Ҳокимлик, ИИБ ва ОТМ ходимлари: ДХХ коррупцияга оид учта йирик ҳолатни фош этди
Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан Прокуратура ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ бир нечта ҳолатларга чек қўйилди.
Аниқланишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Капитал қурилиш бош бошқармасида ишловчи мансабдор шахс ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлар оралиғида жойлашган 1 гектар бўш ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога расмийлаштириб беришни ваъда қилади ва эвазига 1 млн 400 минг АҚШ доллари сўрайди.
ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимларининг шаҳар прокуратураси ва ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида мазкур шахс келишилган пулдан 50 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, қўлга олинган шахс ушбу пул маблағларини Чилонзор тумани ҳокимлигида бўлим бошлиғи вазифасида ишловчи раҳбар ходимга бериши кераклиги маълум бўлгач, тезкор тадбир давом эттирилиб, у ҳам 50 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинди.
Шунингдек, бундай ноқонуний ҳолат Тошкент вилоятида ҳам қайд этилди. Хусусан, Янгийўл туман ички ишлар бўлимининг майор унвонидаги масъул ходими маҳаллий фуқарони «Чинобод нефть база» масъулияти чекланган жамиятининг филиалларидан бирига раҳбарликка тайинланишида ёрдам беришини айтиб, бунинг учун ундан 50 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ ходимларининг Прокуратура органлари билан ўтказган тезкор тадбири давомида у келишилган пулдан 10 минг АҚШ долларини Тошкент шаҳрида жойлашган Ички ишлар вазирлиги марказий госпитали ёнида олаётган вақтида ушланди.
Таъкидлаш лозимки, айни вақтда мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш имтиҳонлари яқинлашаётгани боис, афсуски, бу соҳада ҳам коррупция билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилмоқда.
Жумладан, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқанд давлат университети ходими 2020-2021 ўқув йили учун қабул комиссияси аъзоси бўлган катта ўқитувчи билан биргаликда икки кишини ўқишга киритиб қўйиш учун 6 минг АҚШ доллари олаётган вақтларида ушландилар.
Шунингдек, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси ўзи фаолият юритаётган олий ўқув юртига икки нафар фуқарони давлат гранти асосида ўқишга киритиб қўйиш эвазига, уларнинг ҳар бири учун 5 минг АҚШ долларидан пул сўраб, аввалдан 2 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ушланди.
Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ноқонуний ишларга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мавзуга оид
14:48 / 17.11.2024
Фарғонада ИИБ ходимига 3000 доллар пора таклиф қилган шахс қўлга олинди
13:46 / 14.11.2024
Сирдарёда ҳайдовчидан пора олган ЙПХ ходими қамалди
17:40 / 12.11.2024
Андижонда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва кадрлар бўлими бошлиғи ушланди
17:35 / 11.11.2024