Ўзбекистон | 19:34 / 20.07.2020
7904
2 дақиқада ўқилади

«Тез ёрдам операторларига сифатли хизмат кўрсатилган ҳар бир қўнғироқ учун 1500-2000 сўм бонус берилади» — Тошкент шаҳар прокурори

Сифатли хизмат кўрсатган тез ёрдам бригадаларига эса 100 минг сўмдан бонус берилиши айтилди.

Халқаро пресс-клубнинг 20 июлдаги сессиясида чиқиш қилган Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев шаҳардаги тез тиббий ёрдамга оид янгиликларни санаб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Валиевнинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида мавжуд 170та тез ёрдам машинасига қўшимча равишда 50та Damas, 28та Isuzu машинаcи олиб келинган.

«Тез тиббий ёрдам операторлари штати кўпайтирилди, волонтёрлар жалб этилди. Таътилда бўлиб турган тиббиёт ходимлари, тиббиёт коллежлари талабалари ва ўқитувчилари кўнгилли асосда ишга жалб қилиниб, уларга ойлик тўлов белгиланди.

Шаҳар ҳокими томонидан яна бир яхши иш қилинди: ҳар битта қўнғироққа бонус эълон қилди. Сифатли жавоб берилган ҳар битта қўнғироқ учун 1500 сўм, мурожаатчи суҳбат давомида миннатдорлик билдирган тақдирда яна қўшимча 500 сўм қўшиб бериладиган бўлди.

Тез ёрдамнинг битта экипажида 3 киши ишлайди: ҳайдовчи, ҳамшир ва врач. Уларга махсус варақа берилади. Агар тез ёрдам чақирган фуқаро ўша варақага кўрсатилган хизматдан миннатдорлигини, ходимлар яхши муолажа ва муомала қилганини ёзиб берса, экипажга 100 минг сўм бонус берилади», – деди Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт тез ёрдам тизимида рағбатлантириш қўллана бошлаши ҳақида аввалроқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаев маълум қилган эди.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид