Жамият | 16:47 / 03.07.2020
21753
8 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда 24та уй бузилиб, компенсация тўланмаслиги мумкин. Мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимоясизми?

Таҳририятимизга Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидан мурожаат келиб тушди. Маълум бўлишича, туманнинг «Чимган» МФЙ Янгиовул кўчасида фуқароларга тегишли 24та уй-жой бузилишга тушган. Баъзи уйлар бўйича ҳеч қандай компенсация тўланмасдан, суд қарори чиқарилган. Aҳоли эса бундай ҳаракатлардан норози.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида Бўстонлиқ туманига бордик. Бизни қўлларида ўз ерларига тегишли хужжатлар билан кўплаб фуқаролар кутиб олишди. Улар билан бирма-бир суҳбатлашиб, тегишли ҳужжатларини кўздан кечирдик.

Фуқароларнинг айтишича, Янгиовул кўчасида жойлашган 24та уй-жой «снос»га тушган ва 4та хонадонга суд қарор ҳам чиқариб бўлган.

Бу ерларни фуқаролар турли йилларда сотиб олишган. Баъзиларига мерос тариқасида қолдирилган.

Туман прокуратураси ушбу 24та уй-жойга нисбатан ер ажратиш қарори, олди-сотди шартномаси, кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш, қурилмаларни бузиш, ер майдонини асл ҳолига келтириб, давлат захирасига қайтариш тўғрисида судга даъво аризаси киритган.

Сайёр суд 4та уй-жойга нисбатан ерни олдинги ҳолатига қайтариш бўйича қарор қабул қилган. Қолган уй-жойлар бўйича суд ишлари давом этмоқда.

Aжабланарлиси шундаки, фуқароларнинг турли йилларда расмий равишда мулк қилиб олган ерлари ноқонуний деб топилмоқда ва компенсация масаласи ҳал этилмаяпти. Мурожаатчиларга кўра, компенсация ҳақида ҳатто гап-сўз ҳам бўлмаган.

«Яқинда фарзандли бўлдим. Прокуратура, ҳокимият ва суддан одамлар келиб жойимизни олиб қўйишмоқда. Бизнинг кадастр ҳужжатларимиз, олди-сотди шартномаларимиз бор. Компенсация ҳақида гап ҳам бўлгани йўқ. Суд ҳам жойида муаммони чуқур ўрганмасдан қарор чиқармоқда.

Бу ерда бизнинг айбимиз нима? Шунча йил ўтганидан кейин энди бундай ишлар бўлмоқда. Хўп, қарор, имзо, муҳр сохта экан. Лекин биз уни билмаганмиз-ку», дейди уйи «снос»га тушган фуқаролардан бири.

«Чимган» МФЙ раиси

Уйлари «снос»га тушган фуқаролар ҳақида маҳалла раисидан ҳам изоҳ сўрадик. Унинг айтишича, икки йилдан бери фуқаролар шу уйларда яшаб келмоқда.

«Ишга келганимга икки йил бўлди. Лекин ҳозирда ушбу жойлар бузилишга тушган. Компенсация масаласи очиқ қолмоқда», – дейди маҳалла раиси.

Очиқ суд мажлисини тасвирга олишга рухсат берилмади

Шундан сўнг биз борган ҳудудга прокуратура, суд ва ҳокимият вакиллари келишди. Давом этиб келаётган сайёр судларнинг навбатдагиси бўлиб ўтди. Очиқ суд бўлишига қарамай, суд ушбу жараённи тасвирга олишимизга рози бўлмади. Сабаб қилиб эса томонларнинг рози эмаслигини айтди. Томонларнинг бири уйи сносга тушган фуқаро бўлса, иккинчи томон – прокуратура.

Энг ажабланарлиси шундаки, судда даъвогар томон бўлиб қатнашаётган туман прокурори ёрдамчиси Жўрабек Тошниёзов очиқ суд мажлисини тасвирга олишимизга қаттиқ қаршилик кўрсатиб, ҳатто судни бошқа кунга суришни суд раисидан сўради. Бу эса, турган гапки, ҳолатга нисбатан шубҳаларни янада орттирмоқда.

Якунда фуқаролардан бирининг уй-жойи бўйича бўлиб ўтиши режалаштирилган суд мажлиси жалб этилиши керак бўлган бошқа бир томоннинг иштирок этмаётгани боис бошқа кунга қолдирилди.

Aфсуски, судда иштирок этган на прокуратура ходими, на ҳокимлик вакили ҳолат бўйича изоҳ беришни хоҳламади.

Ҳокимлик уйлар жойлашган ер санаторияга қарашли эканини айтди, санатория директори буни рад этди

Ҳолат бўйича изоҳ олиш мақсадида Бўстонлиқ туман ҳокимлигида бўлдик. Ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Зафар Мирзахўжаевнинг айтишича, ушбу ерлар Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш масканига берилган.

Зафар Мирзахўжаев

«Бўстонлиқ тумани «Чимган» МФЙ Чирчиқ ўрмон хўжалиги хўжалик харитасининг 112-контурида жойлашган 24,4 гектар қурилишлар, кўчалар, сарой майдонлари контурлар қайдномасида 91-сон тартиб рақам билан белгиланиб, «Чимён» МФЙда жойлашган Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани фойдаланувчи сифатида белгиланган.

«Чимган» МФЙ ҳудудида аниқланган 24та ноқонуний қурилма (2,44 гектар ер майдонида жойлашган) Чирчиқ ўрмон хўжалиги хўжалик харитасининг 112-контурида жойлашган 24,4 гектар ер майдони ҳудудида жойлашгани аниқланди», – дейди ҳоким ўринбосари.

Aйнан шу ерда кўрсатилаётган асослар хилма-хиллиги вужудга келмоқда: ҳокимлик фуқароларга тегишли бўлиб турган Чимган маҳалласидаги 24та «ноқонуний» қурилма «Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш» даволаш маскани ҳудудида эканини айтмоқда. Прокуратура эса ер ажратиш қарори, олди-сотди шартномаси, кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас, деб судга ариза киритган.

Ўз навбатида, фуқаролар бу ерлар даволаш маскани ҳудудига кирмаслиги, буни ҳатто маскан раҳбари ҳам тасдиқлаганини айтиб ўтишди.

Муассаса директори Норинбой Ниёзметов телефон орқали суҳбатда ушбу маълумотни бизга ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, 2012 йилгача даволаш масканининг ўзига тегишли ери бўлмаган. 2013 йилда ҳоким қарори билан санаторияга 20,2 гектар ер ажратиб берилган.

«Лекин ушбу 24та уй жойлашган ерлар Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш масканига қарашли эмас. 24та уйнинг бизга алоқаси йўқ», – деди Норинбой Ниёзметов.

Чигаллик қонунсизликка ишора қилмоқда(ми?)

Шу тариқа, ҳозирда Бўстонлиқ тумани Чимган маҳалласида жойлашган 24та уй-жой бўйича анча чигал вазият юзага келган.

Биринчидан, фуқаролар узоқ йиллардан бери ушбу ерларга эгалик қилиб келмоқда. Уларнинг эътирози ҳам ўринли, чунки қўлларидаги кадастр ҳужжатлари, олди-сотди шартномаларини давлат органлари орқали олишган ва шунга ишонишган.

Иккинчидан, агар ушбу уй-жойлар бузиладиган бўлса, фуқароларга компенсация тўлаб бериладими? Ахир одамлар давлат органлари, демакки давлат берган расмий ҳужжатларга ишониб иш тутишган-ку?

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун талабларига эътибор беринг:

Агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим.

Манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш сабабли келиб чиққан ёки муқаррар бўлган мулкий зарарнинг ўрни қопланади.

Учинчидан. «Снос» бўйича кўрсатилаётган важ ўринли ҳам дейлик. Унда нега даъвогарнинг ўзи – қонун ҳимоячиси бўлмиш прокуратура шу пайтгача фуқароларни огоҳлантирмаган?

Хулоса қилиб айтганда, расмий ҳужжатларга ишониб уй-жойларини тасарруф этган, бунга маблағ сарфлаган фуқароларнинг уйлари ҳеч қандай компенсациясиз олиб қўйилмоқда.

Одамлар бу уйларга сарфлаган харажатлар, меҳнат ва вақтнинг товонини ким тўлаб беради?

Давлат мансабдори ерни ноқонуний расмийлаштириб берган бўлса, фуқароларда нима айб?

Шу вақтгача маҳалла аҳли билан ҳокимият ва прокуратура ходимлари ўртасида келишмовчилик давом этиб келмоқда. Лекин бу қандай оқибат билан тугашини вақт кўрсатади.

Умид қиламизки, юқори турувчи идоралар Бўстонлиқда нималар бўлаётганлигига тез орада аниқлик киритади.

Раҳматилло Исроилов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид