Жаҳон | 22:32 / 06.07.2020
4273
1 дақиқада ўқилади

Латвияга учаётган канадалик ҳарбийлар коронавирус тарқалиши хавфи сабабли ортга қайтарилди

Латвияга канадалик ҳарбийларни олиб кетаётган самолёт коронавирус тарқалиши хавфи сабабли ортга қайтарилди. Delfi нашрининг хабар беришича, бунга самолётдаги ҳарбийлардан бири аввалроқ коронавирусга чалинган киши билан мулоқот қилган бўлиши мумкинлиги сабаб бўлган.

Фото: REUTERS/Ints Kalnins

Бу ҳақида ҳарбийлар белгиланган манзилга йўлнинг ярмини учиб ўтганларидан кейингина маълум бўлган. Натижада ҳарбий қўмондонлик ҳарбийларни ортга – Трентондаги базага қайтаришга қарор қилган.

“Самолёт бортида касалланиш хавфи юқори бўлмаган бўлса-да, коронавирус тарқалиши хавфидан қочиш учун самолётни ортга буришга қарор қилинди”, деб изоҳ берилган воқеага Канада мудофаа вазирлигида. 

Таъкидланишича, воқеа 2 июлда юз берган, бироқ у ҳақида энди маълум бўлган.

Самолётда 70 ҳарбий бўлган, улар Латвияда НАТО миссияси давомида хизмат ўтаётган сафдошлари ўрнини эгаллашлари керак бўлган. Энди улар 2 ҳафта карантинда ўтказиб, сўнгра яна Латвияга жўнатиладилар.

Маълум қилинишича, айни вақтда Латвияда 540 канадалик ҳарбий жойлаштирилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид