Жамият | 20:45 / 03.07.2020
53617
6 дақиқада ўқилади

Қаршидаги қулаган меҳмонхона: унинг қурилиши чиндан ҳам ноқонуний эдими?

Фото: KUN.UZ

Шу йил 23 июнь куни кечқурун Қарши шаҳри Ислом Каримов кўчасидаги «Насаф-Травел» меҳмонхонаси ёнида қурилаётган 5 қаватли қурилиши якунланмаган бинонинг бир қисми қулаб тушган эди.

Таассуфки, бино конструкцияларининг қулаши натижасида сурхондарёлик бир қурувчи вафот этган.

Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, буюртмачи «Насаф-Травел» компанияси ҳукуматнинг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори иловаси — «Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти»га мувофиқ, вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини хабардор этмаган.

Шунингдек, мазкур объект қурилиши бўйича, Қарши шаҳар ҳокимининг 2018 йил 5 июндаги «Насаф-Травел» компаниясига тегишли 4566 кв.м ер майдонида жойлашган «Меҳмонхона ва ресторан»ни реконструкция қилишга ҳамда ўз ҳудудидан ёрдамчи бинолар қуришга рухсат этиш тўғрисида»ги қарори билан объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун вилоят ДАҚН инспекциясидан рухсатнома олиш юклатилган бўлса-да, буюртмачи томонидан ушбу талаб бажарилмаган.

«Инспекция томонидан ушбу объект қурилиши бўйича буюртмачи «Насаф-Травел» компанияси бир неча бор огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, ноқонуний равишда объектда қурилиш-монтаж ишларини давом эттирган. Тадбиркорлик субъекти қонунда кўрсатилган эркинликларни суиистеъмол қилган. Ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширган», дейилади вазирлик маълумотида.

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ОАВ вакиллари учун ташкил қилинган брифингда вилоят қурилиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Тўра Эргашевнинг маълум қилишича, меҳмонхона ёнидаги бино қурилиши сифати бўйича вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси инспекторлари шуғулланиши керак. Бошқарма томонидан бир неча марта тақдимномалар киритилган, бироқ тадбиркор томонидан бунга риоя этилмаган, лойиҳа-смета ҳужжатлари қилинмаган, тегишли хулосалар олинмаган.

Kun.uz мухбирлари воқеа юз берган жойда бўлиб, қурилиш учун масъул кишиларга учрашишди.

«Насаф-Травел» таъсисчилигидаги ташкилот раҳбари Жаҳонгир Пўлатов Kun.uz мухбирлари саволларига жавоб бера туриб, қурилиш ишлари ноқонуний олиб борилмаганини таъкидлади.

Унинг айтишича, барча ишлар шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 7 июнда чиқарилган қарорига кўра олиб борилган. Қурилиш ишлари олиб бориш учун барча ҳужжатлар тайёрланган, тегишли ташкилотларга тақдим этилган, рухсатномалар олинган. Бу ҳолда шаҳар ҳокимининг реконструкция ишлари олиб боришга рухсат бериш тўғрисидаги қарори ҳукумат қароридан 18 кун кейин чиққан ва соддалаштирилган тартибдан фойдаланилган.

Ж.Пўлатов шунингдек, ОАВда ва бошқа турли ресурсларда қурилишга оид текширилмаган, исботсиз хабарлар тарқалаётгани, қурилишга аралашган коррупция туфайли ушбу воқеа юз бергани ҳақидаги тахминлар ҳам бўҳтонлиги ҳақида таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, қурилишни компания ўз маблағлари эвазига амалга оширмоқда. «Компания ўз пулини ўзи ўғирламайди-ку?», дея эътироз билдирди у.

У ҳар қандай масала юзасидан исталган ОАВ ва блогерларнинг саволларига жавоб беришга тайёрлигини, лекин компанияга бу борада ҳеч ким мурожаат қилмаганини ҳам қўшимча қилди.

Биз Қарши шаҳар қурилиш бўлимида бўлганимизда, ҳоким қарори «Насаф-Травел» компаниясига тегишли ҳудудда кўп қаватли тураржой қурилиши ишлари олиб борилиши учун эмас, мавжуд бинони реконструкция қилиш учун чиқарилганини таъкидлашди.

Чиндан ҳам бу гапда жон борга ўхшайди. Кўтарилаётган беш қаватли бинонинг биринчи қаватида бузилмаган эски корпуслар ҳамон сақланиб турибди. Магарки, қурилиш ишлари рисоладагидек олиб борилиши талаб этилса, эски бинолар бузиб ташланиб, қайтадан котлован қазилиб, сўнгра кўп қаватли янги иморат тикланиши керак эмасмиди, деган ўринли савол туғилади.

Барча лойиҳалар тасдиқдан ўтганини таъкидлаган Ж.Пўлатов эса ўша куни воқеа қандай юз бергани ҳақида айтиб ўтди.

Қайд этиш жоизки, қурилиш ишларини бирор пудратчи корхона эмас «Насаф-Травел» компанияси ўзи олиб бормоқда экан. Ўша куни қурилиш учун масъул ходимнинг отаси ўтиб қолгани учун у жавоб олиб уйига кетган. Тахмин қилинишича, ишчилар бешинчи қаватга томёпма плита ётқизишгач, эртаси куни иш давом эттириш учун томга қурилиш материаллари — шағал, цемент ва ҳ.к. олиб чиқиб қўйишган. Том конструкцияси ва плита оғирликни кўтара олмай синган ва қулашга сабаб бўлган.

Ж.Пўлатов назорат идораларидан қурилиш ишлари нотўғри олиб борилаётгани борасида ҳеч қандай хат ёки огоҳлантириш хати почта ёки курьерлик ташкилотлари, ёхуд электрон тарзда тақдим этилмаганини айтиб ўтди. Ҳаттоки почта ҳам бундай хат етказилган ёки етказилмагани ҳақида тайинли жавоб бера олмаган. «Лекин почта томонидан «Насаф-Травел» компаниясига ҳеч қандай хат ёки тақдимнома етказилмаган», деди у.

Компания вакили марҳум қурувчи оиласига кўмак бериши, оила аъзоларини иш билан таъминлаши, қонунчиликда кўзда тутилган компенсацияни тўлиқ ҳажмда тўлаб беришини таъкидлади.

Айни пайтда Қарши шаҳрида юз берган мазкур шов-шувли ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Сўнгги баҳони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар беради. Меҳмонхона қурилиши масъуллари эса ҳозирча барчасини бахтсиз ҳодисага йўйишмоқда…

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz махсус мухбири.

Мавзуга оид