Ўзбекистон | 02:42 / 20.07.2020
19091
5 дақиқада ўқилади

«Даволаш тест жавоби чиқмасданоқ бошланмоқда» — Сурхондарёдаги пандемик вазият бўйича маълумот берилди

Сурхондарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустам Пардаев вилоятдаги пандемик вазият ҳақда ахборот берди ва аҳолидан тушаётган мурожаатларга эфир орқали жавоб қайтарди.

Пардаевга кўра, Сурхондарёда жами 195та тез тиббий ёрдам автомашинаси мавжуд. Тез ёрдам машиналари етишмаётгани сабабли эҳтиёжни қоплаш мақсадида шифокорлар, жисмоний шахсларнинг автомашиналарини шартнома асосида жалб этиш йўлга қўйилган. Ҳозиргача 50 автомашина тез тиббий ёрдам учун ташкил этилган. Яна ташкил этиш давом этмоқда.

Шунингдек, ҳар бир туманда 15та мобил гуруҳлар шакллантирилган. Бу гуруҳларда малакали тиббиёт мутахассислари, СЭО марказлари ходимлари, ИИБ, миллий гвардия вакиллари бор, мазкур гуруҳларга 162та телефон тарқатилган.

ПЗР лабораторияси вилоятда 3та марказда бор. Ҳозиргача 36 040 та тест олиб келинган. Яна 50 000 та буюртма қилинган.

Айни вақтда тест захиралари 12 000 тани ташкил этади. Ҳозирги кунда Шеробод туманида яна бир ПЗР лабораториясини ишга тушириш ишлари кетмоқда.

Коронавирус юқтирган фуқаролар ҳозирда вилоятдаги учта тиббиёт муассасасида даволанмоқда. Бу муассасаларда 270 та ўрин бор. Қўшимча равишда 170 та жой ҳозирланган.

Сурхондарёда коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари сони – вилоят бўйича 1500 нафар.

Вилоятда 594 та дорихона мавжуд. Махсус комиссия томонидан тасдиқланган дори воситаларининг нархлари сунъий тарзда оширилишининг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар томонидан назоратга олинган. Яна 2,6 миллиард сўмлик дорилар олиб келинган бўлиб, ҳудудларга тарқатиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан Россиядан 5 миллиард сўмлик дорилар олиб келинади. Агар яна эҳтиёж пайдо бўлса, қўшимча равишда дорилар келтириш бўйича режа ишлаб чиқилган.

Ҳоким ўринбосари касаллик тарқалишининг олдини олиш нафақат назорат органлари, балки аҳолининг ўзига ҳам боғлиқ эканини, айниқса, бунда жамоатчилик ўрни катталигини эслатиб, аҳолига мурожаат қилди.

Нафақат аҳоли ўртасида, ҳаттоки тиббиёт ходимлари орасида ҳам карантин қоидалари қўпол тарзда бузилаётганига мисол келтирди.

«Жорий йил 11 июль куни Термиз шаҳридаги онкология диспансерида ходимлар тушлик вақтида жамоавий тарзда туғилган кун тадбирини ўтказишган. Ушбу ҳолат тегишли идоралар томонидан ўрганилиб, қатъий чоралар кўрилди.

Жами 17 кишига 78 миллион сўмлик жарима жазоси тайинланди. Биз аҳолидан карантин қоидаларига амал қилишни сўраётган бир вақтда тиббиёт ходимлари ўртасида бу каби ҳолат содир бўлиши ачинарли ҳол, албатта», – дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустам Пардаев.

Карантин даврида ишсиз қолган, хусусан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш муҳим экани таъкидланиб, бу бўйича ҳам ахборот берилди.

«Озиқ-овқат тақчиллиги юзага келмайди, деб бемалол айта оламиз. Биргина ғалла маҳсулоти омборларда 300 минг тонна жамғарилган. Бу фермер ва деҳқонларнинг ўзларига қолган ғалладан ташқари 467 минг тонна ғалла йиғиштириб олинган. Сурхондарё вилояти аҳолисининг бир йиллик ғалла истеъмоли – 207 минг тонна.

Воҳадошларга айтмоқчи бўлганимиз: ун ва бошқа асосий истеъмол маҳсулотлари бўйича ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Шунингдек, такрорий экинлар 77 минг гектарга экилган», – деди Пардаев.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоятида пандемия даврида 12 648 та эҳтиёжманд оила аниқланган. Апрель ойидан буён бу оилаларга 19,2 миллиард сўмлик озиқ-овқат, дори воситалари ҳамда бошқа турдаги ёрдам кўрсатилган.

Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўралбой Сафаров ҳоким ўринбосарининг сўзларига қўшимча киритди. Унга кўра, ўзида касаллик аломатлари сезилган бемордан тест олингач, таҳлил натижалари чиқишига қараб ўтирмасдан рентген ҳам олинади.

«Ҳозирги мавжуд рентген ускуналари рақамли бўлиб, бир вақтнинг ўзида натижаларни кўрсатади. Агар ўпкада ўзгариш аломатлари бўлса, ўша вақтнинг ўзида даволаш ишлари бошлаб юборилади», – деди вилоят ССБ бошлиғи ўринбосари.

Таъкидланишича, ҳар бир тумандаги юқумли касалликлар шифохоналарига РЛ аппаратлари ва аксигинаторлар, керакли замонавий ускуналар олиб келинган. 17 июль куни 90та замонавий аппарат келтириб берилган.

«Беморлар Тошкентдаги мутахассислар билан Zoom дастури орқали консилиум қилинмоқда. Шу тарзда 20 нафар бемор оғир даражадан чиқаришга эришилди», – деди Ўралбой Сафаров.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусга чалинган. 50 ёшли функционер Тошкентда COVID-19`дан даволанаётгани 18 июль куни маълум бўлганди.

Мавзуга оид