Ўзбекистон | 16:37 / 20.07.2020
56002
2 дақиқада ўқилади

Пневмония кузатилса-да, тест жавоби манфий чиқаётган ҳолатларга изоҳ берилди

Ўпка яллиғланиши кузатилаётган айрим фуқаролар коронавирусга тест топширганда таҳлил натижаси манфий чиқмоқда. Бунда тест таҳлилининг тўғрилигига шубҳа уйғонмоқда. Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов бу борада изоҳ берди.

Фото: iStock

«Шуни айтиш мумкинки, ҳозирги кунда шамоллаш ёки ўткир респиратор касаллик аломатлари бор кўпчилик фуқаролар ўзлари хусусий клиникаларга ёки туман СЭСларига мурожаат қилишиб тест топширяптилар. Тест натижаси манфий чиқса ҳам, касаллик симптомлари бор-ку, деб шубҳага тушяптилар. Шунинг учун тест топширишдан олдин инфекционист кўригидан ўтиш керак.

Терапевт-инфекционист кўригидан ўтган кишида касаллик аломатлари бўлса ва эпидемиологик кўрсатма берилса, уни коронавирусда гумон қилиб текшириш мумкин. Коронавирус пандемиясидан олдин хам аҳоли ўртасида оддий шамоллаш ҳолатлари кўп бўлган, шу жумладан, пневмония ҳам.

Карантин даврида аксарият фуқаролар уйда ўтиришибди, кўчада ҳарорат баланд, уйда эса хонани совутиш учун кондиционерлардан фойдаланишади – ўзлари билмаган холда совуқ хаво таъсирида шамоллаш ҳолати бошланади ёки сурункали касалликларнинг қўзишига олиб келади. Шунинг учун пневмония билан касалланса ҳам, вирус юқтирмагани учун тест натижаси манфий чиқади.

Бундай ҳолатда асосий касалликни даволаш ва вирусдан эҳтиёт бўлиш зарур. Агар вирус юқтирса, касаллик асоратланиб, оғир кечади», – деди Оқилов 20 июль куни АОКАдаги штабда бўлиб ўтган брифингда.

Мавзуга оид