Жаҳон | 15:37 / 28.06.2020
34954
6 дақиқада ўқилади

Оқ уй «Толибон» ва Россиянинг АҚШга қарши махфий келишуви ҳақидаги мақолага муносабат билдирди

Оқ уйнинг маълум қилишича, АҚШ президенти Дональд Трамп Россия разведкаси Афғонистонда америкалик ҳарбийлар ўлдирилиши учун «Толибон»га махфий равишда мукофот пуллари ваъда қилгани ҳақидаги хабарлардан воқиф қилинмаган. Бу вақтда Трампнинг президентлик сайловларидаги рақиби Жо Байден президентни Москвага қарши чоралар қабул қилишга қодир бўлмаган сиёсатчи сифатида танқид қилиб чиқди.

Фото: Getty Images

Оқ уйнинг реакцияси
Оқ уй матбуот котиби Кейли Макинани шанба куни ўтказилган брифингда айтишича, на президент Трамп, на вице-президент Майк Пенс «россияликлар америкаликлар боши учун ов эълон қилгани ҳақида»ги хабарлардан хабардор қилинган.

«Одатда Оқ уй разведка маълумотларини муҳокама қилмайди, бироқ шуни айтишим мумкинки, президентга ҳам, вице-президентга ҳам бу ҳақида ҳисобот берилмаган. Буни уларнинг ўзлари, МРБ директори, Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ҳам тасдиқлай олади. New York Times нашри хатолик қилган, улар президент Трамп бу ҳақда хабардор қилингани ҳақида ёзиб хато тахмин қилишган», деган у.

Жума куни New York Times нашри Афғонистон масаласида ўтказган текширув натижалари маълум қилинган, унга кўра, гўёки Европадаги суиқасдларга алоқадор бўлган Россия ҳарбий разведкасининг қайсидир бўлими ўтган йили Афғонистонда ҳарбий коалиция вакилларига, жумладан, америкалик ҳарбийларга уюштирилган муваффақиятли ҳужумлар учун мукофот ва рағбатлантиришлар ваъда қилгани айтилганди.

Газета ўз манбасига таяниб хабар берган, «Толибон» ва унга яқин бўлган қуролли гуруҳлар маълум миқдордаги мукофотларни қўлга киритгани ҳақида ёзган.

New York Times талқинига кўра, бу ҳақда март ойидаёқ Трампга ҳисобот берилган, аммо у бунга жавобан ҳеч қандай санкция қўлламаган. Газетанинг ёзишича, Америка ҳукумати Оқ уйдагиларга Россиянинг ушбу ҳаракатига қарши бир нечта жавоб вариантини тайёрлаганди — дипломатик каналлар орқали шикоятлардан тортиб янги санкцияларга қадар.

Байденнинг реакцияси
Демократик партиядан президентликка номзод бўлган Байден агар бу нашр маълумотлари ҳақиқат бўлса, президент бундай вазиятда ҳаракатсиз қолган бўлса, «бу чиндан ҳам даҳшатга солувчи янгилик» бўлишини қайд этди.

Байденнинг сўзларига кўра, бу вазиятда Трамп нафақат «халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузгани» учун Россияни жазолай олмаган, балки россияликлар президенти қаршисида ожизлигини яна бир бор намоён этган. Трампнинг рақиби ноябрдаги сайловларда ғолиб чиқса Владимир Путинга қарши туриши ва Россияни ўз ҳаракатлари учун жиддий даражада тўлов қилишга мажбур қилишига ваъда берган.

Нашр материалида айтилишича, Трамп Афғонистондаги ҳарбийларни олиб чиқишга ҳаракат бошлаган вақтда амалга оширилган ҳужумлар учун мукофотлар ваъда қилинганди.

Февраль ойи охирида АҚШ ва «Толибон» келишув тузган, унга кўра Афғонистонда тинчлик жараёни бошланиши ва АҚШ тарихида энг узоқ вақт давом этган урушга чек қўйилиши назарда тутилганди. Келишувга кўра, ушбу мамлакат ҳудудидан америкалик ҳарбийлар босқичма-босқич олиб чиқилиши режалаштирилган. Шундан сўнг, Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар сони 8 600гача туширилди.

Ўтган йилда Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда АҚШнинг 20 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, аммо уларнинг қайсилари жангариларнинг мукофот олиш истаги қурбони бўлгани аниқ эмас.

AL DRAGO/CNP
Оқ уй вакили Кейли Макиненининг айтишича, New York Times Трамп бу мавзуда хабардор қилгани ҳақида ёзиб хато маълумот берган

Толибларнинг реакцияси
Шанба куни «Толибон» Россия билан келишув ҳақидаги назарияга раддия берди ва февраль ойида Вашингтон билан тузилган келишувга амал қилинаётганини билдирди.

Толибларнинг баёнотида улар разведка органлари ёки хориж давлатлари олдида ҳеч қандай мажбуриятга эга эмаслиги таъкидланган.

«Биз ушбу даъвони қатъиян рад этамиз. Ўн тўққиз йиллик Исломий Амирлик бирор бир разведка органи ёки хориж давлатининг фойдасига боғланмаган ва у ўз мақсадларини белгилашда ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмас», дейилади баёнотда.

«Толибон» вакилларининг ҳисоблашича, бу каби миш-мишлар АҚШ қўшинларининг мамлакатдан чиқиб кетишига тўсқинлик қилиш, Америкадаги тинчлик тарафдорларини чалғитиш, шунингдек, хориж доираларига буюк қаҳрамонлик ва ютуқларни қўшиб қўйиш мақсадида тарқатилмоқда.

«Биз ўз халқимиз ва бутун дунёга шуни маълум қиламизки, Исломий Амирлик бирор кимнинг қуроли эмас ва хориж манфаатларини илгари суриш йўлида фойдаланилмайди», дейилади баёнотда.

Унда шунингдек, Афғонистонда америкалик ҳарбийлар одатда жангларда эмас, балки қўлбола портловчи қурилмалар ҳаракатга келтирилиши оқибатида ҳалок бўлиши қайд этилган.

Москванинг реакцияси
Россиялик дипломатлар New York Times нашри мақоласига кескин норозилик билдиришди.

«Агар ҳаммага маълум бўлган фактлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Афғонистонда Америка разведка жамияти доирасидаги кишилар наркотрафикка алоқадорлиги, транспорт карвонлари ҳаракати учун жангариларга пул тўлаши ва америкалик сайловчилар солиғи ҳисобига бажариладиган турли лойиҳалар  билан шуғулланишлари сир эмас», дейилади Россия ТИВ баёнотида. Америка газетасидаги материал эса «фейк хабар» деб аталган.

Аввалроқ Россиянинг АҚШдаги элчихонаси New York Times нашридаги «асоссиз ва аноним айблов» туфайли Вашингтон ва Лондондаги россиялик дипломатлар тўғридан тўғри таҳдидларга учрай бошлаганини маълум қилганди (мақолада АҚШ Афғонистондан келган разведка маълумотларини ҳарбийлари ушбу ҳудудда бўлиб турган Буюк Британияга ҳам юборгани айтилганди). Элчихона таҳдидларнинг скриншотларини эълон қилган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Кремлнинг ушбу айбловлардан хабари йўқ. «Кимдир бу каби айбловни илгари сурса, биз бунга жавоб қайтарамиз», деган у.

Мавзуга оид