Жамият | 09:37 / 03.07.2020
4163
3 дақиқада ўқилади

403та давлат активи 773,5 млрд сўмга сотилди - «Давактив»

Бугунги кунда 391 та давлат активи оммавий савдоларга чиқарилган. 

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, 403 та давлат активи (58 та акция ва улушлар, 345 та давлат кўчмас мулк объекти) 773,5 млрд сўмга, 5,1 трлн сўм инвестиция киритиш ва 5788 та янги иш ўрни яратиш шарти билан сотилди.

Агентлик хабарига кўра, “1 сўм” бошланғич нархда аукцион савдоларига чиқарилган Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Намуна МФЙдаги собиқ қозонхона биноси 441,0 млн. сўмга, 120,0 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан, Сурхондарё вилояти, Узун тумани, “Қарашиқ” маҳалласидаги собиқ музей биноси 571,4 млн. сўмга, 160,0 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан сотилди.

“Шохруд” АЖнинг 51 фоиз акция пакети 11,9 млрд. сўмга, “Наманганвино” АЖнинг 57,2 фоиз акция пакети 10,0 млрд сўмга, “Энерготаъмир” АЖнинг 10 фоиз акцияси 3,2 млрд. сўмга сотилди.

Бугунги кунда 391 та давлат активи оммавий савдоларга чиқарилган. Шундан, 81 та масъулияти чекланган жамиятнинг давлат улушлари ва 273 та давлат кўчмас мулк объектлари “Е-ijro auksion” электрон савдо майдончасига, 37 та акциядорлик жамиятининг давлат акция пакетлари “Тошкент” республика фонд биржаси савдоларига чиқарилган.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун катта қизиқиш уйғотадиган “Ўзнефтгаз” АЖга тегишли бўлган ва бугунги кунда Агентликка ўтказилган Нукус шаҳридаги “Нукус Полимер” МЧЖ, Навоий вилоятидаги “Polietilen Quvurlar” МЧЖ, “Polipropilen Quvurlar” МЧЖларининг 100 фоиз, Тошкент шаҳридаги “Uztatgeoservis” МЧЖнинг 50 фоиз давлат улушлари ҳамда Собиқ “ГУМ” савдо марказининг бинолари “Е-ijro auksion” электрон савдоларига чиқарилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Sarbon-Neftеgaz” АЖнинг 51 фоиз, юқори даромадли бўлган “Электрқишлоққурилиш” АЖнинг 25,4 фоиз, Қашқадарё вилоятидаги “Qashqadaryoparmalash ishlari” АЖнинг 51,2 фоиз давлат акция пакетлари “Тошкент” республика фонд биржаси савдоларига чиқарилган.

Мавзуга оид