Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Каттақўрғонда фуқарони бир нечта жойидан пичоқлаган шахс баданга енгил шикаст етказганлик билан айбланмоқда. Жиноий қилмиш тўғри малакаланганми?
Каттақўрғон шаҳридан Ханифа Файзиеванинг ёзишича, жорий йилнинг 29 мартида унинг ўғлини калтаклашади, пичоқлашади. Бир ой давомида ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилмагани, аксинча, шаҳар ИИБ амалдорларидан бири уларга дўқ-пўписа қилганини айтмоқда.
Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Kun.uz мухбирлари Каттақўрғон шаҳрида бўлди.

“Ўша куни А.А. маст ҳолатда қариндошим Фарҳоднинг дарвозасини тепаётганини кўриб, профилактика инспекторига хабар қилдим. Сўкинавергач, ўғлига отасини олиб кетишини айтдим. Шу вақт А.А. юзимга мушт туширди. Жанжал кўтарилгач, улар уч киши бўлиб калтаклашди. Маҳалладагилар ажратиб олгандан сўнг, уст-бошимни тозалаб, кетмоқчи бўлдим. Шу вақт улар яна қайтиб келиб, темир ва пичоқ билан яна ташланишди. Кўп қон йўқотдим, мени шифохонага олиб кетдилар.

Тергов жараёнида жабрланган мен қолиб, уларнинг даъвосини тўлиқ ёзиб олишди. Терговдан умуман қониқмаганимни ўша вақтнинг ўзида айтдим.
29 март куни содир этилган жиноят юзасидан 30 апрелда ИИБ ходими Н.Отабоев мени чақиртирди ва даъвоим йўқ, деб ариза ёзиб беришимни талаб қилди” дейди Лазизбек Файзиев.

“Ўғлим Лазизбек ўша куни соат учларда Сўфи Аллоҳёр” МФЙда яшовчи жияним – ишчиси Фарҳод Рўзиевни ишга чақириш учун боради. Ўша вақтда А.А. катта тош билан жиянимнинг дарвозасини уриб, ташқарига чиқишга ундаётган бўлади. Ўғлим нега бундай қилаётганини сўраганда, тош билан Лазизжонга ташланади. Воқеага гувоҳ бўлганлар уларни ажратиб олишади.
Шундан сўнг ўғлим ва жияним маҳалла биноси ёнида турганларида, “Дамас” русумли шахсий машинасида А.А. икки нафар ўғиллари билан келиб, яна жанжал бошлайди. Улардан бири қўлидаги темир жисм билан ўғлимга зарба беради, яна бири эса қўлидаги пичоқ билан бўйин ва бош қисмига олти маротаба пичоқ уради. Ўғлим кўп қон йўқотгач, шифохонага олиб борилади.
Ўғлим Лазизбек тўққиз кун интенсив даволанди. Худога шукур, шифокорларнинг меҳнати билан у омон қолди” дейди Ханифа Файзиева.

Муаммо шундаки, Ханифа опа билан суҳбатлашганимизда, жиноят содир этилгандан сўнг шаҳар ИИБ ходимлари ва участка профилактика инспектори ҳужжатларни вақтида расмийлаштирмагани, суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб бормагани, тезкорлик билан тиббий экспертизадан ўтказилмагани ҳақида гапирди.
“Жиноят содир этилгандан тўрт кун ўтиб, 2 апрелда турмуш ўртоғим С.Файзиев билан шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза ёзиб бордик. Бизни бошлиқнинг биринчи ўринбосари Мухтор Ахмедов қабул қилди. Унга содир этилган жиноят бўйича ИИБ ходимлари томонидан ҳеч қандай суриштирув-тергов ишлари олиб борилмаётгани сабабли ариза ёзиб келганим ва уни қоидага асосан қайд қилиб олишларини сўрадим. М.Ахмедов “Бошлиқ йўқ, мен аризангизни қабул қиламан” деди. Тўрт кундан буён жиноят иши очилмаётгани, аризам йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини айтгандим, сенсираб, қўпол сўзлар билан хонасидан чиқиб кетишимни талаб қилди. “Хоҳлаган пайтим жиноят иши очилади, хоҳламасам очилмайди, қаерга борсанг бор” деб хонадан куч билан чиқариб юборди. Чиқиб кетаётганимизда турмуш ўртоғим жаҳл устида “Сенлар билан кейин гаплашаман” деганди у кишининг қўлини қайириб, ичкарига олиб кириб кетди. “Керак бўлса эрингни қамайман” деб таҳдид қилди. Ўша куни ками икки соат хўжайиним ИИБ биносида қолиб кетди” дейди Х.Файзиева.

Жиноят содир этилгандан 6 кун ўтиб Л.Файзиев суд тиббий-экспертизадан ўтказилгани айтилмоқда. Жабрланувчилар талаб қилаверганидан сўнг, ИИБ тергов-суриштирув ҳаракатларини бошлаган.
Мазкур ҳолатга батафсил аниқлик киритиш мақсадида шаҳар ИИБга бордик. Аммо бинога кириб интервью олишимизга монелик қилинди. Пандемия сабабли бинога кириш тақиқланган экан. Каттақўрғон шаҳри “яшил” ҳудуд, қолаверса, ташқарига чиқиб маълумот беришлари ҳам мумкин эди. Қизиқ, улар карантин талаблари кучайган вақтда фуқаролар билан қандай ишлади экан? Ваҳоланки, мурожаат ва бевосита ИИБ фаолияти билан боғлиқ шикоятларга бундай муносабатни кутмагандик.

Шундан сўнг вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари ҳамроҳлигида шаҳар ИИБ биносига киришга рухсат берилди. Қизиқ...
Барибир содир этилган жиноят бўйича Каттақўрғон шаҳар ИИБ вакилларидан маълумот олишнинг имкони бўлмади. Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари ташлаб берадиган маълумотгагина таянадиган бўлдик.
“2020 йил 30 май куни Р.Ф. ва А.Б.лар Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан айбли, деб топилиб, ҳужжатлар тегишли тартибда судга юборилган.
Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Мухтор Ахмедов устидан келтирилган важлар бўйича хизмат текшируви тайинланган” дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати берган маълумотда.
Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасидан олинган касаллик варақасида ҳақиқатан ҳам жорий йилнинг 29 март куни Лазизбек Файзиев шифохонага ётқизилган. Унга ёпиқ КЦЖ, бош мия чайқалиши, чап чакка, пешона, тепа энса соҳасида кесилган жароҳатлар бўлгани қайд этилган. Шунингдек, бурун ўнг қаншарида шилинган жароҳатлар, қовоғида юмшоқ тўқималар лат ейиши кузатилган. Ўша вақтда Лазизбек ўрта оғир аҳволда бўлган.



Суратлардан кўринишича, Л.Файзиевнинг бош ва бўйин соҳаларида терининг санчилиб кесилган жароҳатлари мавжуд. Бу жароҳатлар эса унга тиғли жисм билан етказилганлигини кўрсатмоқда.
ИИБ берган изоҳда эса қилмиш жиноят кодексининг 109-моддаси иккинчи қисми билан малакалангани айтилмоқда. Бу моддада соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказишда ифодаланган жиноят назарда тутилади.
Воқеа тафсилотларига, жабрланувчига кесувчи жисм таъсирида етказилган жароҳатлар ва тиббий маълумотномага эътибор берилса ушбу ҳолат тергов органи томонидан тўғри малакаланганлигига шубҳа туғдирмоқда.
Модомики, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган экан, барчасига одил суд қонуний баҳосини беради.
Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Фахриддин ҲОТАМОВ.
Мавзуга оид
23:56 / 20.05.2025
ИИБ ходимини пичоқлаган шахсни қўлга олишда ёрдам берган фуқаро 10 млн сўм билан тақдирланди
20:24 / 19.05.2025
Тошкентда руҳий касал эркак ички ишлар ходимини пичоқлади
09:54 / 11.05.2025
Самарқандда АЁҚШда содир бўлган портлаш қурбонлари сони ортди
18:22 / 08.05.2025