Иқтисодиёт | 20:40 / 08.07.2020
3269
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун 16 триллион сўм сарфланади

​​​​​​​Самарқанд вилояти ҳудудий ривожлантириш дастури турли соҳалардаги 1268та лойиҳани ўз ичига олган бўлиб, умумий қиймати 16,4 триллион сўмни ташкил этади.

Бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов бошчилигида ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари иштирокидаги ишчи гуруҳ ўтказган таҳлилда маълум қилинишича, шундан 2021 йилнинг биринчи чораги якунигача 10,3 трлн сўмлик 1183та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Шу лойиҳалар доирасида 2021 йил охирига бориб вилоятда 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаш борасидаги ишларнинг бориши ўрганилган.

Лойиҳалардан 153таси тўқимачилик, мева-сабзавотчилик, озиқ-овқат саноати, ипакчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, ҳунармандчилик, асаларичилик ва заргарлик соҳаларида амалга ошириш бўйича. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 104,2 миллион долларни ташкил этади.

Абу-Даби тараққиёт жамғармасидан жалб этилган 90 миллион доллар Самарқанд шаҳри ичимлик суви таъминоти тизимини замонавийлаштиришга, Жаҳон банки томонидан ажратилган 66 млн доллар эса вилоят ва алоҳида тарзда Каттақўрғон шаҳрида сув таъминоти ва санитария тармоқларини қуриш ва қайта таъмирлашга йўналтирилган. Умуман, мазкур йўналишдаги лойиҳалар учун жами 273,5 миллион доллар сарфланади. Қўшимча равишда 6та туман маркази ва шаҳарчаларда 117,5 миллион долларга канализация тизимларини қуриш ва замонавийлаштириш ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳри марказий кўчалари ва вилоятдаги асосий йўлларни модернизация қилиш учун 217 миллион долларлик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан «Ургут» эркин иқтисодий зонаси фаолияти таҳлил қилиниб, ЭИЗни кенгайтириш учун унга Ургут ва Пахтачи туманларида,  Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида чегаралари аниқ белгиланган 730 гектар ер майдоналари қўшилиши маълум қилинган.

Хорижда яшаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар имкониятлари ҳам инобатга олинган. Улар билан амалга ошириладиган  истиқболли лойиҳалар мавжуд бўлиб бу йўналишда умумий қиймати 366,1 млн долларлик 43 лойиҳа режалаштирилмоқда.

Вилоятда боғдорчилик ва узумчилик учун ерлар кенгайтирилади.

Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида Самарқанд вилоятининг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда экспорт кластерлари моделини кенг жорий этиш орқали боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишга топшириқ берилган.

2020-2021 йилларда бу йўналишдаги ишлар учун 3,1 минг гектар ажратилади. Шунингдек, илгари пахта ва буғдой етиштириш учун фойдаланган 800 гектар майдон ҳам боғдорчиликка ўтказилади.

Ушбу лойиҳалар натижасида вилоятда йиллик мева ишлаб чиқариш ҳажми 334 минг тоннадан 431,5 минг тоннага ошиши кутилмоқда. Бу соҳада 30 фоизлик ўсиш деганидир.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, лойиҳаларнинг аниқ ташаббускорлари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш мақсадида ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.

Анвар Мустафоқулов
Тайёрлаган Анвар Мустафоқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид