Жамият | 14:48 / 10.07.2020
44501
4 дақиқада ўқилади

Чин дуонинг ижобати: бирданига тўрт ўғилли бўлган наманганлик ота билан суҳбат

1 июль куни Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғининг Гулистон маҳалласида яшовчи Ҳозировлар хонадонида тўрт эгизак дунёга келди.

Бундай ноёб воқелик, қаҳрамон она ва унинг тўртала чақалоғи ҳам соғломлиги, болаларнинг барчаси ўғил экани ҳақидаги хушхабар жамоатчилик томонидан ҳайрат ва қувонч билан кутиб олинди. Ижтимоий тармоқларда оилага моддий кўмак бериш бўйича ташаббуслар ҳам билдирилмоқда.

Бирваракайига тўрт ўғилли бўлган ота-она фарзандларига Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Абдураззоқ ва Абдувосит деб исм қўйган.

Биз чақалоқлар ҳолидан хабар олиш ва бахтиёр ота билан танишиш мақсадида Наманган вилояти перинатал марказига бордик.

Гувоҳи бўлдикки, эгизаклар ва уларнинг онаси Мадинахон Икромованинг аҳволи яхши, улар шифокорлар назоратида бўлиб туришибди. Чақалоқларни парваришлаш жараёнида бевосита онанинг ўзи ҳам иштирок этяпти.

«1 июль куни ҳомиладор аёл Мадинахон Икрамова перенатал марказимизда 4 нафар эгизакни дунёга келтирди. Чақалоқларнинг барчаси ўғил бўлиб, туғилганида 1-боланинг вазни 902 грамм, 2-бола 1360 грамм, 3-бола 1701 грамм, 4-бола эса 1400 граммни ташкил этди.

Ҳозирда тўрт эгизак «чақалоқлар реанимацияси» бўлимида барча керакли муолажаларни олишяпти. Уларнинг ҳолатлари динамикада яхши томонга ўзгаришлар билан стабилликда. Чақалоқлар сунъий озуқлантириляпти ва шу билан биргаликда уларга она сути зонд орқали берилмоқда», – дейди шифокор Наргиза Икромова.

Бахтиёр ота – Баҳодиржон Ҳозиров билан суҳбатимизда бугун юрагидан кечаётган туйғулари ва касби-кори билан қизиқдик.

«Ёшим 31да. Вақтинчалик ишсизман. Катта оилада яшаймиз. Биринчи фарзандимиз оламдан ўтиб қолганидан сўнг, эр-хотин Аллоҳдан тинимсиз фарзанд сўрадик. Минг бора шукр, нолаларимиз етиб бориб Яратган бирданига тўрт фарзанд билан сийлади.

Тўғриси, бизни тўрт эгизакли бўлганимиздан оиламиздан ташқари, бутун Чодак қишлоғи хурсанд бўлди. Ҳозир энг бахтли оталардан бириман.

Мана, чақалоқлар саккиз кунлик бўлди. Шифокорларимизни қўллари дард кўрмасин. Уларга катта раҳмат, болаларимизга 24 соат давомида сидқидилдан қарашяпти. Дори-дармондан ҳеч қандай камчилик йўқ. Чақалоқлар соғлом.

Ўзбекистон халқи болажон халқ экани ҳақиқат. Одамларимиз бизга алоқага чиқиб: «Ҳисоб рақам очинглар. Қўлимиздан келганича беминнат ёрдам берайлик», деб таклифлар беришяпти. Чин дилдан кўмак бермоқчи бўлганлар учун албатта ҳисоб рақам очамиз.

Фарзандларимизга исмларни тоғамнинг яқини бўлган тошкентлик имом домлага маслаҳат солиб, сўнг қўйдик. Тўрт ўғилларимизнинг исмлари – Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Абдураззоқ, Абдувосит.

Ўзим соғломман. Аллоҳга шукур, тўрт мучам бут. Ишлаб чарчамайдиган пайтим. Шу пайтгача бирор жойдан, ҳокимиятдан ёки бирор идорадан ёрдам сўрамаганман. Ўзидан сўрадим, фарзандларни берди. Энди ниятим – болаларимни туғруқхонадан соғ-саломат олиб чиқиб, бағримга босиш ва катта қилиш.

Аллоҳ йўлида яхши ният билан ёрдам бермоқчи бўлган инсонларга эса ўз миннатдорчилимни билдирмоқчиман», – дейди Баҳодиржон Ҳозиров.

Биз тўртовлонга узоқ ва саодатли умр, эл-юрт корига ярайдиган солиҳ фарзандлар бўлиб етишишларини тилаб қоламиз. Ажаб эмас, йиллар ўтиб, эгизакларнинг ўзларидан ҳам интервью олсак.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид