Ўзбекистон | 12:02 / 20.07.2020
35192
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Коронавирусни даволаймиз деб, деярли барча ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари тўлдириб ташланди

Шавкат Мирзиёев талабалар ётоқхоналари ва ёпиқ спорт майдонларини коронавирусга чалинган беморларни жойлаштириш учун мослаштириш ҳақида кўрсатма берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни эрта тонгдан Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемия билан боғлиқ ҳолат ҳамда уни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўриб чиқилган.

«Коронавирусни даволаймиз деб, деярли барча ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари тўлдириб ташланди. Натижада сурункали касаллиги бор беморлар малакали тиббий хизматдан деярли маҳрум бўлди», деди давлат раҳбари.

Муасаддиларга сурункали касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналардаги коронавирусга чалинган беморларни бошқа жойларга, шу жумладан хусусий клиникаларга кўчириш орқали сурункали хасталиги бор беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини қайта тиклаш чораларини кўриш топшириғи берилди.

«Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас. Шу муносабат билан қисқа муддатларда ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун яратилган қўшимча ўрин-жойлар сонини, биринчи навбатда олийгоҳлар ётоқхоналари, ёпиқ спорт майдонлари ва бошқа сиғими катта бино-иншоотлар ҳисобига, камида икки-уч баробарга оширилишини таъминлаш вазифаси қўйилди», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Пандемиянинг салбий оқибатларини жиловлаш ва ҳар бир раҳбарнинг масъулиятини ошириш, фидокорлик кўрсатаётган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ишлари давом эттирилади.

Касаллик ўчоғида ўз жонини гаровга тикиб ҳар бир касални ўлим ёқасидан олиб чиқаётган шифокорларни давлат мукофоти билан тақдирлаш бўйича таклифлар киритиш топшириғи берилди.

Бундан олдинроқ ушбу йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга Тошкент шаҳридаги 75та поликлиниканинг имкониятларини, ушбу муассасаларда фаолият олиб бораётган 3 мингдан ортиқ шифокор ва ҳамширани инфекциянинг енгил ва симптомсиз кечаётган беморларга хизмат кўрсатишга 24 соатлик узлуксиз режимда тўлиқ сафарбар қилиш топшириғи берилгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрининг уч ҳудудида - Учтепа тумани ҳудудидаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ётоқхонасида, Чилонзор тумани ҳудудидаги хусусий клиникада ҳамда Юнусобод туманидаги «Ўзэкспомарказ» кўргазма марказида янги беморлар учун вақтинчалик жойлар ташкил этилганди.

Мавзуга оид