Ўзбекистон | 15:55 / 11.07.2020
10596
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 2 кг симоб моддасини сотаётган фуқаро тўхтатиб қолинди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида, йўл четида фуқаро М.М.нинг сумкасидаги шиша идиш ичида умумий қиймати салкам 54 миллион сўмлик 2 кг. симоб моддасини «шартли харидор»га сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан тўхтатиб қолинди.

Давлат божхона қўмитаси хабарига кўра, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тезкор тадбир Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ўтказилган.

Маълумот учун, симоб ва симобли бирикмалар – давлат стандартига мувофиқ 8-тоифадаги хавфли юкларга киради.

 

Мирободда 170 млн сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланишига чек қўйилди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни мухофаза қилувчи бошқа орган вакиллари билан ҳамкорликда, Тошкент шаҳар Миробод туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Тезкор тадбир давомида фуқаро Ш.О.нинг Миробод туманида жойлашган хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадон ер тўласидан фуқаро Ш.Г.га тегишли бўлган умумий қиймати 57 миллион сўмлик, жами 4740 қути ҳар хил турдаги Ўзбекистон Республикаси акциз маркалари билан маркаланмаган, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилганини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг, фуқаро Ш.О.нинг онаси Ш.Г. нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадоннинг чап томондаги хона ва унинг остидаги ер тўласидан умумий қиймати 113,6 миллион сўмлик, жами 6350 қути Ўзбекистон Республикаси акциз маркалари билан маркаланмаган, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилганини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган тамаки маҳсулотлари ноқонуний сақланаётгани фош қилинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида умумий қиймати 170 550 000 сўмлик жами 11 090 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланувига чек қўйилди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид