«Ёрдам сўраш – ҳақиқий муҳтож учун сўнгги чора» – карантин ҳаётини қийинлаштирган бир оила ҳақида
Республика бўйлаб карантин эълон қилинганидан сўнг бироз муддат уйимда – Самарқанд вилояти, Қўшработ туманида бўлдим. Бир нечта қишлоқларда муҳтож аёллар билан гаплашдим. Уларнинг ўй-кечинмалари, ҳаётдаги мақсадлари, кўраётган қийинчиликлари ҳақида кўп маълумотга эга бўлдим ва хулосаларимни сиз билан ўртоқлашишга қарор қилдим. Ўтган сафарги мақоладан кейин қатор ижобий фикрлар олдик ва шундай тақдирларни яна олиб чиқишга қарор қилдик.
Гулсара Баҳромова Қўшработ туманидаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилади. 3 ўғли, 1 нафар қизи бор. Турмуш ўртоғи вафот этганидан сўнг рўзғор ташвиши, фарзандлар тарбияси ёлғиз аёлнинг зиммасида қолиб кетди. Келинг, унинг ҳикоясига қулоқ тутамиз.
«Қора меҳнат билан бола боқдим»
«Турмуш ўртоғидан айрилиш оғриғини фақат шу ҳолатга тушганларгина англаб етолади. Ўша пайти нималарни ҳис қилганимни айтиб берганим билан буни тўлиқ ҳис қилолмайсиз. 12 йилдан бери юрак тубидаги оғир юк билан яшаб юрибман. Жудоликдан кейин болаларимни қандай катта қилиб оламан, деган ўй хаёлимни бутунлай банд қилиб қўйди. Нафақа олардим ва табиийки 4 фарзандимга бу етмасди. Улар улғайгунича одамларнинг даласида ишладим, хашак, буғдой, нўхат, беда ўриб берардим. Қора меҳнатда қийналиб бўлса-да, ўз кучим билан болаларимни оёққа турғизишга ҳаракат қилдим. Атрофдагилардан ёрдам кутмасликка уриндим. Яқинларимнинг ҳам ўз ташвиши бор, юк бўлишни истамасдим. Ҳозир 3 ўғлимнинг қўлидан иш келадиган бўлган. Менга ишламанг, ўзимиз пул топиб келамиз, дейишади».
«Қўшнилар навбати билан овқат чиқаришарди...»
«Умрим шу қишлоқда ўтяпти. Ўтган давр билан ҳозиргисини солиштираман. Айниқса, ҳозиргидек қийин вазиятларда одамларнинг бир-бирига бўлган муносабатини солиштириб хулоса чиқариб олсангиз бўлади. Қишлоқ одамлари олдингиларига қараганда анча меҳрсиз бўлиб қолишган. Қизлик давримни эслайман: қўни-қўшничилик оқибатлари кучли эди. Уйда бирон тансиқ таом қилинса, қўшнига улашардик. Бетоб бўлганда, хабар олардик. Онам жигар циррози, отам эса саратон билан касалланиб вафот этишди. Касал бўлган вақтларида қўшнилар навбатма-навбат ҳар куни иссиқ овқат чиқариб туришарди. Ҳозир ўша пайтларни гапириб берсам, ҳайрон қолишади. Биз учун булар табиий ҳодиса эди. Болалигимиздан қўни-қўшничилик оқибати кучли бўлиши кераклиги уқтиришган. Ҳозир пул топиш дардида бўлиб, яқинлар ҳолидан хабар олмай қўйгандирмиз. Телефон орқали ҳам ҳол-аҳвол сўраб қўяверадиган бўлганмиз».
«Карантин бошқалар каби бизга ҳам ўз таъсирини ўтказди»
«Карантин бошлангач, бошқалар каби бизда ҳам қийинчиликлар бўлди. 2 ўғлим шаҳарда турли жойларда ишлаб пул топишарди. Шу орқали рўзғоримизни амаллаб турардик. Вазият ёмонлашгач, улар ҳам қайтиб келишди. Асосий даромадимиздан айрилгач, фарзандларимга бериладиган нафақа билан кун кўрдик. Устига-устак, бозорда нарх-наво ошиб кетган. Айниқса ун нархи ошиб кетганлиги аҳволимизни оғирлаштириб қўйди. Бир қопини 120-130 минг сўмга сотиб олардик, кейин 230 минг сўмгача чиқди.
Икки фарзандимга оладиган 400 минг сўм пулни ҳам озиқ-овқатга ишлатдик. Томорқага сабзавотлар эккандим, ҳаво ёмон келди, бу йил ҳосил унчалик кўп бўлмаслиги аниқ. Одамларнинг боғ ишлари кўпайганидан кейин ахволимиз бироз ўнглангандек бўлди. Ўғлим қишлоқдошларимизнинг боғ ишларига қарашди. Бу мавсумий иш. Иш кўпайган пайти ойига 400-500 минг сўм даромад келади».
«Бошқалардан ёрдам сўраш энг охирги чорам бўлган»
«Шу йилнинг март ойи охирларида пешин вақти одатдагидек тандирда нон ёпаётган эдим. Қизимни қўшниникига овқат олиб бориши учун жўнатдим. Бир пайт ит ҳургани-ю, қизимнинг бақирган овози кела бошлади. Ўша ерга қандай тезлик билан бориб қолганимни эслолмайман. Не кўз билан кўрайки, қўшнининг ити қизимни талаб ташлабди. Кийими йиртилган, танасининг кўп жойлари яраланиб, бир аҳволга келиб қолганди. Ҳаммаси бир зумда бўлиб кетди. Нима бўлганини ҳам англолмай қолдим. Зудлик билан тез ёрдам чақирдик. Қизимни олиб тез ёрдам машинасида туман тиббиёт бирлашмасига бордим.
Қўлимда пулим йўқ эди. Шифохонага борсам, ҳамширалар тиббий ниқобни тақиб олишимни сўрашди. Менда ниқоб йўқ эди. Янгисини сотиб олишгаям пулим қолмаганди. Бир тарафда қизимнинг ахволи, бир тарафдан эса муҳтожлик: мени икки томондан сиқиб келарди. Нима қилишни билмасдим. Кейин туман марказида яшайдиган синглимдан қарз олишга мажбур бўлдим. Синглимнинг ҳам оиласи бор. Пулни тезроқ қайтаришим керак, деб туман ҳокимиятига бир марталик моддий ёрдам сўраб бордим. Ҳокимиятдагилар моддий ёрдам беролмасликларини, фақат озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилишини айтишди.
Сўнг хайрия учун маҳсулот тарқатиладиган омборхонага боришимни айтишди. Ўша ердаги масъул ходима «Сизнинг фарзандларингиз вояга етиб қолган, сизни кам таъминланган оилалар рўйхатидан чиқардик. Шундаям бу ерга келибсиз. Ҳокимиятдан сизга ер ажратилган. У ерга экин-текин қилсангиз бўлади. Нима бўлса, бу ерга келаверманг. Майли, мана бу озиқ-овқатлар қутисини олинг-да, кетинг», дейишди.
Очиғини айтганда, ер олганим билан қудуқ қаздиришга шароит қилолмадик. Деҳқон хўжалиги таркибида бошқа қишлоқдошларга ҳам ер берилганди. Уларнинг қудуғидан фойдаланиб турдик. Ўзингники бўлмагандан кейин ҳар доим ишлатолмайсан. Шунча экин-текин қилсангиз-у, сув бўлмаса, нима қиласиз?
Мақсадим фақат қизимни соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам олиш эди. Уларга буни тушунтиролмадим. Оч қолиб кетсам ҳам, кимдандир ёрдам сўраб боргим келмасди. Қизимнинг бетоблиги шундай йўл тутишимга сабаб бўлди. Шундай қилиб, озиқ-овқат қутисини олиб қайтавердим (олмоқчи эмасдим, лекин уйимизда егулик қолмаганди). Аламим келганидан йиғлаб чиқиб кетдим ўша ердан. Мажбур бўлмаганимда оч қолсам ҳам ҳокимиятга ёрдам сўраб бормасдим. Шу пайтгача ҳокимиятга ёрдам сўраб бормагандим. Бу боришим биринчи ва охиргиси бўлсин, дейман».
Бевага мингта кўз қарайди...
Турмуш ўртоғимдан ажралгач, иккинчи турмуш қуриш ҳақида ҳечам ўйлаб кўрмаганман. Ўшанда фикр-у хаёлим фарзандларимни ҳеч нарсага зориқтирмай вояга етказиш бўлган. Ўрнимда бошқа аёл бўлса ҳам шундай қиларди. Иккинчи турмуш бизларга тўғри келмайди. Шу сабабли бундай фикрларга ўрин қолдирмаганман. Ёлғиз ва эрли аёл ўртасида фарқ жуда катта бўларкан. Турмуш ўртоғи ёнида бўлган аёл кўнгли тўқ юради. Бева қолган аёл эса ҳар қадамини етти ўлчаб босиши керак. Тўй-ҳашамларга ҳам унча боравермайман. Одамлар ҳар бир хатти-ҳаракатимдан бошқача маъно излашлари мумкин, деган хавотир уйғонади хаёлимда».
«Фарзандларимга қарасам, кўзларида мунгни кўраман»
Оилада отанинг ўрни барибир бошқача. Ўғилларим, қизим бошқа тенгдошлари каби беташвиш ўйнаб кулганларини унча эслолмайман. Кўзларига қарасам, бошқача бўлиб кетаман. Дард бор, лекин менга кўрсатишмайди. Уйда ейишга ҳеч нарсамиз қолмаган пайтлар кўп бўлган. Шунда болаларим кўзига қаролмасдим. Улар ҳам мени ноқулай аҳволга солиб қўймасликка ҳаракат қилишарди. Карантин пайти, айниқса, жуда ноқулай аҳволга тушиб қолдик. Вояга етган болаларим бўла туриб қўшнилардан нон сўраб туришгаям уяларкансиз. Сўнг 3 кун нонсиз ўтиришга мажбур бўлиб қолдик.
Шу 3 кун менга кўп нарсаларни ўргатди. Болаларим учун ҳам кучли бўлишим керак. Ўғилларим ўз йўлини топиб кетишар, қизимни эса иложи борича ўқитишга ҳаракат қиламан. Қиз бола касб-ҳунарли бўлгани яхши экан, ҳеч кимга зориқмайди. Келажакда фарзандлари учун ҳам яхши. Ниятларим кўп. Фарзандларим ҳозирги қийинчилик кунларини ортда қолдиришлари учун ҳам бугундан ҳаракат қилишим керак. Энг катта орзуйим – фарзандларим бахт-у камолини кўриш. Яна нимаям керак биз аёлларга...
Kun.uz мухбири Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди
Мавзуга оид
10:09 / 15.07.2022
Самарқандда бокал билан уриб ҳамширанинг бошини ёрган боғча мудираси ишдан бўшатилди
09:34 / 14.07.2022
Самарқандда боғча мудираси методистнинг бошини кружка билан уриб ёрди
21:29 / 02.03.2021
Қўшработда СЭС биносини қуриш ва таъмирлашда талон-торожлик фош этилди
19:23 / 13.11.2020