Жаҳон | 22:32 / 27.06.2020
6884
2 дақиқада ўқилади

Миссисипи штати ирқчиликка қарши намойишлар сабабли ўз байроғини ўзгартириши мумкин

Ирқчиликка қарши норозиликлар ортидан штат қонун чиқарувчилари штат байроғида 1894 йилдан буён мавжуд конфедератлар рамзини муҳокама қила бошлашди. Миссисипи - байроғида конфедерация рамзи бўлган АҚШдаги ягона штат.

Фото: AFP 2020 / Getty Images/Chip Somodevilla

Миссисипи штати губернатори Тейт Ривз жанубий штатлар конфедерацияси рамзи бўлганлиги боис штат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолашга тайёрлигини маълум қилди.

Ирқчиликка қарши норозиликлар ортидан штат қонун чиқарувчилари штат байроғида 1894 йилдан буён мавжуд конфедератлар рамзини муҳокама қила бошлашди. Миссисипи - байроғида конфедерация рамзи бўлган АҚШдаги ягона штат.

"Қонун чиқарувчилар бир неча кундан бери штат учун янги байроқ муҳокамасида боши берк кўчадан чиқа олмаяпти. 1894 йилги байроқ борасидаги мунозаралар байроқнинг ўзи каби баҳсли бўлмоқда ва бунга чек қўйиш вақти келди. Менга қонун лойиҳасини жўнатишса, уни имзолайман", - деб ёзди Ривз Twitter саҳифасида.

Афроамерикалик Жорж Флойд полиция қўлидан ҳалок бўлгач, АҚШда ирқчилик тўғрисидаги мунозаралар яна кескин тус олди, қатор шаҳарларда норозиликлар бўлиб ўтди.

1861-1865 йилларда Шимол ва Жанубнинг қулдорлик борасидаги низоси давомида бир нечта штат АҚШдан ажралиб чиққан ва Америка Конфедератив Штатлари (АКШ)ни тузганди. Ҳарбий низо Шимолнинг ғалабаси ва АҚШнинг тикланиши билан тугаган. Шунингдек, қуллар озод этилган.

Мавзуга оид