Ўзбекистон | 16:52 / 16.07.2020
14719
2 дақиқада ўқилади

Имтиёз ҳақида дастурга маълумот киритиш шарт эмас - ДТМ тавсиянома олган хотин-қизларга мурожаат қилди

Тавсияномага эга хотин-қизлар ҳақидаги маълумотлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Давлат тест марказига тақдим этилади ва мазкур маълумотлар асосида абитуриентларга имтиёз қўлланади. Шунинг учун бундай тавсияномага эга абитуриент онлайн рўйхатдан ўтишда тавсиянома маълумотларини дастурга киритмайди.

15 июль куни хотин-қизлар учун давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча 4 фоизли грант учун тавсиянома беришнинг охирги куни эди.

Ҳудудлардаги ишчи гуруҳлардан тавсиянома олган қизлар энди тест синовида ҳам қатнашиб, олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли учун қўшимча 940та давлат грантига эга бўлиш учун ҳаракат қилади.

Бугун, 16 июль куни Давлат тест маркази тавсияномани қўлга киритган хотин-қизларга мурожаат қилди.

ДТМ мурожаатида тегишли тавсияномалар 15 июлга қадар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан хотин-қизларга берилиши ва вазирлик томонидан 20 июлгача тавсиянома берилган талабгорларнинг якуний рўйхати Давлат тест марказига тақдим этилиши белгиланганини яна бир бор эслатилган.

«Яъни тавсияномага эга хотин-қизлар ҳақидаги маълумотлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Давлат тест марказига тақдим этилади ва мазкур маълумотлар асосида абитуриентларга имтиёз қўлланади.

Шунинг учун, бундай тавсияномага эга абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтишда тавсиянома маълумотларини дастурга киритмайди», дейилади ДТМ хабарида.

Мавзуга оид