Ўзбекистон | 01:08 / 29.06.2020
10048
4 дақиқада ўқилади

Фарҳод Арзиев: «Хориждаги салоҳиятли ватандошларга тараққиётимиз драйверларидан бири сифатида қараяпмиз»

Ўзбекистонда чет элдаги ватандошларни мамлакат ривожи учун ҳисса қўшишга жалб этиш мақсадида уларга муайян енгилликлар яратиб бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26-27 июнь кунлари Наманганга ташрифи ортидан, 28 июнь куни вилоят марказида Халқаро пресс-клуб сессияси ташкил этилди.

Сессияда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев чет элда истиқомат қилаётган ватандошларнинг салоҳиятидан фойдаланиш, уларни ватанга инвестиция киритишга рағбатлантириш бўйича режалар ҳақида гапирди.

«Давлатимиз раҳбарининг Наманганга ташрифи ниҳоясидаги катта йиғилишда ўсиш нуқталари – драйверлар ҳақида гапирилди. Биз бугунги кунда хориждаги ватандошларимизни ҳам тараққиётимизга у ёки бу шаклда хизмат қилувчи драйверлар сифатида қараяпмиз.

Дунёнинг жуда кўп давлатларида ватандошларимиз истиқомат қилишяпти. Ватандошлар ҳақида гапирганда турли тоифа инсонларни тушунишимиз керак. Улар орасида салоҳиятли инвесторлар, турли халқаро ташкилотларда муҳим вазифаларни эгаллаб турган одамлар, олимлар, талабалар ва албатта меҳнат муҳожирлари сифатида ишлаётган ватандошларимиз бор.

Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда хориждаги ватандошларимизнинг инвестицион салоҳиятини, уларнинг билим ва тажрибасини Ўзбекистондаги тараққиёт жараёнларига жалб этиш, мана шу ўсиш нуқталари билан боғлаш устида ишламоқда.

Шу масалага алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бугунги кунда давлатлар кесимида ва вилоятлар кесимида хориждаги салоҳияти юксак ватандошларнинг рўйхатини шакллантиряпмиз. Ва уларни қайси йўналишларга жалб этиш мумкинлигини ўрганяпмиз.

Наманган вилояти мисолида гапирадиган бўлсак, бугунги кунда 17та инвестицион лойиҳа рўйхати шаклланган бўлиб, уларнинг ҳаммаси – турли давлатларда турли йўналишларда фаолият кўрсатаётган ватандошларимизнинг бевосита иштирокидаги лойиҳалар.

Бу лойиҳаларда ватандошларимиз томонидан киритиладиган инвестициялар миқдори 250 млн долларга яқинни ташкил этади. Бу 17та лойиҳанинг эгалари – Туркия, БАА, Россия, Европа давлатлари, Хитой ва бошқа мамлакатлардаги ватандошларимиздир.

Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, Туркияда ҳам, Хитойда ҳам, Ҳиндистонда, Европа давлатлари, масалан Италия ва Ирландияда ҳам шундай тажриба бўлган – ўз вақтида хорижда шаклланган диаспораларнинг салоҳияти мамлакат тараққиётига жалб қилинган.

Хитой мисолида олсак – уларнинг диаспорасини хуацяо дейишади – 90-йилларда хориждан Хитойга кириб келган инвестицияларнинг салкам 90 фоизи бевосита хорижда яшаётган хитойликлар билан боғлиқ бўлган.

Бугунги кунда бу кўрсаткич тахминан 60 фоизни ташкил қилади. Долларга чақадиган бўлсангиз, сўнгги йилларда Хитойга кириб келаётган тахминан 350 миллиард долларлик инвестиция бевосита хорижда яшаётган хитойликлар томонидан киритилган.

Бу йўналишга биз тараққиётимиз учун ўсиш нуқталаридан бири сифатида қараяпмиз», – деди Арзиев.

ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари асли ўзбекистонлик бўлган чет эл фуқаролари учун янги виза тури жорий этилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Биласизми, бугунги кунда хориждаги ватандошлар билан ишимизни қандай ташкил этмоқчимиз? Биринчи навбатда, айтиб ўтганимдек, давлатлар ва вилоятлар кесимида рўйхатлар шакллантиряпмиз. Рўйхатдаги ватандошларимиз салоҳиятли инвесторлар, халқаро ташкилотларда ишлаётганлар, таълим йўналишида ёрдам бериши мумкин бўлганлар каби гуруҳларга бўлинади.

Иккинчидан эса, хориждаги ватандошларни кенгроқ жалб қилиш учун қандай тизимли ишларни амалга оширишимиз керак, деган саволни қўйиб, амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқамиз. Бу чора-тадбирлар ичида энг аввало зарур қонуний норматив база яратиб бериш, қандайдир имтиёзлар тизимини яратиб бериш, уларнинг келиб-кетиши учун виза бўйича енгилликлар яратиб бериш кабилар акс этади», – деди Фарҳод Арзиев.

Мавзуга оид