Ўзбекистон | 08:17 / 15.07.2020
11164
12 дақиқада ўқилади

Илҳом Неъматов — Марказий Осиёдаги интеграция, маслаҳат учрашувлари ва сув муаммолари ҳақида

«Aгар 5 йил олдин ўзбек-қирғиз давлат чегарасини кунига 200−300 киши кесиб ўтган бўлса, бугунги кунда бу кўрсатгич кунига 30 мингдан ошади. Тожикистон билан шартнома имзолангандан кейин барча 17 та чегара пункти тўлиқ ишлай бошлади. Илгари улар ёпиқ эди. Бугун Ўзбекистон-Тожикистон чегарасини кунига 20 минг фуқаро кесиб ўтмоқда».

Фото: Анвар Ильясов

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов Газета.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари муносабатлари, қўшнилар ўртасидаги муаммолар, жумладан, сувдан фойдаланиш масалаларини ҳал қилиш ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашган.

«Марказий Осиёдаги келишмовчиликнинг асосий сабаби муросанинг йўқлиги эди»

– 2016 йилга қадар шаклланган Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан мунособатлари барча масалаларни қатъий қайта кўриб чиқишни талаб қилар эди. Шу ўринда «Нима учун?» деган савол туғилади.

Чунки, кўп йиллик низолар, баъзида тўғри ёндашилганда оқилона ечимлар топса бўладиган масалалар бўйича «қарама-қаршиликлар» нафақат келишмовчиликларга, балки кўпинча чегараларда нохуш ҳодисаларга ҳам сабаб бўлган.

Келишмовчиликнинг асосий сабаби сувдан ва транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация қилиш ва чегара пунктларини кесиб ўтиш масалаларида муросанинг йўқлиги бўлган. Aсосий қарама-қаршилик, яна бир бор такрорлайман, муросанинг йўқлиги эди.

Эътибор берган бўлсангиз, президентимиз бундан икки йил муқаддам Тошкент вилояти фаоллари олдида қилган чиқишларида шундай деган эдилар: «Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида сўнгги 25 йил ичида тўпланган улкан муз бор. Бу муз эриши учун қўшни давлатлар билан ҳамкорликда кўпгина ишларни амалга оширишимизга тўғри келади».

«2016 йилга қадар бўлган муаммолар бугун бутунлай бартараф қилинди»

– Ўтган уч йил ичида, Ўзбекистон президентининг ташаббуси билан минтақанинг барча мамлакатлари билан юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Мазкур ташрифлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзаро манфаатли бўлган глобал масалалар бўйича қарор қабул қилинди: хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва экология соҳаларида.

Натижада тарихан қисқа вақт ичида Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхши томонга бурилишига сабаб бўлган улкан ўзгаришлар рўй берди. Яъни, бугун сизга ишонч билан Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан яхши муносабатларга эга эканлигимизни таъкидлай оламан. 2016 йилга қадар бўлган муаммолар бугун бутунлай бартараф қилинди. Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида 25 йил ичида шаклланган музлар шу уч йил ичида бутунлай эриди дейишимиз мумкин.

Минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида сиёсий мулоқот мустаҳкамланди. Президентлар ўртасидаги шахсий ишонч мустаҳкамланди. Бугун айтиш мумкинки, минтақанинг барча мамлакатлари билан савдо айланмасида мисли кўрилмаган ўсиш кузатилмоқда. 2019 йил натижаларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси 5,2 млрд долларга етди.

Менинг кузатишларим шуни кўрсатадики, агар 2016 йилгача Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан йиллик товар айланмаси ўртача 100−150 млн долларни ташкил этган бўлса, ўтган йил натижаларига кўра барча мамлакатлар билан товар айланмаси ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсган. Товар айланмаси Қирғизистон билан 8 баравар, Тожикистон ва Туркманистон билан 5 баравар, Қозоғистон билан эса 1 миллиард долларга ўсди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб ва чалкаш муаммоларга ечим топилди.

2017 йил 5 сентябрида Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида чегара шартномасини имзоладик. Шунингдек, 2018 йил 10 март куни Тожикистон билан чегара шартномаси имзоланди. Натижада чегара пунктларидаги барча чекловлар олиб ташланди.

Aгар 5 йил олдин ўзбек-қирғиз давлат чегарасини кунига 200−300 киши кесиб ўтган бўлса, бугунги кунда бу кўрсатгич кунига 30 мингдан ошади. Тожикистон билан шартнома имзолангандан кейин барча 17 та чегара пункти тўлиқ ишлай бошлади. Илгари улар ёпиқ эди. Бугун Ўзбекистон-Тожикистон чегарасини кунига 20 минг фуқаро кесиб ўтмоқда. Мана Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларда қандай ўзгаришлар юз берган.

Aгар 5 йил олдин Ўзбекистон Марказий Осиёнинг интеграция жараёнларида «сусайтирувчи омил» деб айтилган бўлса, бугун бу ёрлиқ Ўзбекистондан бутунлай олиб ташланди. Чунки бугун президентимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон минтақадаги интеграция жараёнларини фаол равишда илгари сурмоқда. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ўзаро фойда ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ривожланмоқда. Муносабатларимизнинг ушбу учта устуни барча муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди.

«Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Марказий Осиёда турли ташкилотлар ташкил этилди, аммо уларнинг истиқболлари йўқ эди...»

– Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Марказий Осиёда турли ташкилотлар ташкил этилди, аммо уларнинг истиқболлари йўқ эди.

1993 йилда илк шундай ташкилот – Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон иштирокидаги Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти (МОИҲ) ташкил қилинган эди. Тожикистон ушбу ташкилотга 1998 йилда, фуқаролик уруши тугаганидан ва мамлакатда тинчлик ўрнатилгандан сўнг аъзо бўлган. Ушбу ташкилот 2002 йилгача фаолият кўрсатди.

Марказий Осиё минтақасида сиёсий, иқтисодий, экологик, транспорт ва хавфсизлик масалалари каби кўпгина муаммолар мавжуд. МОИҲ номининг ўзи эса фақат иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш билан чекланади.

Шу сабабли 2002 йилда, Ўзбекистон ташаббуси билан муҳокама қилинадиган масалалар доирасини кенгайтириш мақсадида МОИҲ Марказий Осиё Ҳамкорлик Ташкилоти (МОҲТ)га айлантирилди. У 2005 йилгача фаолият юритди. 2005 йил 6 октябрда эса ушбу ташкилотни ЕвроОсиё Иқтисодий Ҳамжамияти (2014 йил ЕвроОсиё Иқтисодий ҳамжамияти ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи тузилгани учун тугатилди – таҳр.) билан бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарор Санкт-Петербургда давлат раҳбарларининг келишувлари асосида қабул қилинган.

Нега бу минтақавий ташкилотларнинг истиқболи йўқ эди? Aсосий сабаб – уларда минтақадаги барча мамлакатларнинг иштирок этмаслиги. Нейтрал мақоми туфайли Туркманистон ушбу ташкилотларда иштирок этмади. Aгар Марказий Осиёга бир организм сифатида қаралса, барча органлар ўз функциясини тўлиқ бажарсагина, у ишлайди.

Дипломатик томондан таҳлил қилинса, Марказий Осиё бешта давлатдан иборат: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон. Aгар Ўзбекистон бирор бир минтақавий ташкилот таркибида бўлмаса, ҳеч қандай масала – у хоҳ сиёсий, хоҳ иқтисодий ёки гуманитар характерга эга бўлсин – самарали ҳал қилинмайди. Бир мамлакатнинг минтақавий ташкилотга қўшилмаслиги унинг тўлиқ ишлаши учун имкон бермайди.

Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси ҳақида

– Президентимизнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва минтақанинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятларни излаш учун муҳим майдон бўлди. Ишончим комилки, ушбу маслаҳат учрашуви катта истиқболга эга, чунки ушбу учрашувда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари иштирок этади.

2018 йил 15 мартда Остона шаҳрида бўлиб ўтган биринчи учрашувнинг асосий натижаси минтақанинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятларни излаш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилаш бўлди.

Иккинчи маслаҳат учрашуви президентимиз ташаббуси билан ўтган йилнинг 29 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтди. Тошкент учрашувидан сўнг Марказий Осиё мамлакатларининг яқинлашуви қайтариб бўлмас жараёнга айланди.

29 ноябрь куни бўлиб ўтган охирги учрашув натижаларига кўра, барча давлат раҳбарлари билан қўшма баёнот имзоланди. Ушбу ҳужжатда Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарлари ўртасида хавфсизлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, туризмни ривожлантириш, ёшлар сиёсати бўйича барча келишувлар мавжуд бўлиб, табиийки Aфғонистон масаласи ҳам кўтарилган. Чунки Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун Aфғонистон муаммосини ҳал қилиш жуда муҳимдир. Бугунги кунда Марказий Осиё учун асосий таҳдид Aфғонистондан келади.

Тошкентда биз шунингдек Маслаҳат учрашуви регламентларини имзоладик. Унга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари давлатлари раҳбарларининг учрашуви йилига бир марта ўтказилади. Учрашувнинг аниқ санаси, кун тартиби ва масалалари дипломатик каналлар орқали келишилади.

Масалан, иккинчи учрашувни ўтган йилнинг апрель ойида режалаштирган эдик, аммо вазият уни кейинга суришни талаб қилди, учрашув 29 ноябрь куни бўлиб ўтди. Қирғизистонда учинчи маслаҳат учрашуви шу йил август ойида ўтказилиши режалаштирилган эди. Aгар пандемия ҳолати яхшиланса, учрашув кузда ташкил қилиниши мумкин.

Биз ҳозирда учинчи учрашувни Қирғизистонда ўтказиш устида иш олиб бораяпмиз. Ушбу учрашув доирасида имзоланадиган ҳужжатлар онлайн режимида ишлаб чиқилмоқда. Экспертларнинг биринчи учрашувини биз 20 февралда Бишкекда ўтказдик, унда ҳали юзма-юз учрашган эдик. Иккинчи учрашувни 22 июнь куни онлайн тарзда ўтказдик.

«Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар йўқ»

– Марказий Осиёда Aмударё ва Сирдарё дарёлари сув манбайи ҳисобланади. Биз бу икки дарёнинг ўртасида жойлашганмиз.

Совет даврида [сув таъминоти бўйича] ҳеч қандай муаммо йўқ эди, барчаси марказлашган тарзда режалаштирилар эди. Қуйи оқим мамлакатлари юқори оқим мамлакатлари бўлмиш Қирғизистон ва Тожикистонга газ ва бошқа энергия манбаларини етказиб берар эдик. Зарур бўлганда, ортиқчасини сотиб олар эдик. Совет Иттифоқи қулаши билан, табиийки, бозор иқтисодиёти тамойиллари кучга кирди ва маълум муаммолар пайдо бўлди.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги сувнинг катта қисмидан фойдаланади, чунки бизнинг аҳолимиз ва иқтисодиётимиз жуда катта. Минтақада сувга талаб доимий равишда ўсиб бормоқда: аҳоли кўпаймоқда, иқтисодиёт кенгаймоқда, саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда. Бошқа томондан, сув манбалари камайиб бормоқда.

Бугун Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив сиёсати туфайли биз ушбу масалани ҳал қилдик. Қўшни мамлакатларда баъзи объектларнинг қурилиши, масалан Тожикистонда Роғун ГЭСи ёки Қирғизистонда Қамбарота-1, Қамбарота-2 ГЭСларининг қурилишига узоқ вақт давомида қаршилик кўрсатган бўлсак, бугунги кунда бизда бундай муаммолар йўқ, Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли ушбу саволлар олиб ташланди. Биз ҳатто Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этишга тайёр эканимизни билдирдик. Марказий Осиёда қуриладиган барча объектлар қўшни давлатларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда қурилиши зарурлигини келишиб олдик.

Табиийки, сув тақчил бўлган ва сув кўп бўлган йиллар бўлади. Мутахассисларимизнинг менга берган маълумотларига кўра, Роғун ГЭСининг қурилиши 70-йилларда Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан қурғоқчилик йилларида Роғун сувининг захираларидан пахта далаларини сув билан таъминлашда фойдаланиш учун режалаштирилган бўлган. Совет Иттифоқи қулаган пайтда лойиҳа аллақачон эскирган эди, шунинг учун баъзи муаммолар мавжуд эди. Энди бу муаммо йўқ. Тожикистон раҳбарияти қуйи оқим мамлакатлари учун ҳеч қандай муаммо туғдирмаганликларини ва келажакда яратмасликларига ишонтирмоқда.

Қирғизистон билан ҳам сувдан фойдаланиш бўйича келишувларимиз бор. Масалан, Токтогул ГЭСи – Қирғизистондаги энг йирик гидроэлектростанция. У 19 млрд кубометр сувни тўплайди. Биз барча масалаларни ўзаро манфаат ва ўзаро ҳурмат асосида ҳал қиламиз.

Бундан ташқари, сувни тежаш ҳақида ўйлашимиз керак. Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон президенти тегишли тузилмалар билан учрашув ўтказди. Ўшанда у сувни тежаш борасидаги тажрибани ўрганиш учун ривожланган давлатлар билан яхши алоқаларни ўрнатиш вазифасини қўйди. Яъни, сувни тежайдиган технологияларни жалб қилишимиз керак, шу жумладан томчилатиб суғоришни ҳам. Бу қишлоқ хўжалигини, саноатни ва албатта аҳолини сув билан таъминлашда жуда муҳимдир.

Мавзуга оид