Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Асакада давлат мактаби биносининг бир қисми хусусий мактабга берилмоқда. Ўқитувчилар ва ота-оналар бунга қарши
Андижон вилояти Асака тумани Қоратепа қишлоғи аҳолисидан келган мурожаатни ўрганиш мақсадида ўша манзил томон йўл олдик. Қоратепада бизни бир гуруҳ нуронийлар кутиб туришган экан.
Муаммо билан танишамиз. Ҳудуддаги 44-умумтаълим мактаби биносининг ярми 2013 йили давлат ихтисослашган мактаб-интернатига берилган бўлиб, интернат 2018 йилда фаолиятини тугатган коллеж биносига кўчиб ўтади.
Маҳаллий аҳоли вакиллари ДИМИдан бўшаб қолган бинони хусусий мактаб учун берилганидан норози. Бунга эса ўзига хос сабаблар бор.


«Фарзандларимиз икки сменада ўқияпти, хоналар етишмайди»
Ўз қишлоғи болаларининг сифатли таълим олишларини истаётган мурожаатчиларнинг фикрларига бирма-бир қулоқ солдик. Маҳалланинг ёши улуғ инсонлари Мунисхон она Жабборова, ҳозирда 84 ёшни қоралаган фахрий ўқитувчи Маъруфжон ота Эргашевлар муаммо бўйича куйиниб гапиришди.

«44-умумтаълим мактабида 11 набирам ўқийди. Мактаб биноси билан боғлиқ вазият ҳақида шу йилнинг март ойида эшитиб, маҳалла аҳли билан тўпландик. «Бино сотиляпти», деган гап-сўз тарқалгач, одамлар хавотир олиб йиғилган экан.
Туман халқ таълими бўлими мудири ва туман ҳокимлигидан яна бир масъул шахс ҳам келди. Улар: «Отахонлар, онахонлар бизни тўғри тушунасизлар. Бино кераксиз бўлиб қолганидан кейин, тадбиркор барча ҳужжатларни расмийлаштириб, ўзиники қилиб олди», деганидан сўнг жуда хафа бўлиб, юрагим қайнаб кетди.

Мутасаддиларга: «Бу нима деганингиз? Мен мана шу мактабни 1969 йили битирганман. Ўша пайтларда ҳам физика, кимё кабинетлари, лаборатория, спорт заллари бўлган. Ишонсангиз, ёшлик пайтимиздаги шароитлар ҳозир мана 44-мактабда йўқ. Наҳотки, йилдан йилга аҳоли сони кўпаяётгани, қишлоқда 32 минг нафар фуқаро яшаётганини билиб туриб, томи битта, яхлит бинони хусусийлаштиришга қандай йўл қўйдингиз?
Сизлар аслида мактабни кенгайтириш ҳақида ўйлашингиз керак эди. Коллежлар очилганида мактаблар 9 йилликка айлантирилган эди. Мана, мактаблар яна ўн бир йиллик бўлди. Ўқувчи сони кўпайди. Шуни ўйламадингларми?» – дедим.
Мутасаддилар мактабни хусусийлаштираётиб, на маҳалла фаолларидан, на нуронийлардан маслаҳат олишган.
Мен яшайдиган Қўрғонча маҳалласида 120та хонадон бор. Ҳар бир хонадондан камида икки бола мактабга қатнайди. Мактабнинг шароити яхши эмаслиги учун болаларимиз бошқа ҳудудга бориб ўқишади. Қишга иситиш тизими йўқ. Ўқиш икки сменада ташкил этилган. Қишда иккинчи сменада болалар қоронғига қолиб кетишади. Ўзингиз биласиз, қишда электр бўлмайди. Қоронғи хоналарда деярли дарс бўлмайди. Ўқувчиларга соат 15:00га қолмай уйга жавоб бериб юборишади.


ДИМИ спорт коллежига ўтиб кетиши билан 44-мактаб ўқитувчилари туман халқ таълими бўлимидан: «Болаларимизга синф хоналари етишмаяпти, бинони ўзимизга беринглар», деб талаб қилган. Лекин бино хусусийлашиб кетди.
Биз ҳам болаларимизни худди шаҳар мактабларидагидек шароитда ўқитишни хоҳлаймиз. Мактабда шароит йўқлиги учун ота-оналар болаларини катта пул эвазига репетиторда ўқитяпти. Мақсад – олийгоҳга киргизиш. Нега энди мактабда шароитни яхшилаб, яхши билим бериб бўлмайди? Талабимиз – мактаб бир смена бўлсин, болаларимиз тўгаракларда шуғуллансин, илмли бўлсин.
Хоналар етишмаса, бу ерда таълим сифати бўлмайди-ку? Қоратепаликларнинг ҳаммаси ҳам иш билан таъминланмаган, боласини пуллик мактабда ўқитиши қийин. Чунки маблағи етмайди. Набираларим иқтидорли, лекин уларни хусусий мактабда ўқитишга менда ҳам маблағ йўқ. Мен давлат мактабида барча шароитлар бўлиб, болалар яхши билим олишини хоҳлайман.
Тадбиркорликка қаршилигим йўқ. Фақат тадбиркор ўзи янги бино қурсин. Мактабини очсин. Фақат тайёр бинога кўзини тикмасин», – дейди Мунисхон она.

«Мактабнинг бу биноси – биринчи президентимиз Ислом Каримовдан ёдгорлик. Мен 1991 йили мактаб қуришга ёрдам беришини сўраб, Тошкентга, ўша пайтдаги президент Ислом Каримовнинг қабулига борганман, 8 кунда навбат тегиб, қабулига кирганман. Шу одамнинг кўрсатмаси билан эски мактаб ўрнига янгиси қурилган.
Битта яхлит бинодан иборат, 830 ўринли мактаб 1992 йили битган. Ҳозирги пайтда бу ерда қишлоғимизнинг 600дан зиёд болалари ўқияпти. Мактабнинг яхлит биносини бўлишганига ҳайронман. 2013 йили лицейга беришганида рози бўлганмиз, сабаби у ерда ўзимизнинг болаларимиз ўқиган. Энди бўлса, хусусий мактабга бериб юборишибди. Ўша хусусий мактабни янги алоҳида бино қилиб қуришса бўлмайдими? Мактабда ўзи болалар учун хоналар етишмайди», – дейди Маъруфжон ота Эргашев.

Муассаса директори ўринбосари Хуршидбек Исломов муассасада 618 нафар ўқувчи икки сменада таълим олишини, синф хоналари ва тўгараклар учун хоналар етишмаслиги, куз-қиш ойларида болалар иккинчи сменадан уйларига қоронғида қайтиши ҳақида гапирди.

Ўқитувчиларнинг билдиришича, ДИМИ кўчиб кетганидан сўнг туман халқ таълими мутасаддилари бино мактабга берилиши ҳақида айтишган экан, лекин ундай бўлмабди.
«Яхлит бинонинг ярмини, барча ҳужжатларни расмийлаштириб тадбиркорга бериб юборишган»
Мактаб кузатув кенгаши раиси Ортиқали Солиевнинг сўзларига кўра, ўқитувчилар ҳам бир пайтлар битта яхлит ҳолда қурилган бинонинг хусусий мактаб учун берилганидан ҳайрон.

«Биз муаммони ҳал этиш учун жуда кўп маъсул ташкилотлар – Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси, Андижон вилоят ҳокимлиги, президентнинг виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилдик. Улардан олган жавобларимизга кўра, бино Халқ таълими вазирлиги, Андижон вилоят ҳокимлиги ва «Асака билимдонлари» нодавлат таълим муассасаси томонидан тузилган, умумий ўрта таълим соҳасида давлат хусусий-шерикликни ривожлантириш мақсадида бўш турган бинодан беғараз фойдаланиш битимига асосан, «Асака билимдонлари» ташкилотига берилгани аниқланди.
Мутасадди ташкилотлар бинони мактабга қайтариш ҳақидаги аризаларимизни ноўрин деб топишди. Шундан сўнг халқ таълими вазири Ш.Шерматовга мурожаат қилдик. Айни пайтда вазирдан жавоб кутяпмиз. Мақсадимиз – бинони мактабда олиб қолиш», – дейди кузатув кенгаши раиси Ортиқали Солиев.




Маълум бўлишича, мурожаатлардан сўнг туман халқ таълими бўлими тадбиркор Ж.Темировга хусусий мактаб қуриш учун қишлоқнинг бошқа ҳудудидан ер таклиф қилган. Бироқ тадбиркор у ерни олишга рози бўлмаган.
Мактабда узоқ йиллар фаолият юритган фахрий ўқитувчи Ҳайитбой Эргашев, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Шоирахон Абдусалимовалар мактаб бир вақтлар ДИМИга берган ўз корпусини қайтиб ололмаётгани, ота-оналар мактабда фан кабинетлари, маънавият хонаси, кутубхона учун хоналар етишмаётган бир пайтда тайёр бинони бўш турган бино сифатида тадбиркорга бериб юборилаётганидан норози экани ҳақида гапирдилар.
Қурама, Болалик, Қўрғонча маҳаллалари аҳли тадбиркор реконструкцияни бошлаганида қаршилик кўрсатиб, қурилишни тўхтатибди.
Туман халқ таълими бўлимида
Қоратепа қишлоғидан чиқиб, масалага ойдинлик киритиш мақсадида Асака туман халқ таълими бўлимида бўлдик. Бўлим бошлиғи ўринбосари Иброҳимжон Мамараҳимов ҳолатга қуйидагича изоҳ берди.
«11-давлат ихтисослашган мактаб-интернати фаолиятини тўхтатган коллеж биносига кўчиб ўтгач, унинг биноси бўш қолди. Мазкур бинодан ўқув-ишлаб чиқариш маркази сифатида фойдаландик. Сўнг ҳукуматимиз томонидан жойларда хусусий мактаблар ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди. Биз 11-ДИМИнинг бўшаб қолган биносида давлат-хусусий шерикчилиги асосида хусусий мактаб ташкил қилиш бўйича таклиф киритдик.
Шунда тадбиркор Ж.Темиров ташаббус билан чиқиб, мактаб ташкил этиш учун маблағи етарли эканини билдирди. Биз бу масала бўйича вилоят халқ таълими бошқармасига ҳужжатларни тақдим қилганмиз.

Маҳаллий аҳоли бу лойиҳага қарши чиқиб, ДИМИ биносини 44-умумий таълим мактабига қўшиб берилишини талаб қиляпти. Халқ таълими вазири, вилоят ҳокими ва тадбиркор ўртасида тузилган битимда маҳаллий аҳоли болалари учун алоҳида имтиёзлар берилган. Битимга кўра, хусусий мактабда маҳаллий аҳолининг 20 фоиз ўқувчиси бепул ўқитилиши қайд этилган.
Тадбиркор ва аҳоли ўртасида келишмовчиликлар чиққанидан сўнг тадбиркорга бошқа жойни ҳам таклиф қилдик. Лекин, тадбиркор кўрсатган жойимизда мактаб ташкил қилишни хоҳламади», дейди мутасадди.

Хулоса ўрнида
Икки сменада дарслар ташкил этиладиган 44-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун бино ва хоналар етишмайди. Айниқса, чет тили дарсларини бўлиб ўтиш, тўгараклар ташкил этиш учун шароитлар йўқ. Мактаб кутубхонаси кичик бир хонада жойлашган.
Шунга қарамай, мактабнинг иккинчи қисми тадбиркорга берилаётгани ўқитувчилар жамоаси ва маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Масъуллар муаммоли вазиятга ижобий ечим топишади, деб умид қилиб қоламиз.
Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов
Мавзуга оид
14:10 / 20.02.2025
Ўқувчиларни тартибга чақирган “зўравон раис” — Қозирободдаги мактабда ўзи нима бўлди?
18:06 / 19.02.2025
Номаълум шахс Тошкентдаги 71-мактабда «қирғин» уюштириш билан таҳдид қилди
15:15 / 14.02.2025
Ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан инклюзив мактаб ташкил этилади
14:01 / 13.02.2025