Демократия қалъаси – Америка оталари гавдаланган Рашмор тоғи ҳақида
АҚШнинг Жанубий Дакота штатида жойлашган Рашмор тоғи мамлакатнинг асосий туристик объектларидан бири саналади. Гранит тоғнинг бир томонида АҚШ тарихида муҳим рол ўйнаган тўрт президент – Жорж Вашингтон, Томас Жефферсон, Теодор Рузвельт ва Авраам Линкольннинг монументи ишланган.
Баландлиги 18 метр бўлган бу монументни қуришга 15 йил сарфланган бўлиб, АҚШ Конституциясининг 150 йиллигига топширилган.
«Демократия қалъаси» деб ҳам номланадиган бу объектни томоша қилиш учун пандемияга қадар йилига 2,5 млн.дан зиёд сайёҳ ташриф буюрарди.
Нега айнан улар?
Рашмор тоғида нега айнан бу тўрт президент – Вашингтон, Жефферсон, Рузвельт ва Линкольн қиёфасининг туширилгани ўзига хос сабабларга эга. Улар мамлакат мустаҳкамлиги ва тараққиёти йўлида муҳим рол ўйнаган шахслар ҳисобланади.
Жорж Вашингтон (1732-1799) – АҚШнинг биринчи президенти. Мамлакатнинг асосчи-оталаридан бири, Америка президентлик институти таъсисчиси. Унинг қўмондонлиги остида мамлакат Буюк Британия мустамлакачилиги таъсиридан чиқиб кетган. 1789 ва 1793 йилларда мамлакат президентлигига сайланган. Вашингтон Америка демократиясининг асосчиларидан бири сифатида эътироф этилади.
Томас Жефферсон (1743-1826) – АҚШнинг учинчи президенти. Мамлакатнинг асосчи-оталаридан, АҚШ мустақиллик декларацияси муаллифларидан бири. Унинг президентлиги даврида Франция колонияси бўлган Луизиана АҚШ таркибига қўшиб олинади, натижада мамлакатнинг ўша пайтдаги ҳудуди 3 бараварга кенгаяди.
Теодор Рузвельт (1858-1919) – АҚШнинг 26-президенти, тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати. Мамлакатни бошқарган даврида ишчи синфнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, йирик монопол трест ва корпорациялар фаолиятини чеклаш орқали барча учун тенг бизнес шароитларини яратишга эришди. Сиёсий стратегик объект – Шимолий ва Жанубий Америка қитъасини ажратиб турувчи Панама каналининг қурилишида асосий рол ўйнаган шахслардан бири.
Рузвельт «Катта калтак сиёсати» (Лотин Америкаси давлатларида зиддиятлар юзага келганда уларни АҚШнинг аралашуви орқали ҳал қилишни назарда тутувчи сиёсат) ва Қўшма Штатларнинг халқаро тинчликни таъминлашдаги ролини кўрсатувчи «жаҳон полицияси» атамаларини муомалага киритган.
Авраам Линколн (1809-1865) – АҚШнинг 16-президенти. 1861-1865 йилларда кечган фуқаролик урушини бостириш орқали мамлакат бирлигини сақлаб қолиш, қулликни расман бекор қилиш сингари хизматлари билан тарихда қолган.
Мемориални бунёд этиш ғояси Жанубий Дакота штати маъмуриятида хизмат қилган ўлкашунос ва тарихчи Доан Робинсдан чиққан. Америка тарихининг қийматини тошга муҳрлаш ва америкача демократиядан ғурур рамзини яратиш – Рашмор тоғида миллий мемориални бунёд этишдан кўзланган мақсад шу эди.
Қурилиш хронологияси
Биринчи бўлиб Жорж Вашингтоннинг қиёфаси тайёрлаб битказилади, унинг тантанали очилиши 1934 йил 4 июлда ўтказилади.
Томас Жефферсоннинг тасвирини туширишга 2 йилдан ортиқроқ вақт кетди. Аммо қояда йирик ёриқлар пайдо бўлгани боис, тасвирни қайтадан – Вашингтоннинг қиёфасига нисбатан ичкарироқда тасвирлашга тўғри келди. Жефферсон ҳайкалининг очилиши 1936 йилда президент Франклин Рузвельт бошчилигида ўтказилади.
Монумент қурилиши ишчилардан қояда ҳаракатланиш кўникмасини талаб этган.
Авраам Линколнинг тасвири 1937 йил 17 сентябрда – АҚШ конституцияси имзоланган сананинг 150 йиллигига топширилади.
Бошқаларга қараганда анча ичкарида жойлашган Рузвельт монументи 1939 йилга келибгина битказилади, чунки у жойлашиши керак бўлган ўринда қалъанинг катта бўлаги ажралиб тушади ва қиёфани қайта қуришга тўғри келади.
Ҳар тўртала ҳайкал қуриб битказилгандан кейин ҳам монумент устида ишлар давом эттирилади – лойиҳага кўра, президентларнинг кўкрак қисмигача бўлган барелефи ҳам қурилиши керак эди. Аммо 1941 йилда монументнинг асосий меъмори – Гутзон Борглум вафот этади, Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши натижасида молиялаштириш тўхтайди, булар қурилиш ишларининг шу ҳолатда якун топишига сабаб бўлади.
1941 йил 31 октябрда монумент тўла битказилгани эълон қилинади.
Рашмор тоғи устида кечган 14 йиллик меҳнат давомида 450 минг тонна гранит кўчириб туширилган бўлиб, шундан 90 фоизи портлатувчи моддалар ёрдамида, 10 фоизи қўл меҳнати асосида кўчирилган.
Президентлар монументини бунёд этиш ўта қийин шароитларда кечган бўлса-да, биронта ишчининг ҳаёти қурбон этилмагани меъморчилик техникаси жуда ривожланмаган давр учун катта ютуқ сифатида эътироф этилган эди.
Монументнинг барпо этилишига 1 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024