз болаларимиз учун боғча, ишсиз аҳоли, ёшларимиз учун заводлар, маданият марказлари сўрамаяпмиз. Додимизда айтаётганимиз, силламизни қуритиб юборган муаммолар», дейди Шакар қишлоғи вакилларидан бири.

Хуллас, Ғазирада аҳолини қийнаётган муаммоларга эътибор ана шу алфозда. Маҳалла аҳли ўзи айтганидек, уларга кўп нарса керак эмас. Яшаш учун энг муҳим нарсаларни сўрашмоқда.
Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
10:51 / 15.05.2025
Самарқандда қум-шағал қазиб олиниши оқибатида табиатга 10 млн доллардан ортиқ зарар етди
20:43 / 11.05.2025
Олимлар Марс қаърида улкан кўл борлигини аниқлади
19:47 / 11.05.2025
Тошкентда электр тармоқлар корхонасининг икки ходими 10 минг доллар билан қўлга тушди
12:15 / 28.04.2025