Жамият | 18:50 / 01.07.2020
30219
9 дақиқада ўқилади

«Терминал» фильмининг ўзбекча талқини ёхуд мантиқсизлик маҳкумаси

2004 йилда Ҳолливуд киноижодкорлари томонидан ишланган «Терминал» фильмини кўпчилик томоша қилган бўлса керак. Фильмнинг бош қаҳрамони Виктор Наворский Нью-Йорк шаҳрига учиб келиб, маълум сабабларга кўра ўз ватани Кракозияга кета олмай қолади. АҚШга ҳам кира олмайди, оқибатда бир неча ой давомида аэропортда аросатда қолиб кетади. Бугунги ҳикоямиз қаҳрамонининг қисмати ҳам ана шу фильмда ҳикоя қилинган ҳодисаларни ёдга солади.

Қарши шаҳрида яшовчи Мамадалиева Интизор Мухамедовна 1976 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти олий, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси, оила аъзоларининг барчаси Ўзбекистон Республикасининг тўлақонли фуқаролари.

И.Мамадалиеванинг сўзларига кўра, у 1992 йил 12 июнь куни Ўзбекистон Республикасида ўқиш ва доимий истиқомат қилиш мақсадида ўша пайтдаги доимий манзили – Ўш вилояти Қорасу тумани Савай қишлоғи, Қизил Шарқ участкасидан пропискадан чиққан ҳамда Самарқанд шаҳар Кооператив институтига ўқишга кириш мақсадида Самарқанд шаҳар Даҳбет кўчаси 237-уйда жойлашган ётоқхонада доимий яшай бошлаган. Институтга ўқишга киргани муносабати билан 1992 йил август ойида Даҳбет кўчаси 237-уйга пропискага кирган. Институтни 1997 йилда тугатган. 1998 йилда Ўзбекистон фуқароси И.Ишназаровга турмушга чиқиши муносабати билан Қарши шаҳрига кўчиб кетган. 2000 йил 2 январь куни Қарши шаҳар ИИБ томонидан расмийлаштирилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини олган. 25 ёшга тўлгани муносабати билан 2001 йил 31 июль куни янги фуқаролик паспортини олган. 2012 йилда уни йўқотиб қўйгани сабабли қайта паспорт олишга мурожаат қилган ва шундан сўнг ҳаммаси остин-устун бўлиб кетган.

Унинг йўқолган паспортини тиклаш бўйича мурожаатидан сўнг у фуқаролик паспорти ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ноқонуний олганликда гумон қилинади. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, якунда иш судда кўриб чиқилади.

Суд И.Мамадалиевани 1992 йил 20 май куни Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти, Қорасу туман ИИБдан собиқ иттифоқ фуқаролиги паспортини олиб, 1992 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Самарқанд шаҳри Кооператив институти ётоқхонаси, яъни Даҳбет кўчаси 237-уйда вақтинчалик рўйхатда туриб, Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун талабларига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса-да, ноқонуний равишда Қарши шаҳар ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи М.С. билан бир гуруҳга бирлашиб, олдиндан жиноий тил бириктириб, 2000 йил 2 январь куни Қарши шаҳар ИИБ паспорт бўлинмасидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини олишга эришган ҳамда мазкур фуқаролик паспорти қалбаки эканлигини била туриб, ундан 2012 йил август ойига қадар фойдаланиб келган, деб топган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2013 йил 18 январдаги ҳукмига кўра, И.Мамадалиева Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси иккинчи қисмининг «б» банди ва 228-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилган деб топилиб, Олий Мажлис Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида» қарори қўлланиб, жазодан озод қилинган. Мазкур ҳукм билан И.Мамадалиевани Ўзбекистон Республикасидан депортация қилиш белгиланади.

И.Мамадалиеванинг суд ҳукмига апелляция тартибида киритган шикояти вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб (2013 йил 26 февраль) суд ҳукми ўзгартиришсиз қолдирилади.

Орадан йиллар ўтиб, И.Мамадалиеванинг депортация чорасини бекор қилишни сўраб назорат тартибида Олий судга йўллаган шикояти суд қарорларини назорат тартибида кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ажрим билан қаноатлантиришдан рад этилади

«1992 йил 12 июндаёқ Қирғизистондаги яшаш жойимдан пропискадан чиқиб кетганман. Бу ҳақида Ўш вилояти Қорасу тумани ИИБ томонидан юборилган 2019 йил 2 сентябрдаги 23-34\1750-сонли жавоб хати, манзилгоҳлар бюроси маълумотномаси, архив ҳужжатлари ҳамда Қорасу тумани Савай қишлоғи бошқармасининг 2015 йил 11 декабрдаги 5319-сонли маълумотномалари берилган. 1992 йилда Қирғизистондан бутунлай чиқиб кетганман. Қирғизистон фуқароси ҳам ҳисобланмайман. Шу ҳолатда мени қандай қилиб Қирғизистонга депортация қилишлари мумкин? Суд ҳукм чиқараётганда наҳотки шуни ўйлаб кўрмаган? Суд ҳукмида депортация қилинсин, дейилгани билан Қирғизистон фуқароси бўлмаганим учун, табиийки, Қирғизистон томони мени қабул қилиб олишдан бош тортди. Натижада, фуқаролик мақомига эга эмаслигим сабабли кўплаб ҳуқуқларим чекланди. Депортация тамғаси ўлароқ фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида яшаш гувоҳномасини ҳам беришмаяпти. Икки ўртада ҳавода муаллақ қолиб кетгандайман», дея ҳасрат қилади Интизор Мамадалиева.

Аниқланишича, И.Мамадалиева 2020 йил март ойида фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб беришларини сўраб, Ички ишлар вазирлигига мурожаат йўллаган.

Мурожаат Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, унда жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2013 йил 18 январдаги ҳукмида И.Мамадалиевани Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш масаласи Қарши шаҳар ИИБ масъул ходимларига юклатилганлиги, бироқ Қирғизистон Республикасининг тегишли ваколатли органлари томонидан юборилган 16.05.2013 йилдаги ва 02.09.2019 йилдаги жавоб хатларида И.Мамадалиева Қирғизистон Республикаси фуқароси эмаслиги ҳамда паспорт рўйхатида турмаслиги маълум қилингани айтилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунининг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаб тургани ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ва чет давлат фуқаролигига мансублигини исботлайдиган далиллари бўлмаган шахслар фуқаролиги бўлмаган шахслар деб ҳисобланиши кўрсатилгани туфайли И.Мамадалиева текширув натижаларига кура, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланиши сабабли, жиноят ишлари буйича Қарши шаҳар судининг 18.01.2013 йилдаги ҳукмида кўрсатилган И.Мамадалиевани Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш масаласи қайта кўриб чиқилиб, унинг республика ҳудудида қолиши мақсадга мувофиқ деб топилганидан сўнг, Қарши шаҳар ИИО ФМБ томонидан белгиланган тартибда фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси расмийлаштириб берилиши маълум қилинган.

Бундан тушуниш мумкинки, Қарши шаҳар ИИО ФМБ суд ҳукмидаги депортация чораси бекор қилинган тақдирдагина И.Мамадалиевага фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб беради.

Олий суд эса ҳукмни ҳали бери ўзгартириб бериш ниятида эмас. И.Мамадалиеванинг суд ҳукмининг депортация қилишга оид қисмини ўзгартириб беришни сўраб қайта йўллаган мурожаати ҳам яна бир бор рад этилган.

Шундай қилиб, И.Мамадалиева на депортация қилинган ва на фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида яшаш гувоҳномасига эга бўлган. Ҳикоя қилганларимизнинг фильмдагидан фарқи шундаки, уч нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг онаси бўлган аёл - И.Мамадалиева аэропортда эмас, ватан ичра беватан бўлиб қолмоқда.  

Ваҳоланки, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Конуннинг 6-моддасини инобатга олсак, И.Мамадалиева аллақачон Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлиши керак эди. Аммо, инсон тақдирига бефарқ бўлган мулозимлар туфайли ўзининг Қонун билан берилган ҳуқуқларидан ҳам фойдалана олмаяпти.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси бўлган аёлни оиласидан ажратиб, фарзандларини онасиз қолдириш суд ҳукми чиқарилаётган вақтда кимга керак бўлган экан?

Афсуски, бир инсон тақдири икки энлик сатр сабаб аросатда қолмоқда.

Тақдир ёзиғи, тергов ва суд идораларининг айбловларига кўнган И.Мамадалиева ҳеч бўлмаганда суд ҳукмидаги депортация қўллаш тўғрисидаги чоранинг олиб ташланишидан умидвор. Бунга эришиш илинжида у Олий судга такрорий мурожаат йўлламоқчи.

Маълумот учун: 2020 йил 13 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар (2020 йил 1 апрель) фуқаролиги бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Мазкур масалага мутасадди идоралар яна бир бор жиддий эътибор қаратиб, аросатда қолган ватандошимизнинг тақдирига бефарқ бўлмайдилар, деб умид билдириб қоламиз.

Аббос Салайдинов
Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид