Жамият | 19:41 / 30.06.2020
39378
2 дақиқада ўқилади

Видео: Хоразмлик уста тўрт йилда «Феррари» ясади

Россия ва Қозоғистонда меҳнат муҳожири бўлган хоразмлик Дилшод уста 4 йил деганда ташқи кўриниши донғи кетган Ferrari суперкарини ёдга солувчи қўлбола «суперкар»ни ясаб, уни ўғли Имронбек шарафига Imron-2 деб номлади.

Хоразм вилоятининг турли туманларидан тушган мурожаатларни ўрганиш давомида Қўшкўпир туманидаги автоуста қўлбола «суперкар» ясаганидан хабар топдик. У кишини суриштира-суриштира Қўшкўпир тумани пахта заводининг қаршисидаги устахона ишлашини аниқладик ва қисқа суҳбатини олишга қарор қилдик.

Дилшод устанинг сўзларига кўра, устачиликни бошлаганига 6 йилча бўлган. Бундан аввал у Россия, Қозоғистон давлатларида меҳнат муҳожири бўлиб, тирикчилик қилиб келган.

«Ёшлигимдан автомобилларга қизиқардим, орзум спорткар ясаш эди. Шу ҳолатгача олиб келишга 4 йил вақтим кетди. Энди кучимиз, имконимиз етгунича салонига ишлов беряпмиз», – дейди қўшкўпирлик Дилшод уста.

Уста ўйлаб юрган ниятини амалга ошириш учун даставвал гипсокартондан макетини ясаб олган. Сўнгра аста-секин моддий имкон топилишига қараб, унинг «кузови» ишланган.

Оғирлиги 1 тонналар келадиган автомобилга Tico автомобилининг мотори қўйилган бўлиб, метан газда ҳаракатланади.

Дилшод устага кўра, автомобил устида ишлаб такомиллаштириш, электромобилга ҳам айлантириш мумкин, бироқ буларнинг барчаси маблағга бориб тақалади.

Хуллас, биз Дилшод устанинг «Imron-2»сида ҳаракатланиб, ўзига хос тест-драйвига ҳам гувоҳ бўлдик. Устанинг таъкидлашича, «Imron-2» соатига 80-90 км тезликда ҳаракатлана олади. Шу билан бирга, уни такомиллаштириш учун кўп иш қилиш керак.

Автомобиль билан видеолавҳада батафсил танишишингиз мумкин.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид