Жаҳон | 11:54 / 07.07.2020
13147
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби дунёни пандемиядан кейин икки йўлдан бири кутаётганини айтди

Фото: Global Look Press

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ўз мақоласида ёзишича, коронавирус пандемияси давлатлар ичидаги ҳамда давлатларо муносабатлардаги тенгсизликни чуқурлаштириб юборди. Пандемия якунлангандан кейин дунё фақат иккита йўлдан бориши мумкин.

Бош котиб 6 июлда Aftonbladet нашрида чоп этилган мақоласида таъкидлашича, келажакни олдиндан башорат қилиб бўлмаса-да, у пандемиядан кейин дунё учун иккита йўл - оптимистик ва пессимистик сценарийни кўрмоқда.

Оптимистик сценарий агар давлатлар пандемия билан боғлиқ жорий вазиятни эплай олиб, тикланишнинг муваффақиятли режасини ишлаб чиқиб, ривожланаётган давлатларга етарлича ёрдам тақдим қила олса мумкин бўлади.

Шунингдек, ҳаётга биринчи режанинг татбиқ қилиниши яқин 9 ой  ичида коронавирусдан самарали ва ҳамма учун вакцина яратилишига ёрдам берган бўларди.

“Агар ҳаммаси шундай юз берса, иқтисодиёт секин-аста тикланса, биз 2-3 йилдан кейин нормал ҳолатга маълум даражада қайтиш учун керакли йўналишдан ҳаракатланишни бошлаймиз”, деб таъкидлаб ўтган Гутерриш.

Бироқ кейинги вазият ривожланишининг ёмон варианти ҳам мавжуд. Бу вариант давлатлар пандемияга қарши бирлашмаса вируснинг янги авж олишлари юз беришини, вакцинани яратиш бўйича ишлар чўзилишини ёки уни фақатгина “бой” давлатлар олиши мумкинлигини назарда тутади.

“Агар бу сценарий юз берса, унда сегрегация [табақаланиш], популизм ва ксенофобиянинг кучайишини кўрамиз. Ҳар бир давлат ўзича ёки баъзи муайян вазифалар бўйича ҳамкорлик қилишни истовчи коалициялар таркибида ҳаракат қилади”, деб ёзган БМТ бош котиби.  

Гутерриш пессимистик прогноз амалга ошганининг натижаси сифатида 5-7 йиллик глобал депрессия бошланишини кўришини айтган.   
Унинг таъкидлашича, ҳозирча дунё қай йўналиш бўйича кетаётганини кўриш қийин, бироқ оптимистик прогноз амалга ошиши учун барча ишни қилиш ва пессимистик прогнозга тайёр туриш лозим.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид