Жаҳон | 17:43 / 20.07.2020
19655
6 дақиқада ўқилади

Беларусдаги сайлов: Минскда Лукашенконинг рақиблари бирлашди, митингига минглаб кишилар йиғилди

Минскда Беларусь президентлигига мухолиф номзод бўлмиш Светлана Тихановскаянинг илк йирик митинги бўлиб ўтди. Унинг ташвиқот акциясига бир неча минг киши йиғилди - бу ушбу мамлакатда сўнгги вақтларда мухолифатчиларнинг энг йирик чиқиши бўлди.

Тихановская ўтган ҳафтада президентликка номзод сифатида тасдиқланганди. Қонунчиликка кўра, у энди ташвиқот кампаниясини олиб бориши ва сайловчиларга ўз дастури ҳақида сўзлаб бериши мумкин бўлган. Айнан шу туфайли митинг ташвиқот пикети каби ўтди ва ҳукумат бунга рухсат берди.

Беларусда президентлик сайловлари 9 август куни ўтказилади, мамлакатни 1994 йилдан буён бошқариб келаётган амалдаги президент Александр Лукашенко навбатдаги сайловларга ҳам номзодини кўрсатган.

«Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази маълумотига кўра, акцияда 7,5 минг киши иштирок этган. Марказнинг твиттердаги саҳифасида жойлаштирилган дрон орқали олинган суратлар ҳам митингнинг кўлами ҳақида тасаввур бера олади.

Акция давомида Тихановская беларус сайловчилари зарурат туғилса ўз овози учун курашишга тайёр бўлиши кераклигини айтиб ўтган. «Ҳукумат овозларни сохталаштиришга уринади, аммо биз бу сафар ўз овозимизни назорат қилишимиз мумкин. Халқ диванидан кўтарилиши ва ўз овозини ҳимоя қилиши керак», - дея президентликка номзоднинг сўзларини келтирмоқда ТАСС агентлиги.

Воқеа жойидан трансляция уюштирмоқчи бўлган ОАВ вакилларининг маълум қилишича, митинг ўтказган майдонда мобил интернет сигналлари йўқолиб қолгани ҳақида хабар қилган шу туфайли жонли эфирлар узилиб қолган.

Асосий рақиб
Тихановскаянинг турмуш ўртоғи - машҳур блогер Сергей Тихановский - май ойи охиридан буён тергов изоляторида ётибди, уни жамоат тартибини бузишда айблашган. Аввалига унинг ўзи президентлик сайловларида иштирок этмоқчи бўлганди, аммо навбатдаги жонли эфирларидан биридан кейин уни қўлга олишганди, натижада унинг ўрнига рафиқаси сайловларда иштирок этишини маълум қилди.

Тихановская сайловни ҳимоя қилишга тўғри келиши мумкинлиги ҳақида гапирди

Тихановскаянинг президентликка номзод сифатидаги биринчи чиқиши тергов изоляторида эрининг устидан мазах қилишни бас қилиш талаби бўлганди. Адвокатларнинг хабар беришича, Сергей Тихановский ҳибс вақтида уч марта карцерга қамалган - аввалига у дераза токчасида ўтиргани учун жазоланган; кейин соқчилар у жойлаштирилган камерада ўргимчак ини топишгани учун; учинчи сафар - соқоли қиртишлаб олинмагани учун.

Тихановская эндиликда президентлик сайловларида Лукашенконинг асосий рақиби бўлади. Амалдаги президентга жиддий рақобат кўрсатиши кутилган яна икки номзод сайловда қатнашмайдиган бўлди - Белгазпромбанкнинг собиқ раҳбари Виктор Бабарико ва Юқори технологиялар парки асосчиси Валерий Цепкало. Бабарико айни вақтда ўғли билан панжара ортида ўтирибди - уларни иқтисодий жиноятларда айблашмоқда.

Якшанба куни Тихановская ўз турмуш ўртоғи ҳақида ҳам, бошқа мухолифатчилар ҳақида ҳам гапирди.

«Ҳукумат Сергей Тихановскийни рўйхатдан ўтказишмади, кейин Валерий Цепкало ва Виктор Бабарикони ҳам. Биласизми нега? Чунки улар бу инсонларда ҳокимиятга таҳдид кўришган. Улар ўз ҳокимиятларига таҳдид номзодларда эмас, балки халқда эканини тушунишмайди. Қўрқув ва камситилиш бу халқнинг жонига теккан», деган у Минскдаги акциядан бироз аввалроқ Дзержинск шаҳрида уюштирилган пикет вақтида.

«Оқ ранг эркинликни ифодалайди»
Ўтган ҳафта охирида Цепкало ва Бабариконинг штаби Тихановскаянинг номзодини қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Якшанба куни Минскда ўтказилган пикетда яна икки аёлни кўриш мумкин эди, булар - Бабариконинг штаби раҳбари Мария Колесникова ва Валерий Цепкалонинг рафиқаси Вероника.

Вероника Цепкало мухолифат тарафдорларини сайлов куни участкаларга оқ билагузук таққан ҳолда келишга ва бу орқали ўз позициясини очиқ-ойдин намойиш этишга чақирди.

«Оқ ранг эркинликнинг, нимадир янгилик қилишнинг рамзидир. Шундай билагузукларда бўлганлар амалдаги ҳокимиятга қарши бўлганлардир», дея Цепкалонинг сўзларини келтирган «Интерфакс» агентлиги.

26 йилдан буён Беларусда ҳокимият тепасида қолаётган амалдаги президент Александр Лукашенко мамлакат аҳолисининг катта қисмининг қўллаб-қувватловига эгалигини таъкидлашда давом этмоқда, ҳолбуки ижтимоий сўровлар бунинг аксини кўрсатади.

Александр Лукашенко Тихановскаянинг номзодлиги ҳақида фикр билдириб, бу иш аёллар учун эмаслигини айтган. «Бизнинг конституция шундайки, бу иш ҳатто эркаклар учун қийин. Бизда жамият аёл киши учун овоз бериш даражасида пишгани йўқ», деган Лукашенко. Шу билан бирга, аёлларни ҳурмат қилишини қўшимча қилган. «Агар аёллар бўлмаганида, мен президент бўлмасдим», деган у.

Якшанба куни Лукашенконинг матбуот котиби Наталья Эйсмонт президент шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Буни кутманг», - деди у «Эхо Москва» эфирида 17 июль куни Лукашенко Минскда Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувдан кейин шифохонага ётқизилгани тўғрисида тарқалган хабарга изоҳ бериб.

BBC мухбири воқеа жойидан хабар беришича, якшанба куни Минскдаги митинг жойида формадаги милиция ходимлари кўринмаган. Шу билан бирга, ташкилотчилар келганлардан майдонда икки соатдан ортиқ вақт давомида қолмасликни сўраган - ҳукумат тадбир учун айнан шунча вақт берганди.

Митингдан кейин одамлар тарқала бошлашган, Минск кўчаларидаги машиналар уларни олқишлаб, сигнал чалишган.

Мавзуга оид