Жамият | 22:49 / 04.07.2020
130858
11 дақиқада ўқилади

ОТМга киришда кимда қандай имтиёз бор? (батафсил рўйхат)

Кириш имтиҳонларида тўлиқ ёки қисман, квота доирасида ва ундан ташқари имтиёз олувчи абитуриентлар тоифалари бор.

Давлат тест маркази имтиёзга эга бўладиган барча абитуриентлар тоифалари ҳақида маълумот берди.

Давлат мукофоти совриндорлари

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари ОТМлар бакалавриатига, бакалавриат талабалари эса магистратурага тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича синовларсиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари ОТМлар бакалавриатига, ОТМ талабалари ёки бакалавр даражасига эга ёшлар эса магистратурага тегишли йўналиш бўйича кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

«Ниҳол» мукофотига сазовор бўлган ёшлар маданият, санъат йўналишидаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилинади. Лекин ансамбль ёки жамоа сифатида иштирок этганларга бундай имтиёз берилмайди.

Бундан ташқари, «Ниҳол» мукофоти совриндорлари Маданият вазирлигининг тақдимномаси бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан тегишли ОТМларнинг мос таълим йўналишларига ҳам танловдан ташқари, кириш имтиҳонларисиз (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон топширмаган ҳолда) давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Олис чўл туманлари ёшлари

Президент қарори билан, Давлат комиссиясига 2017/18 ўқув йилидан бошлаб Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларидаги ОТМларга ўқишга қабул қилишда тест синовлари натижалари бўйича 68 ва ундан юқори баллга эга бўлган, олис чўл туманларида камида уч йилдан буён истиқомат қилаётган абитуриентларни давлат гранти асосида имтиёзли ўқишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган.

Бунда имтиёз асосида талаба бўлган абитуриент кейинчалик мутахассислиги бўйича ушбу ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида тегишли вилоят ҳокимлиги ва ОТМ ўртасида тузиладиган шартнома асосида камида 4 йил ишлаб бериши зарур.

Ёш тасвирий санъат усталари

Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари академия тақдимномасига асосан Давлат комиссиясининг қарори билан тегишли ОТМларнинг мос таълим йўналишларига танловдан ташқари кириш имтиҳонларисиз (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон топширмаган ҳолда) давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Ёш филологлар

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг бутун ўқиш даврини аъло баҳоларга ўқиган битирувчилари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тавсиясига асосан, Давлат комиссияси қарори билан ОТМлар бакалавриатининг хорижий тил ва адабиёти, филология ва тилларни ўқитиш таълим йўналишларига танловдан ташқари имтиҳонларсиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Ёшлар иттифоқи фаоллари

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида»ги қарорида ЁИнинг фаол аъзоларига ОТМларга имтиёзли қабул қилиш бўйича тавсияномалар бериш белгиланган.

Шунингдек, иттифоқнинг фаол аъзолари Давлат комиссияси қарори билан доимий яшаш жойидаги ОТМларнинг педагогика таълим йўналишларига танловдан ташқари кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Ҳарбий соҳа кадрларининг фарзандларига имтиёзлар

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий қисм қўмондонлиги (раҳбарияти) ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсияномасига асосан ҳар бир ҳарбий қисмдан бир нафардан юқори натижаларга эришган ёш ҳарбий хизматчи қўшимча давлат гранти асосида ОТМларга ўқишга қабул қилинади.

Мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)да ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ОТМларга киришда ажратилган беш фоизли қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этади.

Ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)нинг ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари ОТМларга киришда белгиланган қабул кўрсаткичларидан ташқари танловсиз давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилади.

Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари

Амалдаги тартибга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари ички ишлар вазири томонидан бериладиган тавсиянома ва тақдимномалар асосида имтиёз олиши мумкин.

Ички ишлар вазир томонидан:

  • давлат ОТМларига кириш учун тавсиянома;
  • Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тақдимнома берилади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятда юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандларига:

  • ОТМларга кириш учун умумий қабул параметларидан ташқари уч фоизли қабул кўрсаткичлари (қўшимча уч фоизли қабул квотаси) ажратилади. Уларга мазкур уч фоизли қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш имтиёзи берилади (тавсиянома асосида);
  • Ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун эса курсантлар (ўқувчилар)ни қабул қилишнинг умумий сонидан беш фоизли қабул кўрсаткичлари (қўшимча беш фоизли қабул квотаси) ажратилади. Уларга мазкур беш фоизли қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш имтиёзи берилади (тақдимнома асосида).

Терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига:

  • ОТМларга киришда танловсиз, белгиланган қабул параметрларидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга кириш имтиёзи берилади (тавсиянома асосида);
  • Ҳарбий таълим муассасаларига киришда дастлабки ва касбий танлов натижаларига асосан танловсиз, белгиланган қабул параметрларидан ташқари ўқишга кириш имтиёзи берилади (тақдимнома асосида).

«Темурбеклар мактаби» битирувчилари

«Темурбеклар мактаби» битирувчиларига олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, республиканинг бошқа давлат ОТМларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.

«Темурбеклар мактаби»ни имтиёзли диплом билан тугатган битирувчиларга, таркибида «Темурбеклар мактаби» бўлган вазирлик ва идораларнинг тегишлилиги бўйича олий ҳарбий ёки ихтисослаштирилган билим юртларига тест синовларсиз, ҳарбий-касбий саралаш тадбирларини муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича кириш ҳуқуқи берилади.

Имконияти чекланган ёшлар

Ногиронлиги бўлган шахслар тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловдан озод этилган.

ОТМларга абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига қўшимча равишда, ногиронлиги бўлган шахслар учун икки фоизли давлат гранти асосидаги квота ажратилган.

Бунда кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган ногиронлиги (I ва II гуруҳ) бўлган шахслар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари доирасида талабаликка тавсия этилади.

2020/21 ўқув йили учун кириш имтиҳонларида ногиронлиги бўлган шахслар учун 2799та қўшимча давлат гранти ажратилган.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари

2019/20 ўқув йилидан бошлаб, ОТМларга абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан меҳрибонлик уйи ва болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилган.

Жорий йил улар учун жами 1 400 ўрин ажратилган.

«Тарбиячи» кўрик-танлови ғолиблари

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига мувофиқ, «Тарбиячи» республика кўрик-танлови ғолиблари Давлат комиссиясининг қарори билан тегишли ОТМларнинг мос таълим йўналишларига танловдан ташқари кириш имтиҳонларисиз (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон топширмаган ҳолда) давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Халқаро олимпиадалар ғолиблари

2019/20 ўқув йилидан бошлаб, асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3-ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича давлат ОТМларига кириш имтиҳонларида максимал балл берилади.

Шунингдек, қуйидаги халқаро олимпиадаларда 1-3-ўринни эгаллаган абитуриентлар ОТМларга тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади:

  • Халқаро математика олимпиадаси — International Mathematical Olympiad (IMO);
  • Халқаро физика олимпиадаси — International Physics Olympiad (IPhO);
  • Халқаро кимё олимпиадаси — International Chemistry Olympiad (IChO);
  • Халқаро биология олимпиадаси — International Biology Olympiad (IBO)

Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар

2020/21 ўқув йили қабулидан бошлаб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча 4 фоизли давлат гранти ажратилади.

Ушбу тўрт фоиз – бу йил 940та грант квота демакдир. Бу ҳақда қуйидаги мақолада батафсил танишишингиз мумкин:

Чет тилидан максимал балл

Тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани
киритилган барча бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган ва миллий ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори бўлган сертификатга эга абитуриентларга бу фандан имтиҳонларсиз максимал балл берилади.

Сўхлик мактаб битирувчилари учун 500та грант

Қўшимча қилиш жоиз, Фарғона вилоятининг Сўх тумани учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча давлат гранти асосидаги 500та ўрин миқдорида мақсадли қабул параметрлари ажратилган.

Мавзуга оид