Ўзбекистон | 08:27 / 30.06.2020
17845
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 40та штат бирлиги қисқартирилади

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони 50 та штат бирлиги миқдорида белгиланди.

10 та штат бирлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, 40 та штат бирлиги эса Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Агентлик Ўзбекистон президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдор бўлади.

Агентликнинг асосий вазифаларидан бири коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳисобланади.

Бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат қилиш масалалари ҳам Агентликнинг ваколатлар доирасига киради.

Бундан ташқари, Агентликка давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ҳамда декларациядаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш вазифаси юкланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид