Ўзбекистон | 16:50 / 16.07.2020
23995
10 дақиқада ўқилади

Она тили дарслари нега қисқартирилмоқда? — Республика таълим маркази директори билан суҳбат

Халқ таълими тизимида она тили фани соатларининг қисқараётгани шу кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бу борадаги баҳслар Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг масала юзасидан тушунтириш бериши ҳамда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодировнинг вазир фикрларига нисбатан билдирган эътирозларидан кейин анча жонланди.

Kun.uz мухбири масала юзасидан батафсил маълумот олиш ҳамда фан соатларининг нима сабабдан оптимизация қилинаётганига аниқлик киритиш мақсадида Республика таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторов билан интервью уюштирди.

– Шуҳрат ака, мавзуга киришдан аввал таълим маркази фаолияти бўйича маълумот берсангиз.

– Республика таълим маркази таълим тизимининг юраги деб айтишимиз мумкин. Таълимнинг мазмун-моҳияти ва кейинги режалари айнан шу марказда тайёрланади. Оддий ўқув стандартларидан бошлаб, ўқув дастури ва дарсликлар, ўқитиш методикасигача шу ерда яратилади. Нимани ўқитамиз ва қандай ўқитамиз, деган саволларга республика таълим маркази жавоб беради.

– Фикр ва мунозараларга сабаб бўлаётган ўзгариш – мактабларда она тилини фани соатларининг қисқаришдан қандай мақсад кўзланган? Шунингдек, бу фан мисолида айнан қандай оптимизация кутилмоқда?

– Биринчи навбатда қайд этиб ўтиш лозимки, Алишер Қодировни кучли сиёсатчи сифатида биламиз, лекин у бундай баёнот беришдан аввал масаланинг моҳиятига етиб борганида жуда яхши бўларди. Бугун олдимиздаги асосий мақсад ўзгариш эмасми? Тараққиётни хоҳласак, ўзгаришимиз керак эмасми? Янгиликларни қабул қилишимиз керак эмасми? Агар биз ҳар қандай янгиликка эҳтирос билан муносабат билдирадиган бўлсак, бу ўша янгиликни омма олдида ёмонотлиқ қилиши мумкин. Ёки ҳукуматни халққа душман қилиб кўрсатиши мумкин. Баёнотда бир қатор англашилмовчиликлар мавжуд. Тил бу – инсон тафаккурини шакллантирувчи жуда катта хазина, бойлик. Биз ҳам айнан тилнинг орқасидан шунчалик азиз бўлиб юрибмиз.

Халқ таълими вазирининг 52-сонли буйруғи мавжуд – “Умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режасини тасдиқлаш тўғрисида”. Умумий ўрта таълим мактаблари учун ҳафталик ўқув соатлари белгиланади. Бир ҳафта давомида бола қайси фанни неча соат ўқиши белгилаб берилган. Бунда ҳеч бир синфда она тили икки соат ўқитилиши кўрсатилмаган. Ваҳоланки, баёнотда она тили икки соат ўқитиларкан, деб айтилмоқда. Бу йил мақбуллаштирилган бошланғич 2-, 4-, синфларда ўқувчи она тилини 7 соатдан ўқияпти. 5-, 6-синфларда эса олти соатдан ўқияпти. Яъни ўқувчи бир кунда бешта фан ўқиса, шулардан бири она тили.

Ўқувчининг синфда бирон фанни ўзлаштириш учун ажратган вақтини кўрсатувчи ўқув юкламаси мавжуд. Ўқувчилар ҳафта давомида 327 соат вақтини синфхонасида турли фанларни ўқиш билан ўтказишади. 2019-2020 ўқув йилида мана шу кўрсаткич 327 соат эди, янги ўқув йилидан бошлаб буни янада мақбуллаштириш топшириғи берилди. Ҳафталик ўқув юкламасини 314 соатга қисқартирдик. Ўқув юкламаси 327 соат бўлганда, шунинг 68 соати она тили ва адабиёт фанлари учун ажратилар эди. Бу умумий ўқув юкламасининг 20,7 фоизини ташкил этарди.

Янги ўзгариш – 314 соатлик ўқув юкламаси бўйича она тили ва адабиёт фани 57 соат ўтилади. Бу умумий ўқув юкламасининг 20,4 фоизини ташкил этади. Яъни ўзгариш ҳаттоки бир фоиз ҳам эмас.

Дарсликларда грамматика, назария камаймоқда, эндиликда уларни ҳазм қилиш ҳам осонлашади. Шу нарсани ҳам унутмаслик керакки, ўқувчи ҳафтанинг 6 кунида битта фанни такрор ва такрор ўқийдиган бўлса, бу унга оғирлик қилади. Ўзлаштириш сифати тушиб кетади. Халқаро таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳафта давомида 5 соатдан ортиқ ўрганилган ҳар қандай фан ўқувчини зада қилиб қўяди. Ўқувчи бугун ўзлаштиради, эртага келиб яна ўзлаштиради... Ваҳоланки, бизнинг китобларимиз грамматика, назария қонун-қоидалари билан тўлдириб ташланган экан, бола буни қандай қилиб ҳазм қилиши мумкин? Бу муаммо ўзлаштириш кўрсаткичи билан боғлиқ камчиликларни келтириб чиқармоқда.

Ўқувчига ҳафтасига 4-5 соат дарс берайлик, осон, ҳаётда татбиқ этиладиган амалий қоидалар, машғулотлар орқали ўргатайлик. Бола мана шунда ўзининг тилини яхши тушунади. Шундагина бу тил унинг тафаккурига хизмат қилади.

– Она тили фани оптимизацияси борасида ташаббускорлар кимлар ва қайси мутахассислар ишламоқда? Бу борада қайси хорижий давлатларнинг тажрибаси асос қилиб олинмоқда?

– Республика таълим марказида ҳар бир фан бўйича илмий-методик кенгашлар мавжуд. Бу кенгашларга соҳанинг етук олимлари, амалиётчи ўқитувчилар жалб этилган. Айнан она тили ва адабиёти бўйича илмий-методик кенгашда Ҳамидулла Дадабоев, Низомиддин Маҳмудов, Бахтиёр Менглиев, Қозоқбой Йўлдошев, Валижон Қодиров каби соҳанинг йирик олимлари жамланган. Мутахассислар томонидан ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар натижасида шундай хулосага келиндики, тилни ўқитиш сифатини соатларга боғлашимиз керак эмас. Сифатни кўпроқ методика ва амалиёт билан боғлашимиз керак. Шундагина болада ўрганаётганини ҳаётда қўллаш кўникмаси пайдо бўлади.

Бутун дунёда халқаро баҳолаш дастури – PISA мавжуд. Бу дастур ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичини баҳолайди. Дастурнинг бир қисми сифатида тил кўникмаларини баҳолаш ҳам бор. Шу рейтингда бугун Финляндия, Эстония, Беларусь, Англия, Жанубий Корея мамлакатларининг ўқувчилари юқори ўринларда туради. Биз ҳам хорижий тажрибани ўрганишда эътиборимизни шу давлатларга қаратдик.

Мисол учун, Эстонияда она тили ҳафта давомида 39 соат, Германияда 41 соат, Финляндияда 42 соат, Жанубий Кореяда 46 соат ўқитилади. Бизда эса бу фан 64 соат ўтилади. Ўзбекистонда йил давомида 1938 соат она тили ва адабиёт ўқитилади. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири. Юқорида номи келтирилган мамлакатларда ҳам йил давомида ўртача 1300-1600 соат ўргатиляпти. Она тили ва адабиёт бизда иккита алоҳида фан ҳисобланади. Лекин дунёнинг аксарият мамлакатларида бу фан ажратилмайди. Ваҳоланки, адабиёт ҳам тилга хизмат қилади.

– Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабни битираётган ёшлар саводсиз бўлиб катта бўлди, деган фикрни айтган эди. Она тили ва адабиёт учун шунча кўп соат ажратилганига қарамай, нега бола саводсиз бўлиб битириб чиқяпти? Хатоликлар қаерда?

– Биз ўқувчиларни кўпроқ қонун-қоидалар билан, матнлар билан банд қилиб қўйдик. Уларга нима, қачон, қаерда, деган саволларга жавобларни ёдлатдик. Ёд олишга         йўналтирилган матнлар, дастурларни бериб келдик. Ваҳоланки, бугун бутун дунё қандай қилиб, деган саволга жавоб изламоқда. Моҳият, яратувчанлик, ижодкорликка диққат қаратилади.

Ўзим ҳам филологман. Мени бошқалар тилни яхши биладиган мутахассис сифатида билса керак. Лекин мен ўзимни баҳолайдиган бўлсам, она тилининг бугунги қонун-қоидаларига кўра, 2 ёки 3га тортишим мумкин. Сабаби қонун-қоида, грамматика, назария. Бутун дунёда ижодий ёзиш деган алоҳида йўналиш бор. Шундай йўналишлар мавжуд бўлган бир пайтда бизнинг олимларимиз фақатгина назариянинг устида илм билан машғул бўлишди ва шунинг орқасидан катта унвонларни олишди.

Тил нуқтаи назаридан тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, воқеага муносабат билдириш каби кўникмаларни фарзандларимизда қачон шакллантира оламиз? Дарсликлар эса қонун-қоидалар билан тўлдириб ташланган.

Яқин фурсатда айнан шу йўналишда янги авлод дарсликларини яратмоқчимиз. Мисол учун, 5-синф она тили дарслиги мисолида кўрадиган бўлсак, Низомиддин Маҳмудов бошчилигида жуда яхши дарслик қилинди. Унинг 40 фоиз назария қисми олиб ташланди. Буларнинг ўрнига биз матн бердик. Бола кўпроқ матн билан ишласин ва ундаги моҳиятни тушунсин. Амалиётчи ўқитувчилар билан ҳам фикрлашганда шунга амин бўлдикки, бугун мактабларнинг ўзи ҳам назариядан қочишга ва амалиётга йўналтиришга кўпроқ муҳтож экан. Дарсликлар шу пайтгача олимлар томонидан ёзилган ва уларни ҳазм қилиш қийин. Ўқувчи тугул ўқитувчи ҳам уларни ҳазм қила олмайди.

Янги ўқув йилидан бошлаб дарсликларни яратишда амалиётчи ўқитувчилар ҳам муаллиф сифатида иштирок этиши таъминланмоқда. Чунки ўқувчининг салоҳияти уларга аён. Олимлар янгиликлар билан бойитса, улар кўпроқ амалиётга йўналтиради. Мана шу ҳамфикрлик яхши дарсликнинг яратилишига хизмат қилади.

– Халқ таълими вазирлигини мактабларда она тили фани соатларининг кўплиги ташвишга солаётган экан, лекин нега 30 йилдан бери муаммо бўлиб келаётган алифбо масаласида бирор марта гапирмайсизлар? Ахир бу билан ҳам миллионлаб ёшлар икки ҳарфли, қўпол қилиб айтганда, савод масаласида билимсиз қилиняпти-ку. Нега бу масалада вазирлик жим?

– Бугун Халқ таълими вазирлигида жуда катта ўзгаришлар бормоқда. Вазирлик ва унинг бўйсунувидаги ташкилотлар биринчилардан бўлиб ҳужжатларни лотин ёзувида олиб борадиган давлат муассасаларидан бирига айланди. Тил ва ёзув умуммиллий аҳамиятга эга масала ҳисобланади. Биргина вазирлик доирасида буни ҳал қилишнинг имкони йўқ. Тўғри, биз ўзимизнинг қатъий позициямизга эга бўлишимиз керак. Эҳтимол, яқин фурсат ичида шундай бўлади. Чунки биз етиштириб чиқараётган кадрлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Сафимизга бугун қўшилаётган ходимлар лотин ёзувини, ёши катта ходимлар эса кирилл ёзувини маъқул кўришади. Шу нуқтада икки авлод ўртасида тўсиқ юзага келгандек ҳам туюлади.

Менимча, умуммиллий аҳамиятга эга бўлган ҳар қандай ислоҳот тўла амалга ошиши учун барибир ҳам авлодлар алмашинувига эҳтиёж сезамиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

Мавзуга оид