Жамият | 16:38 / 06.07.2020
12929
6 дақиқада ўқилади

Маҳалла қайси ҳужжатга кўра газдан узиб қўйилган: касбилик қарияларнинг мурожаатига тайинли жавоб йўқ

Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушган Қашқадарё вилояти Касби туманидаги «Дўстлик» маҳалласи туман маркази бўлмиш Муғлон шаҳарчаси билан ёндош — қарийб 500 метр нарида.

«Қиш ғамини ёзда е», дейишади. Маҳалладаги оқсоқоллар қишда исиниш учун таппи ясашни ҳозирдан бошлаб юборишган. Чунки 1989 йилда газлаштирилган маҳалла табиий газ тармоғидан 2013 йилда узиб қўйилган. Ўшандан бери маҳалла суюлтирилган газ баллон билан таъминланади.

Бироқ, қишни у ёққа қўя туринг, бугунги кунда ҳам овқат пишириш учун баллонни тўлдиришга 40-50 кунлаб навбат кутишмоқда. Хусусан, шу маҳаллада истиқомат қилувчи Ботир Темиров 23 минг сўмга тўлатилиши керак бўлган газ баллони уйигача 40-45 минг сўмга тушиб келаётганини айтиб ўтди. Б.Темировнинг сўзларидан англашиладики, баллонни тўлдириш станциясига маҳалла аҳлининг ўзи олиб боради. У ерда улкан навбат вужудга келган. Баллонни «Ҳудудгаз» ташкилоти ўзи пайдар-пай, уйма-уй юриб ташишни йиғиштириб қўйган.

Маҳалла оқсоқолларини сўзга тутдик. Улар қатор йиллардан буён тегишли идораларга мурожаат қилавериб, муаммога ечим топа олишмаяпти.

Олим Тўраевнинг ҳикоя қилиб беришича, маҳалланинг атрофидаги кўчалар табиий газ тармоғига уланган. Маҳаллада ҳам газ қувурлари ҳамон сақланиб турибди. Бир синов ўтказиш билан билан маҳаллани газга улаш мумкин. Ҳаттоки газ тақсимлаш пунктларигача сақланиб турибди.

 

Маҳалла аҳлининг мурожаатларига «Ҳудудгаз» Қашқадарё филиали туман ҳокимининг 2014 йил 25 августдаги 109-Ф сонли фармойишига кўра газдан узилганини бот-бот рўкач қилиб келмоқда.

Лекин туман ҳокимининг 2014 йилдаги ўша фармойишида маҳалланинг газ босими паст бўлган Хўжа Хитой қишлоғидаги 246та хонадон газдан узилиши кўрсатиб ўтилган. Навоий кўчаси эмас.

Ҳолбуки, маҳалланинг Навоий кўчасида 600дан зиёд хонадонда 800дан зиёд оила яшайди. Кўчанинг нариги томонидаги «Хўжа Касби» маҳалласи ҳам ўша фармойишга кўра газдан узилган.

Маҳалладагилар суюлтирилган газ таъминоти сўнгги икки йилда буткул издан чиқиб кетганини айтишмоқда. Бу айниқса қиш фаслида аҳолига катта қийинчилик келтириб чиқармоқда.

«Чойнику, электр ёрдамида қайнатамиз. Берилаётган суюлтирилган газ овқат пиширишдан ортмайди — бир ойга етар етмас, 20-25 кунда суюлтирилган газни сарфлаб бўламиз. Тўғрисини тан олиш керак, бошида таъминот яхши эди, баллон тугаши билан тўлдириб бериб туришарди. Энди 40-45 кунгача чўзилмоқда. Ундан қишда исиниш учун фойдаланиб бўлмайди — тез тугаб қолади. Қолаверса, баллоннинг ярмига конденсат тўлдирилади. Конденсат эса қишда ёнмайди. Янада тез тугайди», деб тушунтиришди «Дўстлик» маҳалласида истиқомат қилаётган қариялар.

Шунинг учун оқсоқоллар маҳаллани қайтадан табиий газ тармоғига улаш учун елиб-югуришмоқда.

Биз бу муаммода кимнидир айблаш фикридан йироқмиз. Лекин бир томони «Муборакгаз» конлари, бир томони «Шўртангаз» конларидан газ қазиб олинаётган, чор атрофи табиий газ билан таминланган ҳудудда бу қадар муаммо юзага келиши, одамлар мажбурликдан қишда таппи ёқиб жон сақлашига масъуллар чидаса бўладиган ҳолат, деб қараб келишаётган таассуфли.

Чунки «Дўстлик» маҳалласи газ тармоғи бормаган, узоқ чўл ўртасидаги тарқоқ қишлоқ бўлганда ҳам тушунса бўлар эди, газ билан таъминлашнинг имкони йўқ, мураккаб масала-ку, деб. Лекин гап туман марказидан 500 метр наридаги, чор атрофи табиий газ ёқаётган маҳалла ҳақида бормоқда.

Нега ёндош маҳаллаларга етаётган газ келиб-келиб шу маҳаллага етмай қолаётгани, бошқаларга етиб турган ресурс айнан шу маҳаллага келганда таги кўриниб қолаётгани қизиқ.

Масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор: мабодо табиий газ таъминоти тиклангудек бўлса ҳам маҳалладаги барча хонадонларни бир текис таъминлашнинг имкони бормикин? Ўзи маҳаллада яшовчиларнинг барчаси ҳам табиий газ таъминоти тикланишига розими? Балки ҳозирги ҳолат — суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳам қониқтириб келаётгандир кўпчиликни? Маҳаллада ота-боболари томонидан асрлар оша фойдаланиб келаётган усул — таппи ёқиб, исиниб юришга розилар ҳам кўпдир, XXI асрда ҳам?

Чунки, газдан узишдан аввал маҳалла аҳлидан газ босими пастлиги сабабли аҳолига кўнгилдагидек етказилмаётган газ учун нореал қарздорлик кўпайиб кетиши борасида огоҳлантириб, ариза ёздириб олингани ҳам тилга олиб ўтилди. Яъни, ўша 2013-йилларда газ босими кескин камайган, одамлар ёқмаётган гази учун пул тўлашдан безор бўлган, сўнгра мажбурликдан пропан таъминотига ўтишга рози бўлган, деган фикр ҳам илгари сурилди.

Нима бўлганда ҳам, туман ҳокимлиги, тумандаги газ таъминоти идораси масъуллари ушбу вазиятни — маҳаллани табиий газ тармоғига қайта улаш масаласини синчиклаб ўрганиб кўришлари керак, назаримизда. Албатта, бунинг учун ресурс ҳам, бошқаси ҳам топилади. Ишга виждонан ёндашиш, хоҳиш ва истак бўлса бас.

Аҳоли суюлтирилган газ билан таъминланаётгани, ҳаммаси рисоладагидек эканини ўртага тиқмаслик керак. Биринчидан, суюлтирилган газ одамларнинг қора қозонини қайнатиб туриши мумкин, аммо қишда уйни исита олмайди. Одамларга табиий газ аввало қишнинг қаҳратонида уйи иссиқ бўлиши учун керак.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz махсус мухбири.

Мавзуга оид