Ўзбекистон | 00:47 / 10.07.2020
17696
3 дақиқада ўқилади

«Ҳар бир оилада аввало қўл ювиш учун шароит бўлиши керак» — вазир ўринбосари обдастадан фойдаланмасликни тавсия қилди

«Жойларда юрганимда баъзи қишлоқларда қўл ювиш маданиятининг йўқлигини кўрдим. Обдаста санитар нуқтайи назардан зиёнлироқ анжомга айланяпти», – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова.

Аҳоли орасида маъмурий жаримадан қочиш учунгина ниқоб тақиш, коронавирусни жиддий қабул қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Жойларда олиб борилаётган ташвиқотлар етарли самара бермаётган экан, ташвиқот усулларини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилмаяптими?

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Kun.uz мухбири билан суҳбатда ушбу саволга жавоб бериб ўтди.

«Ташвиқотни бошқача тарзда олиб бориш масаласи кўриб чиқиляпти. Ҳудудларда оналик ва болалик масалалари масъуллари, бирламчи тизимдаги умумий амалиёт шифокори ва патронаж ходимлари билан суҳбат олиб бордик. Ҳар бир оилада биринчи навбатда қўл ювиш учун барча шароит бўлиши керак. Маҳаллалардаги саломатлик мактаблари орқали буни бажаришга ҳаракат қиламиз.

Тарғибот ишларига маҳаллада обрўга эга кишилар жалб этилади. Уларнинг ёнида, албатта, тиббиёт ходими ҳам бўлиши керак.

Биз тарғиботни мунтазам олиб боришимиз керак. Бир мартада «ниқобингни тақ» деган билан ҳеч нарса бўлмаслигини кўряпмиз. Бу турмуш тарзига айланадиган даражага чиқишимиз керак.

Биз энди бошқача яшашимиз керак. Бошқача яшаш учта йўл орқали бўлади – ниқоб тақишни билиш, ижтимоий масофага риоя қилиш, оилада қўл ювиш маданиятини ҳаёт тарзига айлантириш.

Жойларда юрганимда баъзи қишлоқларда қўл ювиш маданиятининг йўқлигини кўрдим. Обдаста санитар нуқтайи назардан зиёнлироқ анжомга айланяпти. Умивальникда ювинганда қўлнинг фақат бир нуқтаси тегади, ундан бемалол фойдаланиш мумкин. Қолаверса, сочиқ тутишнинг ҳам ўз маданияти бор.

Оилада тиббий маданият нақадар муҳимлигини, буни турли танловлар ва жозибали тарғибот усуллари орқали тарғиб қилишимиз кераклигини тушундик. Мисол учун, «Энг озода оила», «Тиббий маданияти энг юқори уй бекаси» каби танловларни эълон қилиш.

Маърузалар ҳозир иш бермаяпти. Тарғиботнинг энг самарали йўллари – ижтимоий тармоқлар, тарқатма материаллар ва танловлар орқали. Танловни ҳам онлайн шаклда, ижтимоий тармоқлар орқали ўтказиш чораларини кўриб чиқяпмиз», – деди Элмира Боситхонова.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид