Ўзбекистон | 21:28 / 15.07.2020
16423
2 дақиқада ўқилади

«Ҳокимлар ҳақиқий аҳволни ўрганмаган» – Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирусга қарши курашиш борасидаги ишлар танқид қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

«Коронавирус касаллиги юртимизга кириб келганидан бери давлатимиз раҳбари эпидемиологик ҳолатни жиддий назоратга олиб, деярли ҳар бир йиғилишда бу масалага тўхталиб ўтмоқда. Кеча бўлиб ўтган селекторда ҳам жойларда бу борадаги ишлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилган эди. Уларнинг ҳозирги мураккаб вазиятни тўғри баҳолай олмаётгани, хавфни тушуниб етмаётгани аёнлашди.

Айниқса, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ишониб топширилган ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганмаган. Тиббиёт муассасаларидаги реал вазиятни билмайди. Аҳолини вирусдан огоҳлантириш ва сақлаш, касалларни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун масъулиятни ҳис қилмаган», деди бугунги йиғилишда давлат раҳбари.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам, кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилган, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаган.

Тошкент шаҳрида касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаяпти. Дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилган, бу эса аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда Тошкент шаҳри шифохоналарида 418та, Тошкент вилоятида эса 816та штат бирликлари бўш тургани вазирлик ва ҳокимият томонидан жорий вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан далолат беради.

Йиғилишда аҳоли коронавирус ва бошқа касалликлар бўйича қаерга бориб мурожаат қилишни ва даволанишни билмай, сарсон бўлаётгани, шошилинч тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб тушиш қийинлашиб кетгани таъкидланган.

– Яна бир бор таъкидлайман. Айни пайтда бутун дунё, шу жумладан, биз ҳам кўринмас душман билан чин маънода уруш олиб боряпмиз. Бу вируснинг барча хавф ва хатарини тўғри баҳолаб, ҳар томонлама тайёргарлик кўриб курашсак, уни албатта енгамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид