«SULTON TEX GROUP»нинг ҳукумат аъзоларига қарши аризаси бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди
«Sulton Tex Group» хусусий корхонаси Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев устидан Қибрай туман маъмурий судига шикоят аризаси киритгани хабар қилинган эди.
Бугун, 16 июль куни Қибрай туман маъмурий судида судья Аҳрорбек Эралиев раислигида мазкур иш бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда суд жараёнини кузатган Kun.uz мухбири.
Судда даъвогар «Sulton Tex Group» хусусий корхонаси вакиллари ва жавобгар томондан Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Хўжаев ва унинг ўринбосари Ш.Тешаевлар номидан вазирлик масъул ходимлари иштирок этди.
Даъвогар томон вакилларининг иштироки Қарши туманидан туриб, видеоконференцалоқа режимида ташкил этилди.
Судда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти ва салоҳиятини баҳолаш бўйича Республика Ишчи гуруҳи вакилларининг иштироки таъминланмагани боис суд мажлиси бошқа кунга қолдирилди (жавобгарлардан бири – Ўктам Барноев ушбу ишчи гуруҳи раҳбари саналади).
Навбатдаги суд мажлиси шу йилнинг 23 июлига белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, «Sulton Tex Group» хусусий корхонасининг Қарши туманидаги пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери фаолияти Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев томонидан 2020 йил 8 апрел куни имзоланган йиғилиш баёнига асосан тугатилганди.
Кейинчалик, Қарши туман маъмурий суди Қарши туман ҳокими ва ҳокимлик мансабдор шахсларига «Sulton Tex Group» хусусий корхонаси кластер фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уриниши тақиқлаб қўйилганди.
Ҳозирда суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан Қарши туман прокурори томонидан киритилган протест Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилмоқда.
Мавзуга оид
13:53
Янгийўлда бир оиланинг 5 аъзосини ўлдирган шахс умрбод озодликдан маҳрум қилинди
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
11:25 / 21.11.2024